Кўҳна гўшада янги ҳаёт нафаси

21:01 31 Март 2026 Жамият
335 0

Қоракўл — кўп асрлик тарихга эга, табиат ва ресурслар бўйича бетакрор ўлка. Аввало, Қоракўл деганда, беихтиёр кўз ўнгимизда кўҳна Пойкент гавдаланади. Ушбу гўша илму фан, маданият, маърифат, тужжорлар маскани сифатида тилга тушган. Х асрнинг машҳур муаррихи Муҳаммад Наршахий “Байкандни жездан қурилган шаҳар, дер эдилар. У Бухоро шаҳридан қадимийроқдир”, дея қайд этган. Хитой, араб мозийшунослари эса унга “Савдогарлар шаҳри” дея таъриф берган.

Бағрида не-не сиру синоатлар яширин Пойкентдек жавоҳири бўлган Қоракўл айни дамда янгиланишлар оғушида.

— Абдулкарим ас-Самъонийнинг “Насабнома” асарида айтилишича, Буюк Ипак йўлида жойлашган бу гўшада уч мингта работ бўлган, — дейди санъатшунослик фанлари номзоди Қорёғди Жумаев. — Биргина VIII — XIII асрлар оралиғида Пойкентдан 900 нафардан зиёд олимлар етишиб чиққан. Улардан бири — Абу Абдуллоҳ Фазл ибн Абул Фазл ал-Пайкандийдир. Бу улуғ аллома Дамашқ мадрасаларида мударрислик қилган. Минглаб ҳадисни ёд билган.

Ана шундай закий фозилу уламолардан авлодларга бой мерос қолган. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Археология институти ва Россия давлат Эрмитажининг Бухоро экспедицияси археологлари томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар натижасида шаҳар харобаларидан юзлаб ноёб ашёлар топилди.

Уларнинг 2200 тадан кўпроғи Пойкент музейида сақланмоқда. Биз бу ўринда Марказий Осиёда металлга ишлов берувчи энг қадимий устахона (хумдон) топилганини, музейдаги экспонатлар орасида эса жарроҳлик асбоблари ҳам борлигини айтиш билан чекланмоқчимиз. Ҳали тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино (980 — 1037 йиллар) дунёга келмаган пайтлардаёқ Пойкентда беморларни жарроҳлик йўли билан даволашганига нима дейсиз?

“Оққан дарё оқмай қолмас”, дейишади. Шу замин фарзандлари бўлган ёшлар бугун дунёнинг номдор университетларида таҳсил олишмоқда, юртимизнинг нуфузли идоралари, корхоналарида меҳнат қилишаётир. Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Тўхтамурод Жумаев шогирдлари билан бой тажрибасини баҳам кўраркан, “Зиммамизда улуғ аждодларга муносиб ворис бўлмоқ масъулияти бор” деганида, худди шундай кунларни назарда тутгани айни ҳақиқат. Ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларидан совринсиз қайтмаган, давлатимиз раҳбари томонидан “Бугунги кунимизнинг ҳақиқий маърифатпарвари, давримизнинг Авлонийси, Беҳбудий домласи, Мунавварқориси!” дея таърифланган устоз бугун орамизда бўлмаса-да, лекин у асос солган билим даргоҳи “халқаро математика мактаби” мақомини олгани, туманда Ҳиндистоннинг Ачаря халқаро университети фаолияти йўлга қўйилгани аждодларга муносиб издошлар етишиб чиқаётганидан далолат.

Қоракўл академик лицейи мисолида оладиган бўлсак, билимга чанқоқ ўғил-қизларнинг кўнглига йўл топиш, уларга қизиқиш ва иштиёқларини инобатга олган ҳолда ёндашиш ютуқлар гарови бўлмоқда. Талабчан устозларидан меҳр кўрган ёшлар ўқиш, изланишни канда қилишмаяпти. Хусусан, ўтган ўқув йилида бу билим даргоҳи битирувчиларининг барчаси талабалик бахтига муяссар бўлди. 191 нафари, яъни 95 фоизи давлат гранти асосида ўқишга кирди.

— Бизда “Устоз — шогирд” анъанаси мустаҳкам қарор топган, — дейди лицей директори Ғолиб Жумақулов. — Педагоглар ҳам, ўқувчиларимиз ва уларнинг ота-оналари ҳам давлатимиз томонидан яратиб берилган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиш кераклигини чуқур ҳис этади. Ёшларнинг билимини чархлаб бориш эвазига айтса арзигулик натижаларга эришяпмиз. Масалан, ўтган ўқув йилида битирувчиларимизнинг 95 фоизи миллий ва халқаро даражадаги сертификатларни қўлга киритиб, ишончимизни оқлади. Улар мамлакатимиз ва жаҳоннинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсилни давом эттирмоқда.

Шубҳасиз, иқтисодиёт тармоқлари учун ана шундай салоҳиятли, рақобатбардош кадрлар керак. “Қоракўл” иқтисодий зонасида ҳозир замонавий билимларни чуқур эгаллаган ўнлаб маҳаллий ёшлар меҳнат қилмоқда. 500 гектар майдондан иборат бу ҳудуднинг яқин-яқингача дашту биёбон бўлганига ақл бовар қилмайди. Кичик шаҳарча, шинам офислар, равон йўллар, чумолидек тизилган қудратли автоуловлар бу ердаги бунёдкорлик ишлари кўлами кенглигидан дарак беради.

Бу ерда Қоракўл учун брендга айланадиган саноат корхоналари барпо этилмоқда. Улардан бири — газ-кимё комплексини қуриш ва шу йўналишда технологик кластер тузиш лойиҳасидир. Қиймати 5 млрд. АҚШ долларига тенг бу мегалойиҳа минтақа учун жуда ноёб саналади. Гап шундаки, қурилиши 2028 йилда якун топиши кутилаётган корхонада йилига 2,1 млрд. метр куб газ қайта ишланиб, ундан ўндан зиёд турдаги маҳсулотлар тайёрланади.

— Қоракўл Қоракўл бўлиб илгари бунақанги йирик саноат корхоналарини кўрган эмас, — дейди “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Беҳбуд Жумаев. — Биргина Қоракўл маҳалласида метанолдан олефин олиш технологиясининг ишга туширилиши эвазига икки мингтага яқин иш ўринлари яратилди. Бу замонавий билимларни эгаллаган ёшларимиз учун имконият, ўнлаб оилаларнинг фаровон яшаши, орзулари рўёби сари қўйилган қадам саналади. Узоқ йиллар маҳалла тизимида ишлаганим учун яхши биламан: саноат кириб борган жойда муаммолар ечими осон топилади.

Беҳбуд аканинг маҳалладан сўз очиши бежиз эмас. Улар ҳар бирининг ўзига яраша қувончу ташвиши бор. Мана, Полвонлар маҳалласини олайлик. Уни туман марказидан 20 километрлик масофа ажратиб туради. Ўн йилча муқаддам бу манзилга боргани юрак бетламасди.

— “Обод маҳалла” дастури шарофати билан у кунлар ўтмишга айланди, — дейди маҳалла раиси Малика Ражабова. — Йўллар асфальт қилинди, ён-атроф ободонлаштирилди. Турли хизмат кўрсатиш шохобчалари, шинам тураржойлар қад ростлади. Тикувчилик корхонаси иш бошлаб, ўнлаб аёлларимизнинг бандлиги таъминланди. Давлатимиз томонидан 15 млрд. сўм маблағ сарфланиб, кураш маркази барпо этилди. Маҳалламиз тарихида илк бор марказлаштирилган ичимлик суви таъминоти йўлга қўйилди.

Суҳбатдошимизнинг ичимлик суви масаласига алоҳида урғу бергани бежиз эмас. Негаки, Қоракўл ҳамда қўшни Олотда бу азалдан долзарб масала бўлиб келган. Ҳукуматимизнинг халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида бу борадаги аҳволни яхшилашга қаратилган лойиҳаси айни муддао бўлди. Зеро, аҳвол чиндан ҳам ташвишланарли, аҳолининг атиги 7 фоизи марказлаштирилган сув билан таъминланганди. Қисқа муддатда мазкур кўрсаткич 90 фоизга етказилди. Аммо бу ҳали чегара эмас. Айни дамда олтита маҳалладаги салкам 2500 истеъмолчига ҳисоблагичлар ўрнатилиб, тест йўсинида ичимлик суви етказиб берилмоқда. Мазкур лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, аҳолининг марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 99,7 фоизга етади.

Энди ташима сувни қўлбола қудуқларда сақлаб, 20 — 30 кун давомида истеъмол қилиш ўтмишда қолди.

— Ҳаётимиздан мамнунмиз, — дейди Бандбоши қишлоғида умргузаронлик қилаётган А. Жумаев. — Йўлларимиз равон, турмушимиз фаровон. Мактаб, боғчалардаги шарт-шароитларни кўриб, ўзимизнинг ҳам ҳавасимиз келади. Қурилиш, бунёдкорлик ишлари нафақат туманимиз маркази, балки чекка қишлоқларни ҳам қамраб олган.

Аҳоли учун қулайликлар яратиш мақсадида Қоракўлда инфратузилма объектлари ҳам кенгайтирилмоқда. Биргина 2025 йилда 480 млрд. сўм миқдоридаги маблағ эвазига мактаб, мактабгача таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш ва спорт объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилгани, шунингдек, 96 километр йўл обод этилгани, 270 километр узунликда ичимлик суви тармоғи тортилгани, 142 та хонадонга мўлжалланган 6 та кўп қаватли уй барпо этилгани, “Янги Ўзбекистон” массиви файзига-файз қўшилаётгани, 26 та маҳалла ишсизликдан холи ҳудудга айлангани, камбағаллик даражаси 12 дан 2,1 фоизга туширилгани бу фикрни тасдиқлайди.

Кейинги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасини ўз ҳаётлари мисолида кўриб, ҳис этиб турган қоракўлликлар ҳали олдинда ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам борлигини билишади, албатта. Ишсизликка барҳам бериш, тадбиркорликни янада ривожлантириш, ёшларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш шулар қаторига киради. Президентимиз томонидан Олий Мажлис ва халқимизга йўлланган, юртимизнинг ҳар бир фуқароси ҳаётига дахлдор масалалар қамраб олинган Мурожаатнома бу борада, ҳеч шубҳасиз, дастуриламал вазифасини ўтайди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер