Хоразмлик йигитлар муддатли ҳарбий хизматга кузатилди

12:11 14 Март 2025 Жамият
84 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Айни кунларда мамлакатимиз Президентининг 2025 йил 29 январдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида»ги қарорига асосан миллий армиямиз сафларига навбатдаги чақирув амалга оширилмоқда.

Урганч шаҳридаги Жалолиддин Мангуберди ҳайкали олдида чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, бўлғуси аскарларга Ватан ҳимояси йўлидаги шарафли хизматларида омад тилади.

— Муддатли ҳарбий хизматга кузатиш тадбири айнан мана шу жойда — Жалолиддин Мангуберди бобомиз ҳайкали пойида ўтказилаётганида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор, — дейди бўлажак аскар Мурод Шарифбоев. — Буюк саркарданинг сўнмас жасорати авлодлар учун беқиёс ибрат намунаси бўлиб, бизни доимо мардлик ва матонатга чорлаб туради. Хизмат давомида замонавий ҳарбий билим ва кўникмаларни пухта эгаллаб, жонажон Ватанимизга, халқимизга, ҳурматли Президентимизга садоқат билан хизмат қиламиз!

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз: «Аскарлари ботир эл қудратли бўлур», деб бежиз таъкидламаган. Бугун ҳарбий хизматга чақирилаётган йигитлар худди ана шундай фазилатларга эга, жисмонан бақувват, замонавий ахборот технологияларини ҳамда хорижий тилларни пухта эгаллаган ёшлардир. Улар Қуролли Кучларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиб, Ватанимиз сарҳадларини муносиб ҳимоя қилишларига шубҳа йўқ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер