Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ташаббуси билан қурилган Вобкент минорасини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш кўзда тутилмоқда
Фото: "Халқ сўзи"
ХII асрда қорахонийларнинг Бухородаги ноиби Садр Бурхониддин Абдулазиз II даврида бунёд этилган Вобкент минораси ўзининг нозик меъморий ечими билан ажралиб туради. Манбаларда айтилишича, у буюк аждодимиз, Бухородаги Етти пирнинг дастлабкиси саналган Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ташаббуси ва маблағи эвазига қурилган.
Миноранинг ўн равоқли дарчаларидан азон айтилган, тунда эса чироқ ёқиб қўйилган.Бошқача айтганда, минора олис ўлкалардан келаётган савдо карвонлари учун маёқ вазифасини ўтаган. У шаҳарсозлик анъаналарини давом эттиришда ҳам асқатган.Барча йўллар минорага элтади, деган ибора бежиз айтилмаган.
Бухоро муҳандислик-технология институти профессори Мубир Воҳидовнинг ёзишича, ХII сўнгги чорагида Бурхониддин Абдулазиз II Бухорода садр, яъни вақф ишлари бошқарувчиси лавозимига тайинланган.У Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг муридларидан бири бўлган.
Қурилганига 820 йилдан ошган, умумий баландлиги 40,3 метр бўлган, геометрик жиҳатдан машҳур Минораи Калонга ўхшаб кетадиган ушбу обида ерости сизот сувлари ва ташқи динамик таъсирлар оқибатида таъмирталаб аҳволга келиб қолди. Шуни ҳисобга олган Бухоро вилоят ҳокимлиги, вилоят маданий мерос бошқармаси иншоотни реставрация қилиш юзасидан чора-тадбирлар белгилади.
-Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг 2021 – 2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора- тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ, Вобкент минорасини реставрация қилиш ишлари учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 1,2 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган,- дейди вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Ш. Маҳмудов.-Тажрибали мутахассислар иштирокида тайёрланган лойиҳа Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги илмий – эксперт кенгаши томонидан маъқулланди.Ҳозир минорани сифатли реставрация қилишга қодир пудратчи ташкилотни аниқлаш жараёни давом этмоқда.
Дарвоқе, Вобкент минорасини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича ҳам муайян ишлар олиб бориляпти. Зарур ҳужжатлар Умумжаҳон мероси марказига тақдим этилган.Бу нуфузли ташкилотнинг кейинги сессияларида ушбу ҳужжатларнинг кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг