Хоразм лазгиси Жанубий Африкада
Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети томонидан Жанубий Африканинг Лимпопо университетида «Ўзбекистон: бебаҳо маданий мерос» номли маданий дастур ташкил қилинди. Ушбу тақдимот жорий йилда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган ЮНEСКО Бош конференцияси 43-сессияси олдидан юртимизнинг бетакрор маданий меросини дунёга тарғиб қилиш мақсадида уюштирилди.
Маданий дастур уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, маданияти ва санъати ҳақидаги видеолавҳалар намойиш этилди. Дастурнинг кейинги қисмларида халқ ҳунармандчилиги буюмлари, миллий таомлар кўргазмаси ҳамда Хоразмнинг жўшқин куй-қўшиқларидан иборат концерт дастури ташкил қилинди.

— Урганч давлат университети жамоаси ташкил қилган маданий дастур орқали Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, туризм имкониятлари, маданияти ва санъати ҳақида жуда бой таассуротга эга бўлдик, — дейди Лимпопо университети ректори, профессор Махло Макгалонг. — Айниқса, Хоразмнинг ўйноқи лазги куйи чалинганда барчамиз беихтиёр даврага чиқиб, рақсга тушиб кетдик. Бундай маданиятлараро мулоқот икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

— Ташриф давомида Лимпопо университетида яратилган шароитлар билан танишдик, илмий тадқиқот йўналишларида тажриба алмашиш ва ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилдик, — дейди Урганч давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зафар Ибрагимов. — Илмий фаолиятида юқори натижаларга эришган олимларни тақдирлаш маросимида иштирок этдик. Жанубий африкалик ҳамкасбларимизнинг миллий маданиятимиз ва илм-фанимизга қизиқиши ниҳоятда катта эканлигидан жуда хурсанд бўлдик.
Учрашув якунида математика, компьютер технологиялари, лингвистика, қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар, иқтисодиёт йўналишларида илмий ҳамкорлик, талаба ва ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, биргаликда вебинар ва симпозиумлар ўтказиш бўйича келишув имзоланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг