Кичик бир кутубхонанинг чинакам мўъжизаси ёхуд китобхон оиланинг илму маърифатли болалари

13:05 29 Январь 2025 Жамият
229 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Риштон туманида Абдураҳмоновлар сулоласи илму маърифатли, зиёли оила сифатида танилган. Боиси оиланинг янги авлод вакиллари кейинги йилларда дунёнинг турли нуфузли олий таълим муассасаларида ўқиб, ўз соҳаси бўйича самарали фаолият кўрсатмоқда.

Турсунхўжа Абдураҳмонов меҳнат фаолияти давомида тумандаги мактабда ўқитувчилик қилиб, мумтоз ва замонавий адабиётимиз шайдоси сифатида ўз хонадонида кутубхона ташкил этди. Кутубхонада ўзбек ва жаҳон адабиётининг 2 мингдан зиёд нодир дурдоналари, қадимий қўлёзмалар, янги китоблар жамланган. Оиланинг ҳар бир аъзоси қайси касб ёки соҳани танламасин, албатта, бадиий адабиёт ўқийди, мутолаа маданиятини ўрганади.

Файзли ва ораста хонадонга ташриф буюрсангиз, остонадаёқ мўъжазгина кутубхона ва унда тўпланган китоблар ҳузурингизга пешвоз чиқаётгандек бўлади. Миллий қадриятларимизга хос тарзда қурилган уйлардаги бежирим китоб жавонларида терилган маънавий бойликларимиз завқингизни оширади.

— Халқимизга китобхонлик ота-боболардан мерос, — дейди оилавий кутубхона ташаббускори Турсунхўжа Абдураҳмонов. — Қаранг, боболаримиз ҳатто уй томи шиферини ҳам ўқилаётган китобга – китобнинг очилган муқовасига ўхшатиб қурганлари бежиз эмас. Болаликдан китобга меҳр қўйиб улғайган оила фарзандлари асло кам бўлмайди.

Хусусан, бизнинг оилада ҳам китобхонлик муҳити таъсири туфайли фарзандлар ва набираларимиз юртимиздаги ҳамда хориждаги нуфузли олий ўқув юртларини аъло баҳоларга битиришди, ҳозирги кунда айримлари таҳсил олмоқда.

Оиланинг тўнғич фарзанди – Муҳсинхўжа Тошкент давлат университетининг халқаро муносабатлар факультетини тугатиб, Японияда магистратура ва докторантурада ўқиди. Иккинчи ўғил – Ҳамзахўжа Фарғона давлат университетининг иқтисодиёт факультетини битириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси аспирантурасида ўқиди ва номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. У грант асосида Испания давлатида уч йил малака ошириб, яна юртимизга келиб нуфузли вазифаларда ишламоқда. Яҳёхўжа Тошкентдаги Ал-Бухорий номидаги олий маҳадни тугатиб, Тошкент ислом университети магистратурасида таҳсил олди. Оиланинг эркатой қизи – Бадалпошшо Фарғона давлат университети инглиз тили факультетини битириб, Буюк Британияда малака ошириб келди.

Қувонарлиси, оиладаги китобхонлик маданияти, мўъжазгина кутубхона набираларга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Набиралар Гавҳарпошшо Тошкентдаги Вебстер университетининг халқаро муносабатлар факультетини, Бегимпошшо Тошкент давлат молия институтининг магистратурасини тугатган бўлишса, Муаззампошшо Тошкент давлат иқтисодиёт университети магистратурасида ўқимоқда. Нуруллоҳхўжа Тошкент тиббиёт академияси талабаси, Азимхўжа Фарғона давлат университети хорижий тиллар факультети битирувчиси, Аброрхўжа Фарғонадаги Марказий Осиё халқаро тиббиёт университети 3-курс талабаси.

Муҳаййирхўжа Италиянинг Неапол университети тиббиёт факультетини тамомлаб, микрохирургия (нейрохирургия) соҳасида АҚШнинг Пенсилвания тиббиёт университети микрохирургия лабораториясига постдокторантурага қабул қилинди. Илмий тадқиқотларининг якуни арафасида Швейцариядаги Женева университетининг тиббиёт факультети микрохирургия лабораторияси докторантурасида тарихда биринчи ўзбекистонлик тадқиқотчи сифатида ўқимоқда. У Финляндиянинг Хельсинки шаҳрида ўтказилган жаҳон микрохирурглар анжуманига таклиф қилиниб, ўзбекистонлик ёш тадқиқотчи сифатида инсон танасидаги энг мураккаб, яширин томирлар мавзусида маъруза қилди. Муҳаййирхўжа дунё микрохирурглар ҳамжамияти томонидан тиббиётнинг муҳим йўналишидаги ёш, истиқболли тадқиқотчи деб эътироф этилди.

Турсунхўжа ака бугунги кунда “Нуроний” жамғармаси Риштон тумани бўлими раиси, халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати сифатида жамиятимиз равнақ-ривожи, баркамол авлод орзуси йўлидаги эзгу ташаббусларда фаоллик кўрсатиб келмоқда. Ҳар куни ишдан қайтгач, кутубхонада бир муддат мутолаа билан банд бўлади. Набира ва чеваралари, қўшни болаларни ёнига ўтирғизиб, мумтоз ва замонавий адабиёт дурдоналаридан ўқиб беради. Китоб ўқиш истагидаги маҳалладошлари, туман ёшлар, олимлар ва тадқиқотчиларга мамнунлик билан шахсий кутубхона фондидан фойдаланишига рухсат беради.

Бу битта оиладаги кичик бир кутубхонанинг чинакам мўъжизаси. Шундай кутубхоналар юртимиздаги ҳар бир оила, қўйингки, маҳаллада ташкил этилса, унинг самараси нечоғли юксак бўлишини тасаввур қилишнинг ўзи қувонарли. Эзгу мақсадларимиз тўлиқ ижобат бўлиши учун эса бизга Турсунхўжа Абдураҳмонов сингари фидойи маърифатпарвар зиёлилар керак.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?