Хива тарихининг мисрлик мухлиси

09:35 30 Май 2024 Жамият
240 0

Фото: "Халқ сўзи"

Дунё илм-фани ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшган алломалари, бетакрор обидалари билан машҳур Хоразм диёрига, шу жумладан, Хива шаҳрига нафақат сайёҳлар, балки илм ва санъат аҳлининг қизиқиши йил сайин ошиб бормоқда. Бу ердаги бебаҳо мерос — моддий ва номоддий ёдгорликлар кўплаб хорижлик олимларнинг ҳам тадқиқотлари, илмий изланишлари учун манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Миср Араб Республикасидаги Хелвон университети профессори Карим Камол Ҳилол ана шундай тарихчи олимларнинг биридир.

— Ўтмиши шон-шуҳратга тўла бу тарихий шаҳарга, ундаги обидаларга қизиқишим ёшлик давримдан бошланган, — дейди Карим Камол Ҳилол. — Кейинчалик бу қизиқиш жиддий орзу мақсадларга айланди, илмий изланишларим учун қанот бўлди.

2016 йилда Хелвон университетининг археология бўлими илмий ходими Карим Камол Ҳилол Хивага хайрли мақсадда ташриф буюриб, меъморий ёдгорликлар тарихи ҳамда илм-фан ва ижтимоий тараққиётда уларнинг тутган ўрни ва аҳамияти билан шу ерлик зиёлилар ҳамкорлигида мукаммал тарзда танишди, тадқиқотлар олиб борди. Бу жараёнда Шерғозихон мадрасаси ва бошқа ёдгорликлар тадқиқот манбаси бўлди.

Изланишлар беиз кетмади. Ёш олим 2020 йил ёзида қадимий исломий ёдгорликлар соҳасидаги «Ўзбекистон Республикасида жойлашган Қадимий Хива шаҳрида сақланиб қолган исломий мадрасалар обидалари археологик меъморчилиги тадқиқоти» мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.

— Хивага меҳрим жуда баланд, — дейди яқинда тарихий шаҳарга яна ташриф буюрган Карим Камол Ҳилол. — 2024 йил Хива Ислом дунёси туризм пойтахти, деб эълон қилингани мени, айниқса, қувонтирди. Дунё сайёҳлари, олимлари эътиборидаги бу эртакмонанд шаҳар бунданда юксак эътироф ва эҳтиромга муносиб.

Ўзбек халқининг бағрикенглиги таҳсинга лойиқ. Айниқса, илмий изланишларимдаги ҳамкорлиги, ёрдами учун тарихчи олимлар Комилжон Худойберганов, Бекзод Абдримовлардан миннатдорман.

Бу галги ташрифим Хива Ислом дунёси туризм пойтахти доирасидаги халқаро анжуманларга тўғри келганига жуда қувондим.

Ичан қалъа давлат музей-қўриқхонасидаги экспозициялар, жумладан «Алломалар» бўлимидаги осори-атиқалар билан танишиб, ходимлар билан мулоқот чоғида мисрлик олим буюк аждодлар меросини асраб-авайлашга Ўзбекистонда катта эътибор қаратилаётганини алоҳида эътироф этар экан, бу диёрдаги бебаҳо мерос ҳали кўплаб илмий изланишлар ва тадқиқотлар учун асос бўлишини алоҳида таъкидлади.
О. ИСМОИЛОВ, журналист.
З. БEКЧАНОВА, Ичан қалъа давлат музей-қўриқхонаси бўлим мудири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер