Халқларни бирлаштирган маданий мерос

21:12 22 Ноябрь 2025 Сиёсат
123 0

Азалдан турли цивилизациялар чорраҳаси бўлиб келган Марказий Осиё минтақаси бой ва кўп қиррали маданий-маърифий мероси билан жаҳон ҳамжамиятида алоҳида ўрин тутади. Асрлар давомида бу ҳудудда йирик империялар, ҳавас қилса арзигулик шаҳарлар ва бебаҳо меъморий обидалар вужудга келган. Қадимдан умумий маданий ва илмий тамаддун шаклланган бу заминда яшаган халқлар ўзаро алоқа, илм ва тажриба алмашинуви орқали улкан тараққиётга эришган. Минтақадаги ҳамжиҳатлик бир неча тарихий даврларда, айниқса, ёрқин намоён бўлган.

Ана шу даврларда буюк аждодларимиз томонидан яратилган тенгсиз маданий мерос намуналари инсоният тарихида ўчмас из қолдирди. Бугунги глобаллашув жараёнлари кучайган бир шароитда минтақа мамлакатларининг бирдамлиги, умумий маданий-маърифий анъаналарини тиклаш ва келажак авлодларга етказиш, шунингдек, биргаликдаги тараққиёт йўлларини белгилаш борган сари долзарб аҳамият касб этмоқда.

Президентимиз “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласида таъкидлаганидек, “Бугун биз чинакам бирдамлик босқичига ўтяпмиз. Бизнинг минтақамизда узоқ йиллар давомида илк бор биргаликда олдинга қараб боришимиз учун пойдевор бўлиб хизмат қилаётган ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳурмат муҳити шаклланмоқда. Бу — ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган жараён эмас, балки умумий тақдири ва биргаликда тараққий этиш салоҳиятини англаб етган мамлакатларимиз етакчиларининг аниқ мақсадга қаратилган саъй-ҳаракатлари ва сиёсий иродаси натижасидир”.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви арафасида, 13 — 15 ноябрь кунлари “Марказий Осиё: умумий маданий-маърифий мерос, умумий келажак” халқаро конгрессининг ўтказилгани ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва келажак авлодлар учун барқарор ривожланишга эришиш йўлида қўйилган муҳим қадамдир.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган мазкур йирик анжуманда мамлакатимиздан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан юзлаб илм-фан, таълим, маданият, дин, адабиёт ва санъат намояндалари қатнашди. Уч кун давомида 30 дан ортиқ тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари, шуъба йиғилишлари, кўргазмалар, намойишлар, тақдимотлар ўтказилди.

Анжуман аввалида меҳмонлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари билан танишиб чиқишди. Шундан сўнг Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига табриги ўқиб эшиттирилди.

Конгресс халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, илмий ва маданий муассасалар вакилларини, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Озарбайжондан келган олимлар ва санъат арбобларини бирлаштирди. Мулоқотлар жараёнида аҳиллик ва иноқлик, ўзаро меҳр-оқибат каби қадриятлар ушбу бир-бирига қардош миллатларнинг қон-қонига сингиб кетгани кўзга яққол ташланиб турди. Шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатларимизнинг тарихи, тили, анъаналари бир-бирига жуда яқин бўлиб, ўзаро ҳамкорлик умумий маданий идентификацияни мустаҳкамлайди, бир-бирини тушунишни осонлаштиради, минтақанинг ташқи таъсирларга чидамлилигини оширади.

Анжуманнинг ялпи йиғилишларида давлат идоралари, илмий муассасалар ва маданият арбоблари ўртасида мулоқотлар ташкил этилди. Уларда умумий тарихий меросни асраш, замонавий ҳамкорлик шаклларини излаш, маънавият ғояларини мустаҳкамлаш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Марказий Осиё ва Озарбайжон маданият вазирлари минтақавий маданий маконни ривожлантириш, қўшма фестиваллар ва кўргазмалар уюштириш, моддий ва номоддий меросни жаҳон миқёсида тарғиб қилиш бўйича ташаббусларини тақдим этди.

Диний соҳа вакиллари иштирокида эса исломнинг маърифий миссияси, ёшларни бағрикенглик ва инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, замон талабларига мос диний таълим тизимини такомиллаштириш масалалари ўртага ташланди.

Фанлар академиялари президентлари учрашувида илмий ҳамкорликнинг янги йўналишлари, қадимий қўлёзмаларни ўрганиш ва археология ҳамда тарих соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди.

Миллий музейлар раҳбарлари иштирокида музей фаолиятини рақамлаштириш, экспозиция яратишда замонавий ёндашувларни жорий этиш ва профессионал тажриба алмашиш ташаббуслари муҳокама қилинди.

Миллий киноагентликлар раҳбарлари билан бўлиб ўтган муҳокамаларда кино санъатини ривожлантириш, буюк тарихий шахсиятлар ва маданий мерос ҳақида қўшма фильмлар яратиш ҳамда ёш режиссёрларни қўллаб-қувватлаш бўйича келишувларга эришилди.

Муҳокамалар асносида кўтарилган масалалардан шуни хулоса қилиш мумкинки, ҳар бир мамлакатда алоҳида кафедра, марказ, лабораториялар бор, аммо ушбу ресурслар бирлаштирилганда, умумий тадқиқот платформалари, илмий маълумотлар алмашинуви, қўшма грантлар ва қўшма экспедициялар, археологик ишлар йўлга қўйилса, бу минтақанинг интеллектуал капиталини бир неча баробарга оширади. Ҳамкорликда адабиёт, санъат, тил ва меросни сақлаш ҳамда тарғиб қилиш, қўшма музей лойиҳалари, умумий маданий фестиваллар Марказий Осиёнинг маданий қудратини жаҳонга ёяди.

15 ноябрь куни давлатлар раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви доирасида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон Президентлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, “Келажак мероси” халқаро мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросимида иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан таъсис қилинган халқаро мукофот адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим ва рақамли технологиялар соҳаларида катта ютуқларга эришган юртимиз ва хорижий ижодкорларни рағбатлантиришга қаратилган. Етакчилар ҳузурида лауреатларга мукофот статуэткаси, диплом ҳамда 10 минг долларлик пул мукофоти топширилди.

Ишонч билан айтиш мумкинки, бу давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги, маданий ва маърифий ҳамжиҳатлиги нафақат минтақанинг ўзида, балки бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. 80 миллиондан ортиқ нуфусга эга бўлган минтақа халқлари ўртасидаги дўстлик, қардошлик ришталарининг тобора мустаҳкамланиб бораётгани, аввало, Президентимизнинг кенг кўламли ташаббуси, саъй-ҳаракатлари натижасидир.

“Марказий Осиё: умумий маданий-маърифий мерос, умумий келажак” халқаро конгресси иштирокчилари фикр-мулоҳазалари ҳам сўзимизни яққол тасдиқлайди.

Сўз — анжуман иштирокчиларига

Муҳаммад Довуд ХАЙЁМ,

Тожикистон Миллий академияси вице-президенти,

фалсафа фанлари доктори:

— Бугун мамлакатларимиз раҳбарлари томонидан ташкил этилаётган ҳамкорлик платформаси илм-фан, таълим, сиёсат, иқтисодиёт ва маданият ривожига улкан ҳисса қўшмоқда. Биз тожик, ўзбек ва Марказий Осиёнинг бошқа халқларини бир-бирига янада яқинлаштириш учун бу ҳамкорликни мустаҳкамлашимиз даркор. Президентларимизнинг сиёсий иродаси бизни ҳамжиҳатликка, минг йиллик илмий, маданий ва тарихий ютуқларимизни асраб-авайлашга чақирувчи йўл-йўриқ бўлиб хизмат қилмоқда. Зеро, ўз маданиятини йўқотмаган халқлар жаҳон майдонида ўз ўрнини ҳам сақлаб қола олади.

Керим ТОҲИРОВ,

Озарбайжон Миллий кутубхонаси директори:

— Нуфузли форум менда катта таассурот қолдирди. Биз, ёзма маданият посбонлари учун минтақанинг маънавий мерос масалаларига қанчалик жиддий ва жонкуярлик билан ёндашаётганини кўриш қувонарлидир. Муҳокамалар чоғида қўлёзмаларимиз, архивларимиз, китоб фондларимиз бойлиги нафақат илмий манба, балки бугунги кунда ҳам давом этаётган халқлар ўртасидаги мулоқотнинг муҳим қисми эканига гувоҳ бўлдик.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг табригини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман: у бутун қурултойга ўзгача тус берди. Мамлакат етакчисининг сўзлари нафақат ўтмишни ўрганиш, балки минтақанинг интеллектуал меросидан ҳам келгуси ҳамкорлик ва тараққиёт пойдевори сифатида фойдаланишга чақирди. Ушбу хабар иштирокчиларни бирлаштириб, мунозараларга чинакам интеллектуал куч бағишлади. Ишончим комилки, конгресс маданий ва илмий муассасаларимиз ўртасида ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар очади.

Досай КЕНЖАТОЙ,

Аҳмад Яссавий номидаги Қозоқ — турк халқаро университети профессори:

— Ушбу конгресс умумий тарихий ва маданий меросимизни англашда муҳим платформа бўлди. Унда минтақа халқларининг маънавий мероси нафақат ўтмиш хотираси, балки замонавий таълим маконини шакллантиришнинг қудратли манбаси экани яққол кўринди. Ишончим комилки, илмий мулоқот ва қўшма ташаббусларни кучайтириш ва тадқиқотларни чуқурлаштириш бу бойликни келажак авлодларга етказиш имконини беради.

Cанибек ИМОНАЛИЕВ,

Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси раиси:

— Ўзбекистон Президентининг халқлар ўртасидаги тотувликни мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақидаги ташаббусларини чуқур қадрлайман. Биз, Қирғизистон адиблари тинчликни фақат билим ва маърифат руҳи қўллаб-қувватлашига аминмиз. Буюк мутафаккирларимиз асрлар давомида донишмандлик манбаи бўлиб хизмат қилиб келган ва бу нурни ёш авлодга етказиш бизнинг умумий вазифамиздир. Халқларимиз ўртасидаги маънавий кўприклар ҳар қандай сиёсий шароитдан ҳам мустаҳкам экани аллақачон тасдиқланган.

Чаримурат ЯЗМУРОДОВ,

Туркманистон Рассомлар уюшмаси раиси:

— Менимча, конгресс мавзуси — маънавият, маърифат ва маданий бирлик туркман санъатида ўз ифодасини топган ғояларга жуда мос келади. Ўйлайманки, Ўзбекистоннинг умумий меросимизни халқаро миқёсда тарғиб қилиш ташаббуси қўшма лойиҳалар ва ижодий алмашинувлар учун ажойиб истиқболларни очади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг табригида муҳим бир ибора ўз ифодасини топган: қийин замонда дунё билим, маданият ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотга, айниқса, муҳтож. Мен бу ёндашувга тўлиқ қўшиламан, чунки санъат одамларни бирлаштирувчи ва тинчликни сақлашга ёрдам берадиган кучлардан бири бўлиши мумкин. Конгресс мамлакатларимиз умумий меросимизнинг буюклигига таянган ҳолда биргаликда олға интилишга тайёр эканини намойиш этди.

Фирдавс АБДУХОЛИҚОВ,

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер