Ким ҳақ: ҳайдовчими, йўловчи?

17:25 03 Сентябр 2025 Жамият
95 0

Бугун шаҳарларимизда “Ақлли” бекатлар ўрнатилмоқда. Бу қанча туришини билмаймиз, лекин кўпайиб бормоқда. Аммо автобус бекатларида фавворали саройлар қурсак ҳам агар маданият бўлмаса бефойда.

Термиз шаҳрида ҳам кўплаб замонавий автобус бекатлар қурилган. Йўловчилар учун қулай шароитлар, кутувчи павильонлар, ўриндиқлар, чиқинди қутилари, ҳатто баъзи бекатларда шинам кутубхоналар ҳам ташкил этилган. Тўғри, бу яхши. Муаммо шундаки, бу имкониятлардан фойдаланиш маданияти ҳали бизда шаклланмаган. Йўловчилар учун махсус ажратилган жойлар туриб, одамлар ўттиз, қирқ қадам нарида автобусни тўхтатишга ҳаракат қилади. Ҳайдовчи кунлик режани топшириш учун уларга тўхташга мажбур. Лекин ҳар қадамда йўл ўртасида тўхтаб ўтиши нафақат ҳаракат хавфсизлигига таҳдид, балки йўлдаги барча ҳаракат иштирокчиларига ноқулайлик туғдиради.

Баъзида эса бекатлар атрофини такси ҳайдовчилари ва маҳаллий машиналар эгаллаб олади. Тўхтаб турган машиналар туфайли ҳайдовчилар ҳам, йўловчилар азобланади. Бу на транспорт тизими, на инсон салоҳияти, на йўл қоидалари нуқтаи назаридан тўғри эмас. Бундай вазиятларда асосий оғриқни ҳис этаётган қатлам — бу ҳайдовчилар. Улар шаҳар инфратузилмасининг жонли “двигатели” бўлса-да, афсуски, бугун айнан улар энг оғир шароитда меҳнат қилмоқда. Хўш, бу борада ким ҳақ: ҳайдовчими, йўловчи?

— Ишимиз эрталаб соат 6:30 да бошланади. Кечқурун 20:00 гача йўлдамиз, – дейди термизлик автобус ҳайдовчиси Шавкат Валиқулов. – Узоқ йиллардан бери Термиз шаҳрида автобус ҳайдайман. Ҳар куни бир хил ҳолат: одамлар бекат борлигини билиб туриб ҳам унга эътибор қилмайди. Кўчами, маҳаллами ёки тор йўлакми, қаердан чиқса, ўша жойдан қўл кўтаради. Тўхтамасак автобус ортидан югуради ёки овозини борича бақиради. Йўл ўртасида тўхтасак, машиналар тирбанд бўлади. Ҳар икки томонга яққол муаммо. Айб эса кўпинча ҳайдовчиларда қолади. Кейинги пайтларда дуч келган жойдан одам олиш тобора қийинлашяпти. Замонавий бекатлар бўла туриб, бундан фойдаланишни билмаслик жамиятимизнинг баъзи бир қисми ўқимаган ва маданиятсизлигидан далолат беради.

Кун бўйи аномал иссиқ ёки совуқда кондиционерсиз автобус рулида ўтиришнинг ўзи бўлмайди. Чарчаймиз, толиқамиз, лекин кимдир кечикяпти, кимдир тушиб қолмоқчи, кимдир шошиляпти — уларнинг ҳар бирининг ҳаёти учун битта ҳайдовчи жавобгар. Рулда ўтирган одам бахтсиз ҳодисаларга йўл қўймаслиги керак. Кейин кунлик план бор. Куни бўйи юрган билан йўловчи олмасак, планни бажаролмаймиз. Бекатда уч киши, йўлда ўн киши қўл кўтариб турса, уларни ташлаб қаёққа борамиз? Тўхташга мажбурмиз. Назаримизда, йўловчиларнинг маданиятини шакллантириш учун ажойиб бир тажриба ўтказилса яхши бўларди. Оммавий равишда кунлик режани топширишимизга бироз вақт енгиллик берилса, шундан фойдаланиб биз маълум бир вақт мобайнида фақат бекатларга тўхтасак, белгиланмаган жойдан одам олмасак, балки шундай қатъийлик билан йўловчилар бекатдан автобусга чиқишга мажбур бўлади. Бекатми бекат, тамом, икки метр бўлсаям автобус тўхтамаслигини тушунади. Ҳар икки томон учун қийин бўлса-да, шу йўл билан аҳоли маданияти шаклланади.

Шавкат Валиқуловнинг бу гаплари нафақат ҳайдовчиларнинг аҳволини, балки бутун транспорт тизимидаги муаммони очиқ кўрсатади. Чунки ҳар қандай тизимдан аввал — инсон туриши керак. Ҳар қандай инфратузилмадан аввал — тафаккур, тартиб, тушунча устувор бўлиши даркор.

Яна бир жиддий муаммо шундаки, Термиз давлат университети шаҳарнинг асосий автомобиль йўли бўйида жойлашган. Университетнинг марказий дарвозаси қаршисида светофор ўрнатилган. Талабалар шу светофорнинг икки томонини ўзбошимчалик билан “бекат”га айлантириб олган. Бу нафақат ҳаракат хавфсизлиги, балки йўлдаги умумий тартиб учун ҳам жиддий хавф туғдиради. Ахир, ундан 100-150 метр нарироқда замонавий, барча қулайликларга эга автобус бекати бор. Афсуски, ўша бекатдан деярли ҳеч ким фойдаланмаяпти. Университетнинг бошланиш қисмида, ўрта нуқтасида ва охирида — жами учта светофор ўрнатилган. Қизиғи, улар тахминан 100-200 метрлик оралиқда жойлашган. Бундай ҳолат тирбандликларнинг ортиши, транспорт оқимининг издан чиқишига сабаб бўлмоқда. Бу муаммони назардан четда қолдирмаслик, йўл инфратузилмасини қайта кўриб чиқиб, зарурат бўлса, светофор ва бекатларнинг ўрни, вазифаси ва самарадорлигини қайта баҳолаш лозим.

Айрим замонавий бекатлар қаровсиз ётибди. Ахир, қанча маблағ эвазига қурилган бекатларни одамларга нафи тегмаса, бундан нима фойда! Уларнинг аҳамияти етарли даражада англанмаётгани туфайли улар абгор ва яроқсиз ҳолатга келиб қолган.

Сурхондарё вилоятида жамоат транспортини яхшилаш мақсадида 2025 йил якунига қадар 100 та замонавий, паст полли автобус олиб келиш, мавжуд 90 та бекатга яна 93 та янги бекат қуриш кўзда тутилган. Бу бўйича Хитойнинг “Zhongtong Bus Holdings Co., Ltd” компанияси билан музокаралар ўтказилган. Аммо энг асосий масала шундаки: янги автобуслар келсин, замонавий бекатлар қурилсин, ҳатто транспорт тизими илғорлашсин — агар одамлар улардан оқилона фойдаланмаса, бундай ҳаракатлар қанчалик самара беради? Бу муаммоларни бартараф этиш учун нафақат жисмоний, балки ахлоқий, маънавий ечимлар керак.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, ЙҲХБ ҳамда “Термизтранспортхизмат” МЧЖ бу масалада жипс ҳамкорликда ҳаракат қилиши зарур. Йўлларда махсус камералар ўрнатилиб, автобуслар GPS қурилмалари орқали масофадан туриб назорат қилиниши керак. Белгиланмаган жойда тўхтаган ҳайдовчиларга нисбатан жарималар қўллаш, бундай ҳаракатга қўл урган пиёдаларга нисбатан ҳам таъсирчан чоралар кўриши лозим. ЙҲХБ томонидан махсус рейдлар ташкил этиш бу йўлда муҳим қадам бўлади. Бундай вазиятда барча жавобгарликни фақат давлат идоралари зиммасига юклаш адолатдан эмас. Жамият ўзгариши, инфратузилма тўғри ишлаши учун ҳар бир фуқаро – у пиёдами, йўловчими, ҳайдовчими ўзининг масъулиятини ҳис этиши керак. Шаҳарнинг ҳар бир кўчаси, ҳар бир бекати — бу фақат темир-бетон иншоот эмас, балки жамиятнинг маданий юзи, тафаккур даражасидир.

Термиз каби тарихий ва стратегик аҳамиятга эга шаҳар учун бундай ҳолатлар нафақат ачинарли, балки уятлидир. Чунки замонавий инфратузилма билан маданий қарашлар уйғунликда ривожланмаса, шаҳар ҳеч қачон равнақ топмайди. Маданиятсиз фойдаланиладиган инфратузилма оқибатда фақат чиройли, аммо эгасиз иншоотларга айланади.

Фарҳод ЭСОНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?