Хўжакўрсинга ўрнатилган қуёш панеллари

Замон тараққий этган сари ҳаётий эҳтиёжларимиздан муҳими ҳисобланган электр энергиясига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Уни тўлақонли қондириш учун муқобил энергия тизимини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинолар томига ўрнатиладиган қуёш панеллари арзон ва экологик жиҳатдан соф маҳсулот ишлаб чиқариши билан ажралиб туради. Мазкур йўналишдаги ишларнинг тизимли ташкил этилиши натижасида Наманган вилоятидаги кўплаб истеъмолчилар қисқа муддатда ўзининг кичик станцияларига эга бўлди.
Биргина жорий йилда 2320 та объектда 44160 киловатт соат қувватли воситалар ўрнатилди. Ижтимоий соҳа муассасалари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли хонадонларида янгиликни жорий этишга манфаатдорлик билан ёндашилаётганини кузатиш мумкин. Чуст, Мингбулоқ, Чортоқ туманларидаги кўплаб таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, фермер хўжаликларида муқобил энергия воситалари ёрдамида ҳосил қилинаётган энергиянинг эҳтиёждан ортган қисми сотилмоқда. Ундан тушган маблағлар ушбу субъектларга қўшимча даромад олиб кирмоқда. Хўш, ҳар жиҳатдан қулай бўлган қуёш панеллари кутилган натижани беряптими? Уларни белгиланган технология талабларига мос равишда фойдаланишга топширишнинг аҳволи қандай?
Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида “Юксалиш” ҳаракати Наманган вилоят бўлинмаси бир қатор ижтимоий соҳа объектларида танлов асосида мониторинг ўтказди. Ўрганилган дастлабки манзил – Давлатобод туманидаги сув спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабига бундан икки йил аввал 500 КВтлик қуёш панеллари ўрнатилганди. Лекин ундан кутилган натижага эришилмади.
– Панеллар тўлиқ комплектацияда ўрнатилган бўлишига қарамай, қайта тикланувчи энергия манбаларининг қуввати пастлиги сабабли спорт мактаби эҳтиёжини қондира олмаяпти, – дейди спорт мактаби директори А. Усмонов. – Баъзи объектларда қурилмани шошма-шошарлик билан ўрнатиб кетилганлиги боис улар иш бермаяпти.
Дарҳақиқат, вилоят марказидаги 5-умумтаълим мактабига ўтган йили 30 КВт кучга эга қуёшли панеллари “Proxima energo” МЧЖ томонидан ўрнатилган. Ўшанда бутун жамоа хурсанд бўлганди. Уларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Бошланишидаёқ етарли қувват бермаган қурилма ҳамон ишламай ётибди. Унинг иммулятор қисми носоз. Мактаб раҳбарлари бу масалада шаҳар мактаб ва мактабгача таълим бўлими қошидаги қурилиш бўлимига қайта-қайта мурожаат қилишларига қарамай аҳвол ўша-ўша. Худди шу сингари 17-умумтаълим мактабига ўрнатилган 30 КВтли қуёш панеллари бор-йўғи уч-тўрт ой қувват берган, холос. Пудратчи “Samo-build-14” масъулияти чекланган жамияти монтаж ишларини сифатсиз бажарган.
– Куз-қиш мавсумида ёмғир сувлари кириб қурилманинг автомат қисмларида қисқа туташувни юзага келтирди, – дейди ўқув маскани хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Х.Ашуров. – Оқибатда қуёш панеллардан фойдаланишнинг имконияти йўқолади.
Монтаж ишларидаги номукаммаллик туфайли шаҳардаги 3 сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам муқобил энергиядан фойдалана олмаяпти. Анчагина объектларда қуёш панеллари ишлаб чиқараётган қувватни сақлаб туришга мўлжалланган аккумуляторлар билан жиҳозланмаганлиги узлуксиз ток етказиб берилиши ҳақидаги ваъдаларни пучга чиқаряпти.
– Бундан икки йил аввал ишга туширилган 20 КВтли қуёш панеллари ўзини оқламади, – дейди Янги Наманган тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 13-оила поликлиникаси бош шифокори И.Боймирзаев. – Қурилма умуман ишламади. Панелларни ўрнатган мутасадди ташкилотга бир неча бор қилган мурожаатларимиз жавобсиз қолмоқда.
– Яхши ният билан ўрнатилган, аммо амалда ишламаётган бундай кичик фотоэлектрик қурилмалар Наманган шаҳридаги 39-ДМТТ, 2-оила поликлиникаси ва бошқа айрим муассасалар томида ҳам номигагина савлат тўкиб турганлиги кузатилди. Эссиз давлатнинг уларга сарфлаган маблағи, – дейди “Юксалиш” ҳаракати вилоят бўлинмаси раҳбари Наргиза Муҳаммадиева. – Айтинг-чи, кенг тарғиб қилинаётган янгиликка айримларнинг бундай муносабати бошқаларнинг ҳафсаласини пир қилмайдими?! Ҳаракатимиз фаоллари шу сингари кўринишларнинг ҳар бирига ҳуқуқий баҳо берилиши керак.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўп, масъулиятни унутган пудратчи ташкилот ишни сифатсиз бажарибди ёки комплектлашмаган қурилмани ўрнатибди, дейлик. Лекин, у фойдаланишга топширилган чоғда қабул қилиб олишга жавобгар бўлган буюртмачилар қаёққа қараяпти? Устига-устак пудратчиларнинг аввалига қуёш панелини роса мақтаб, чала ўрнатгани, кейин аниқланган носозликни бартараф этишдан қочиб юрганига нима дейсиз! Албатта, бунинг жавобини мутасаддилардан кутиб қоламиз.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг