Хорижлик журналистлар “Навоий” ЭИЗга ташриф буюрди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган хорижлик журналистлардан бир гуруҳи “Навоий” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишишди.
Мазкур сафар Республика Ташқи ишлар вазирлиги, Навоий вилоят ҳокимлиги ҳамда “Навоий” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси томонидан ташкил этилиб, унда Афғонистоннинг “Arezu Radio TV”, Буюк Британиянинг “Рейтер” ИА, Эроннинг “Fars news” ИА, Қозоғистоннинг “Казинформ” ХИА, “Хабар” ИА ҳамда “Курсив” газетаси, Хитойнинг “Синьхуа” ИА ва “Цзинцзи Жибао” газетаси, Қирғизистоннинг “Кабар” ИА, Россиянинг “ТАСС”, “Sputnik”, “Интерфакс”, “Фергана.Ру”ИАлари, Туркиянинг “Анадолу” ИА ва “TRT” телерадиокомпанияси ва мамлакатимизнинг “Жаҳон” информация агентлиги ижодий гуруҳлари иштирок этдилар.
Журналистлар дастлаб “Навоий” эркин иқтисодий зонасида фаолияти йўлга қўйилган инвестицион лойиҳалар, бу ерда хорижлик инвесторлар учун яратилган қулайлик ҳамда имтиёз ва имкониятлар, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги билан яқиндан танишдилар.
- ЭИЗда маҳсулотнинг экспортбоплиги, импорт ўрнини босувчанлиги, инновацион янгилиги ва ишлаб чиқаришнинг юқори технологияга асосланганлиги асосий мезонлар этиб белгиланган, - дейди ўз таассуротлари билан ўртоқлашган Афғонистоннинг “Arezu Radio TV” мухбири Абид Аҳмад Басир. – Мазкур мезон барча эркин иқтисодий зоналарга хос ва у албатта ўз самарасини беради. Шунингдек, инвесторларга тақдим этилган инфратизим ҳамда энергия ресурслари ҳавас қилгулик даражада.
Шунингдек, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида матбуот анжумани ўтказилиб, вилоят ҳокимлиги, вилоят божхона бошқармаси, ЭИЗ дирекцияси ҳамда “Навоий” Халқаро аэропорти маъмурияти мутасаддилари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.
- Матбуот анжуманида “Навоий” эркин иқтисодий зонасига сўнгги икки йилда олдинги тўққиз йилга нисбатан кўп инвестиция жалб этилганлиги таъкидланди, - дейди“Fars news” ИА мухбири Шерали Авезматов. – Бу Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлиги тобора ошиб бораётганлигидан далолатдир. Яна бир эътиборли жиҳат, мамлакат раҳбари томонидан вилоятга инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий ҳудуд мақомининг берилишидир. Бу сиёсат сармоядор учун ишлаб чиқаришни хомашё олинадиган ҳудудда ташкил этиши билан қулайлик яратади. Мазкур сафар чоғида эронлик инвесторларнинг ҳам бир қатор лойиҳалар бўйича Навоий вилоятида ишлаётганлиги ниҳоятда қувонарли ҳол. Албатта, бу ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлайди.
Темур ЭШБОЕВ,“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Россия НАТОга ҳужум қилиш учун шай ҳолатда — Бундесвер генерали
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг