Халқобод қачон обод бўлади?
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Пайариқ туманидаги Халқобод маҳалласида «Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла» мезонлари асосида бунёдкорлик ва ободонлаштиришга қаратилган амалий ишлар бошлаб юборилган. Таъкидлаш жоизки, 3407 нафар аҳоли истиқомат қиладиган бу маҳаллани шароити оғир ҳудуд деб бўлмайди. Биринчидан, туман марказидан узоқда эмас. Магистраль йўл ёқасида жойлашган ушбу масканнинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш учун етарли инфратузилма яратилса, Халқобод обод маҳаллалар қаторига қўшилади.
Бугунга қадар ҳудуд масъуллар томонидан батафсил ўрганилиб, маҳалла фаоллари ва фуқароларнинг таклифлари қабул қилинган.

— Маҳалламиздаги трансформаторлар, симёғочлар маънан эскирган, кейинги ўн йилда уй қуриб, кўчиб ўтганлар кўчага ёғочли устунлар ўрнатиб, сим тортишга мажбур бўлган, — дейди Баҳром Норжигитов. — Электр таъминоти ҳам шунга яраша, сифатсиз эди. Биринчи навбатда шу муаммо ҳал этилиши зарур. Бундан ташқари, маҳалладаги 29 та ички кўчани асфальтлаш, 1800 метр пиёдалар йўлагини қуриш бўйича таклифлар берганмиз. Ҳозир маҳалламиз кўчаларининг бор-йўғи 30 фоизи асфальтланган, тош ётқизилганларида ҳам қиш кунларида ҳаракатланиш қийин. Одамлар манзилларига айланма йўллар орқали боради. Албатта, маҳалладошларимиз ҳам қараб ўтиргани йўқ. Мисол учун, ўтган йили ҳашар йўли билан қурилиши бошланган маҳалла биноси ҳамда «Нуронийлар» маскани битай деб қолди. Агар кўчаларимизни ободонлаштириш бошланса, хайрли ишга барча ўз ҳиссасини қўшади.
Маҳалладаги 38-давлат мактабгача таълим ташкилоти девор билан ўралмаган. Омборхона ва кўмирхонаси йўқ. Боғча мудираси Зебо Абдураҳмонованинг билдиришича, бутун бинони иситиш учун битта қозонхонанинг қуввати етмаётган экан.

— Боғчамизнинг ичини ўз имкониятимиздан келиб чиқиб таъмирлаяпмиз, — дейди З.Абдураҳмонова. — Бунинг учун ҳовлимизнинг бўш жойида тўқсонбости экин экиш орқали қўшимча маблағ оламиз. Лекин имкониятимиз етмаган ишлар бор. Боғча биносининг фасад қисми ҳам таъмирга муҳтож.
Халқобод маҳалласи ҳудуди обод қилинса, кўчалар таъмирланса, магистраль йўл ёқасида янги ошхонаю дўконлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари очилиб, қўшимча иш ўринларини яратиш мумкин бўлади. Энг асосийси, одамларда ҳам ҳаёт тарзини яхшилашга иштиёқ ортади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг