Кибержиноятчилик — замонавий жамият учун янги таҳдид
Фан ва техника тараққиёти инсоният ҳаётига беқиёс қулайликлар олиб кирди. Бугун деярли ҳар бир фуқаро банк хизматлари, тўловлар, давлат ва хусусий хизматлардан онлайн фойдаланмоқда. Бу эса вақт ва маблағни тежаш, ҳаёт суръатини жадаллаштиришга хизмат қиляпти. Бироқ ҳар қандай тараққиёт сингари рақамли технологиялар ривожи ҳам айрим салбий ҳолатларни юзага чиқармоқда. Улар орасида энг хавфлиси ва жамият учун жиддий таҳдидга айланиб бораётгани — кибержиноятчиликдир.
Кибержиноятчилик — бу ахборот технологиялари, компьютер тармоқлари, мобиль қурилмалар ва интернет хизматларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган жиноятлар мажмуидир. У асосан фирибгарлик, ўғрилик, шахсий маълумотларни қўлга киритиш, шантаж, ҳақорат ва обрўсизлантириш каби жиноий ҳаракатларда намоён бўлади. Афсуски, сўнгги йилларда ушбу турдаги жиноятлар нафақат жаҳонда, балки Ўзбекистонда ҳам кескин кўпайиб бормоқда.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимизда содир этилаётган кибержиноятларнинг аксарияти банк пластик карталари билан боғлиқ. Онлайн тўловлар оммалашгани, банк хизматларининг рақамлашгани бир томондан қулай бўлса, иккинчи томондан фирибгарлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Жиноятчилар ўзларини банк ёки тўлов тизимларининг «расмий вакили» сифатида кўрсатиб, мессенжерлар орқали фуқаролар ишончига киряпти, улардан карта реквизитлари, тасдиқ кодлари ёки шахсий маълумотларни алдов йўли билан қўлга киритяпти.

Статистик маълумотларга кўра, сўнгги тўрт йил ичида фуқаролар кибержиноятлар оқибатида қарийб 1,9 трлн сўм миқдорида моддий зарар кўрган. Айниқса, Тошкент шаҳрида кибержиноятлар улуши юқори бўлиб, уларнинг 40 фоиздан ортиғи пойтахт ҳиссасига тўғри келмоқда. Бунинг сабаблари ҳам мавжуд: аҳоли зичлиги, тўлов ташкилотлари ва банкларнинг марказий офислари шу ерда жойлашгани, республика бўйича чиқарилган банк карталарининг катта қисми айнан Тошкентда фаол қўлланилаётганидир.
Афсусланарли томони шундаки, киберфирибгарлик қурбонларининг катта қисмини 40 ёшдан 80 ёшгача бўлган фуқаролар ташкил этмоқда. Улар кўпинча ахборот технологиялари бўйича етарли билимга эга эмаслиги, ишончувчанлиги ёки шошма-шошар қарор қабул қилиши сабабли фирибгарлар тузоғига тушиб қоляпти. Банк картаси маълумотларини бошқаларга ошкор қилиш, шубҳали ҳаволаларни очиш, номаълум шахсларга тасдиқ кодини айтиб бериш каби хатолар оғир молиявий йўқотишларга олиб келмоқда.
Шу билан бирга, кибержиноятчилик фақат моддий зарар билан чекланиб қолмаяпти. Интернет тармоқларида ҳақорат, туҳмат, шахс шаъни ва қадр-қимматини поймол қилиш, кибербуллинг ҳолатлари ҳам кескин кўпаймоқда. Айниқса, ёшлар ва болалар бундай жиноятларнинг ҳам қурбони, ҳам айрим ҳолларда ижрочисига айланиб қоляпти. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, кибержиноятларнинг 70 фоизи айнан ёшлар томонидан содир этилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар замонавий техника воситалари билан таъминланиб, халқаро тажриба асосида малака оширяпти. Олий таълим муассасалари, мактаблар, ҳатто мактабгача таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда профилактик тарғибот ишлари йўлга қўйилмоқда. Бу эса кибержиноятларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бироқ барча чора-тадбирларга қарамасдан, кибержиноятчиликка қарши энг самарали кураш усули — фуқароларнинг ўз онги, эҳтиёткорлиги ва ахборот маданиятидир. Ҳар бир инсон ўз банк картаси маълумотлари, шахсий маълумотлари ва онлайн фаолиятига нисбатан масъулият билан ёндашмаса, ҳеч қандай техник восита ёки назорат тизими уни тўлиқ ҳимоя қила олмайди. Шу боис фуқаролар ҳеч қачон карта рақамини, амал қилиш муддатини, ПИН ёки СМС орқали келадиган тасдиқ кодини бошқаларга ошкор этмаслиги, шубҳали аккаунтлар ва манбалар билан мулоқотга киришмаслиги лозим.
Хулоса қилиб айтганда, кибержиноятчилик бугунги кунда замонавий жамиятнинг энг жиддий муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Унга қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳам бурчидир. Ҳушёрлик, рақамли саводхонлик ва масъулият — кибержиноятчиликка қарши энг кучли қалқондир. Фақат ана шундагина биз ўзимиз ва яқинларимизни молиявий, маънавий ҳамда ахборот хатарларидан ҳимоя қила оламиз.
Баходир Каримов,
Учтепа тумани ИИОФМБ ХПБ
АТСЖООБ ходими, катта лейтенант
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг