Китобхонлик – миллий юксалишнинг стратегик асоси
Инсоният тамаддуни тарихига назар ташласак, ҳар қандай буюк давлат ва қудратли миллатнинг юксалиши бевосита илм-фан ҳамда мутолаа маданияти билан боғлиқлигини кўрамиз. Бугунги шиддатли глобаллашув ва ахборот хуружлари асрида миллатнинг маънавий иммунитетини сақлаш, уни интеллектуал жиҳатдан рақобатбардош қилишнинг ягона ва муқобилсиз йўли – китобхонликдир. Китоб шунчаки ахборот манбаи эмас, у қалбни покловчи, тафаккурни кенгайтирувчи ва инсонни ўзлигини англашга етакловчи маънавий маёқдир. Шу боис, бугун юртимизда китобхонликни тарғиб қилиш масаласи шунчаки маърифий тадбир эмас, балки миллий хавфсизлик ва стратегик ривожланишнинг ажралмас қисмига айланди.
Миллий адабиётимизнинг забардаст вакили Ойбек «Навоий» романида ҳазрат Алишер Навоийнинг давлат бошқарувидаги илк ва энг муҳим қадами сифатида улкан кутубхона барпо этишни режалаштирганини бежиз тасвирламаган. Навоий назарида, илм аҳли – хаттотлар, шоирлар ва олимлар жам бўлмаган юртда адолат ва тараққиёт барқарор бўла олмайди. Бу анъана бугун янгича мазмун билан давом этмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз президентлик фаолиятининг дастлабки йиллариданоқ миллат маънавиятини юксалтиришни устувор вазифа этиб белгилади. 2017 йил 12 январдаги тарихий фармойиш ҳамда 2020 йил 14 декабрдаги миллий дастурнинг қабул қилиниши Ўзбекистонда «Китобхон миллат» ғоясини янги босқичга олиб чиқди.
Замонавий жамиятнинг энг оғриқли нуқталаридан бири ёшларнинг виртуал оламга, юзаки ва вақтинчалик қизиқишларга асир бўлиб қолаётганидир. Китобдан узоқлашиш инсонни моддиятга ружу қўйишга, маънавий қашшоқликка ва пировардида жаҳолатга етаклайди. Бугунги кунда жамиятимизда учраётган кўплаб ижтимоий иллатлар – жиноятчилик, фирибгарлик ва лоқайдликнинг туб илдизи мутолаасизликка бориб тақалади. Зеро, китоб ўқиган инсоннинг қалби меҳр-оқибат, андиша ва юксак одоб билан нурланган бўлади. Тарихимизда «Ўткан кунлар» каби дурдона асарлар тақиқланган суронли йилларда ҳам халқимиз уларни ёд олиб, қалбида сақлагани бизнинг нақадар китобсевар миллат эканимиздан далолатдир.
Ҳукуматимиз томонидан илгари сурилган «5 муҳим ташаббус» доирасида амалга оширилаётган ишлар, айниқса, «Ёш китобхон» ва «Ёш китобхон оила» танловларининг йўлга қўйилиши жамиятда ўзига хос маънавий инқилоб ясади. Ғолибларга топширилаётган автомобиллар ва бошқа юксак мукофотлар ёшлар ўртасида китобга бўлган қизиқишни моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантирмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар 2020-2025 йилларга мўлжалланган миллий дастур билан ҳамоҳанг равишда жаҳон адабиётини таржима қилиш, нашриётлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳудудларда замонавий ахборот-кутубхона марказларини ташкил этишни кўзда тутади.
Бобокалонларимиз китобни дунёдаги энг олий мерос деб билишган. Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси» асарида буюк астроном Мирзо Улуғбек ўзининг беқиёс салтанатидан олтину кумушни эмас, балки ҳаётининг мазмуни бўлган илмий қўлёзмаларни – ўз хазинасини Али Қушчига омонат қолдиргани тасвирланган. Бу ҳақиқий маънавий васиятдир. Шунингдек, Абу Али ибн Синонинг даволаш эвазига сарой кутубхонасидан фойдаланишни сўраши ёки Александр Пушкиннинг вафот этар чоғида китоблари билан хайрлашиши инсоният тамаддунида китобнинг ўрни беқиёслигини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, китобхонлик бу шунчаки ўтмишга эҳтиром эмас, балки порлоқ келажак учун қўйилган энг мустаҳкам сармоядир. Агар биз миллат сифатида дунё саҳнасида муносиб ўрин эгаллашни, фарзандларимизни комил инсон қилиб тарбиялашни истасак, ҳар бир хонадонда китоб жавонини муқаддас масканга айлантиришимиз лозим. Зеро, китоб ўқиган миллат ҳеч қачон завол топмайди, унинг маънавий қудрати ҳар қандай моддий бойликдан устун бўлиб қолаверади.
Нигора Тўхтақулова,
Самарқанд давлат университети
Фольклоршунослик ва диалектология йўналиши магистри.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг