Хорижий инвестициялар иштирокида 31 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади

11:54 13 Январь 2021 Иқтисодиёт
1375 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг Инвестиция дастури бўйича умумий қиймати 469,0 млн долларлик 31 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси Матбуот хизматининг маълум қилишича, 2021 йилнинг ўзида жами 327,6 млн доллар ўзлаштирилади, шундан 215,0 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига молиялаштирилади. Ушбу йирик лойиҳалар асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Фарғона, Сурхондарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятларида ҳамда  Тошкент шаҳрида амалга оширилади.

Энг йирик лойиҳалардан бири "Қизилқумцемент" АЖда ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Корхонада умумий қиймати 126 млн доллар бўлган клинкер ишлаб чиқариш янги 4-линияси ишга туширилади. Натижада корхона йиллик цемент ишлаб чиқариш қуввати 2,2 млн тоннага ортиб, жами 5.5 млн тоннага етказилади. Ҳозирда акциядорлик жамиятида қурилиш-монтжа ишлари бажарилмоқда, асбоб-ускуналар буюртма асосида хорижда тайёрланмоқда. Навоий вилоятида шунингдек, "PETRAWOOL" МЧЖ ҚК да базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш (умумий қиймати 18,2 млн доллар), Томди туманида "Мега кварц" МЧЖда кварц қумини қазиб олиш ва қайта ишлаш (умумий қиймати 3,9 млн  доллар) каби лойиҳалар ишга тушурилади.

Мамлакатимизнинг Шимолий ҳудуди бўлмиш Қорақалпоғистон Республикасида қўшимча йилига 1 млн тонна цемент ишлаб чиқариш бўйича "Қорақалпоқцемент" МЧЖ ҚКда қиймати 50 млн АҚШ долларлик йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади, яъни корхонанинг 3-босқичи фойдаланишга топширилади. Бунёдкорлик ишлари амалга оширилгач цемент  ишлаб чиқариш қувватлари 1,4 млн тоннага етади ва 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.  

Фарғона вилоятида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 5 та лойиҳага 50 млн долларлик инвестициялар жалб қилинади. Натижада, "Кнауф Гипс Фергана"  хорижий корхонасида гипсокартон листлари, "Азамат савдо Зиё" ва "Ulugbek export trade" жамиятида мих ва бурама михлар, "Flat Tile" жамиятида керамогранит ва металлогранит, "Agro Impex Valley" жамиятида метал конструкциялар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Саноатлашган Тошкент вилоятида ҳам кўплаб инвестиция лойиҳалари амалга ошириляпти. Хусусан, ҳудудда жорий йилда қуввати 30 минг тонна бўлган кварц қумидан минерал плиталар ишлаб чиқариш имкониятига эга янги корхона ишга тушурилади. Шунингдек, линолеум, автоклав газобетон блоклари, оловбардош ғиштлар, бурама михлар, асфальт ва темир-бетон буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар фойдаланишга топширилади.

“Ориент керамикс” жамияти  томонидан Тошкент шаҳрининг Сергели туманида йилига 9,0 млн. кв. метр керамик плиткалар ишлаб чиқариш имкониятига эга янги корхона барпо этилмоқда. Шунингдек, пойтахтда "АЛМУС" жамиятида ҳам 6,0 млн доллар инвестиция ҳисобига  ёғоч қиринди плиталарни ламинация қилиш, "GRAND ROAD TASHKENT" жамияти томонидан табиий пардозбоп тошларни қайта ишлаш орқали йилига 80 минг кв.метр плиталар ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилаяпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер