Бу юрт шундай гулу райҳонлар юрти!
Ниҳоллар кундан-кун кўрсатмоқда бўй,
Бунда ҳукм сурар тинчлик, ёруғ ўй,
Нафаси ҳузурбахш, бетакрор хушбўй,
Бағишлар қалбларга сўнмас сурурки,
Бу юрт шундай гулу райҳонлар юрти!
Аждодлар сабоғин олган ҳар чаман,
Ҳар чинор, ҳар терак, ҳар бир ёсуман,
Бугун бўлмиш ахир муаззам Ватан,
Улуғвор мақсадлар бошлаган йўлки,
Бу юрт шундай гулу райҳонлар юрти!
Яшил — яшнамоғу яшамоқ рамзи,
Яшилликка тўлди ўлкам ҳар фасли,
Бу саодат асри, эзгулик асри,
Бахш этар юракка фахру ғурурки,
Бу юрт шундай гулу райҳонлар юрти!
Кўкламнинг ишқида мавжланар ҳар ёқ,
Орзуси мусаффо, толеи порлоқ,
Янги Ўзбекистон боғларига боқ,
Чиройга тўлишиб борар ҳар йилки,
Бу юрт шундай гулу райҳонлар юрти!
Бир тарафда водий, воҳа бир тараф,
Борадир нурафшон манзилга қараб,
Яшайди ҳурлигин гул мисол асраб,
Ҳар бир гўшасида яйрагай элки,
Бу юрт шундай гулу райҳонлар юрти!
Гулламоқ бахтидан севинган Орол,
Тўлади боғларга, очади жамол,
Кўксига қадалган ҳар битта ниҳол,
Бўлади дилдоши, шундай ҳузурки,
Бу юрт шундай гулу райҳонлар юрти!
Дунёнинг боғлари бошланар шундан,
Шу нурли тилакдан, шу сахий кундан,
Оддий ҳақиқатни англа бугундан,
Халқим туйди буни, минг-минг шукурки,
Бу юрт шундай гулу райҳонлар юрти!
Улуғ ҳис йўқ Ватан муҳаббатидан,
У яшнар инсоннинг марҳаматидан,
Бир бунёдкор Қалбнинг ҳароратидан,
Ортар диёримда гулшанлар кўрки,
Бу юрт шундай гулу райҳонлар юрти!
Бағридан ҳамиша бахт таратгувчи,
Гўзаллиги ила дил қаратгувчи,
Яхшилар сафида боғ яратгувчи,
Ҳар дарахти бўлгай кўнгилнинг мулки,
Бу юрт шундай гулу райҳонлар юрти!
Бор бисотин фарзандига атаган,
Ўзбекистон, ўзим кетай садағанг!
Яхши ният ила кўчат қадаган,
Нур ёғар қалблардан, шундайин нурки,
Бу юрт шундай гулу райҳонлар юрти!
Элим, огоҳ айлаб башариятни,
Чорла яхшиликка, покла ниятни,
Унутмасин токи бу қадриятни:
Ҳар новда — келажак, бугундан улги,
Бу юрт шундай гулу райҳонлар юрти!
Ўткир РАҲМАТ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг