ХТВ мутасаддисининг антиқа "ечими"га тилчи қизлар нима дейди?
Чекка ҳудудларда инглиз тили ўқитувчилари етишмовчилиги бўйича халқ таълими вазири биринчи ўринбосари Дилшод Кенжаевнинг телевидениеда билдирган фикри бугун ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Вазир ўринбосарининг фикрича, университетда инглиз тили йўналишини тамомлаган қизларни чекка ҳудудлардаги йигитларга турмушга узатиш орқали қишлоқлардаги иш ўринларини тўлдириш мумкин. Шунда кадр етишмовчилиги маълум қадар бартараф бўлади. Хўш, бунга қизлар нима дейди? Келинг, уларнинг фикрига қулоқ солиб кўрамиз.
Чет тили ўқитувчиси четда ишлай оладими?
Маълумки, олий таълим муассасаларида таълим олувчи талабаларнинг кўп фоизини чекка ҳудудлардан келган ёшлар, айниқса, хорижий тил мутахассислиги йўналиши талабаларининг аксарият қисмини қизлар ташкил этади. Аммо улар ўқишни тамомлагач ўз ҳудудларига қайтиб дарс беришни хоҳлашмайди. Нега?
Малоҳат Ёқубжонова, Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси:
— Сабаби аксарият хорижий тил мутахассислигига ўқиган талабалар билимини чекка ҳудудларда эмас, халқаро доираларда кўрсатишга интилади. Аслида чет тили ўқитувчиси четда, яъни чекка ҳудудда ишлай оладими? Ишлай олади. Фақат шароит яхши бўлсагина. Ўзини ҳудудига ўз ихтиёри билан қайтиб, дарс берувчи ўқитувчиларга марказлардаги мактабларга қараганда кўпроқ ижтимоий имтиёзлар, кенгроқ имкониятлар, моддий рағбатлар жорий этиш керак деб ўйлайман.
Чекка ҳудудларда педагогларнинг етишмаслиги бир Ўзбекистонда эмас-ку, хорижий давлатларда ҳам бундай муаммолар ҳозиргача учрайди. Улар қандай йўл тутаётганини ҳам бир кўздан кечириш керак. Деярли ҳамма соҳада жаҳон тажрибасидан андоза олаётган бир пайтимизда вазир ўринбосарининг бундай фикрга боришимиз, назаримда кулгили...
«Мен инглиз тилини битирганман ва қишлоққа келин бўлганман...»
Шу ўринда маърифатпарвар аждодимиз Фитратнинг бир гапи ёдимизга келади: Ҳаёт йўлида биринчи масала – мактаб масаласидир. Шундай экан, таълим масаласи ҳар недан муҳимдир. Чекка ҳудудларда ишлаб юрган ўқитувчилар бу борада қандай фикрда?
Нафиса Ортиқова, Фарғона вилояти, Учкўприк тумани, 29-мактаб инглиз тили ўқитувчиси:
— Мен инглиз тилини битирганман ва қишлоққа келин бўлганман. Ўқишни тамомлаганимга олти йил бўлди. Мен ҳам дастлаб дунё кезишни, илмий изланишлар қилишни орзу қилгандим. Шунинг учун астойдил ўқидим ва университетни мувафаққиятли тамомладим. Аммо ўқишни тамомлагач қишлоққа қайтдим. Бугун ўзим ишлаб англадимки, чекка ҳудудлардаги ёшларни дарсларга қизиқтириш жуда қийин. Хоҳ педагогик маҳорат билан, хоҳ қаттиққўллик билан бўлмасин, четдаги болаларнинг илмга қизиқиши суст. Назаримда уларнинг оилаларига тушунтириш ишларини олиб бориш керак. Токи ота-оналар ўғилу қизини бирдай ўқитсин, олий маълумотли кадр, керакли инсон қилиб вояга етказсинлар.
Педагогга нима керак?
Бугун таълим тизимининг ичкарисида, дастлабки поғоналарида ҳам чигалликни кўп кузатамиз. Масалан, 1-синф ўқувчиларига инглизча сўзлар ёдлаттирилади, 2-синфдан эса ўша тил альфавити ўргатиш бошланади. Аслида тескариси бўлиши керакмасми? Қолаверса, биргина мавзу бир нечта (масалан, fruits мавзуси учта) дарсга бўлиб ташланган. Бола янгиликка ўч, уч дарс бир нарсани тушунтириш уни фандан зерикишига олиб келмайдими? Ўқитувчи ўз услуби бўйича дарс ўтишни хоҳласа белгиланган дастурдан четга чиқмаган ҳолда, қўшимча сифатида ўргатиши талаб этилади. Бунга эса 45 дақиқа камлик қилади. Таълим тизимидаги шу каби чалкашликлар ҳам ёшларни соҳадан йироқлатмаяптимикан?
Шаҳзода Салимова, абитуриент:
– Мен бу йил инглиз тили филологияси бўйича университетга ўқишга топшираман, аммо келгусида қишлоқларда дарс бериб юришни хоҳламайман. Негаки чекка ҳудудлардаги ёшлар илм олишдан ҳам кўпроқ ҳунар ўрганишга қизиқади. Қолаверса, мактабларда тизимда белгиланган қатъий дастур бўйича дарс ўтилади. Педагог ҳам ижодкор. У ҳам ўзи хоҳлагандай дарс ўтишни, «ижод» қилишни хоҳлайди. Агар ўзи хоҳлагандай ишлолмаса ишида ҳам унум бўлмайди, ўзи ҳам юксалмайди.
Бундан ташқари, ҳар йили 10 млн. дан ортиқ шартнома тўлаб, сўнг 1 — 1,5 млн. ойликка ишлаш ҳаммага ҳам ёқавермайди. Рағбат ва қулай муҳит ҳар қандай касб эгасини яхши ишлашга руҳлантиради. Педагогга ҳам айнан шу керак.
Чаман Жонузоқова, Тошкент гидрометеорология касб-ҳунар коллежи инглиз тили ўқитувчиси:
— Давлат грантлари асосида ўқиган талаба уч йил ишлаганидан сўнг диплом олади, балки мана шуни мақсадли йўналтириш керакдир. «Бюджет»да ўқиган ёшларни кадр етишмайдиган ҳудудларга ишга юбориш масаласи яқинда кўтарилган эди. Мана шунга жиддий эътибор қаратилса арзийди.
Юқоридаги фикр-мулоҳазаларга кўра, чекка ҳудудлардаги шароитлар билан атрофлича танишиб чиқиш лозим. Дарс соатлари нега талаш? Ойлик камлигиданми ёки кадр етишмовчилигидан? Нега чекка ҳудуд ёшларида илм олишга иштиёқ суст? Уларга қандай амалий кўмак бериш мумкин? Шу каби саволларга жавоб топиш керак. Сўровномалар, очиқ мулоқотлар ўтказиб, ҳудудларда тўгараклар, репетиторлик марказлари, транспорт қатнови каби жиҳатларни Халқ таълими вазирлиги ҳудудлардаги бошқармалари билан биргаликда кўздан кечирса, шундан келиб чиқиб шароитлар яратса, биз кўзда тутган муаммо бирданига бўлмаса-да, аста-секинлик билан бартараф бўлади. Аммо университетда инглиз тили йўналишини тамомлаган қизларни чекка ҳудуд йигитларига турмушга узатиш билан муаммога «ечим» ясаш мантиқан нотўғри. Зеро, виждон эркинлиги, шахс дахлсизлиги бош қомусимизда ҳам қатъий белгиланган.
Сизнинг фикрингиз қандай?
Юлдуз ЎРМОНОВА,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг