Кентукки ишбилармон доиралари Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти билан танишди

18:07 22 Июнь 2022 Иқтисодиёт
1134 0

АҚШ минтақалари билан амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳамда Кентукки штати ишбилармон доиралар билан алоқаларни изчил ривожлантириш мақсадида “World Affairs Councils of Kentucky and Southern Indiana” ташкилоти аъзолари учун брифинг ташкил этилди.

Дипломатик ваколатхонамиздан маълум қилишича, тадбир аввалида Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов иштирокчиларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари, иқтисодий ривожланишдаги ютуқлар ва истиқболлар, шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт Стратегияси доирасида Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, Aмерика томони мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, қулай сармоявий муҳитни яратиш, мамлакатнинг рақобатбардошлиги ва инновацион ривожланишини таъминлашга қаратилган инсон капиталини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан ҳам танишди.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳақида алоҳида сўз юритган ҳолда, Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, AҚШнинг йирик шаҳарлари билан шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, америкалик инвесторларнинг ички бозорда тадбиркорлик фаоллигини оширишга эътибор қаратилди.

Брифинг иштирокчилари республика ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари, ҳукуматимиз томонидан илгари сурилаётган очиқлик сиёсати, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё, яқин ва узоқ хориж мамлакатлари билан сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларини сифат жиҳатидан мустаҳкамлаш борасидаги ишлари билан ҳам танишишди.

Брифинг давомида “World Affairs Council of Kentucky and Southern Indiana” директорлар кенгаши раиси Кристина Милнер сўзга чиқиб, штат тадбиркорлари савдо, инновациялар ва тадбиркорлик соҳаларида фойдаланилмаган салоҳиятни рўёбга чиқариш учун Ўзбекистон томони билан самарали алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Унинг фикрича, қисқа вақт ичида мамлакатимизда эришилган тараққиёт даражаси хорижий инвесторлар учун ўз ресурсларини иқтисодиётимизга сармоя киритиши учун яхши ишорадир.

Тадбирлар сўнгида алоҳида савол-жавоб сессияси ташкил этилиб, унда брифинг иштирокчилари республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, Ўзбекистон ва AҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг айрим жабҳалари, Марказий Осиёдаги минтақавий динамика билан қизиқди.

Муҳокама якунида келгусидаги ҳамкорлик бўйича янги ғоя ва таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида шу каби учрашувларни фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, “World Affairs Councils of America” (WACA) 1918 йилда ташкил этилган, 40 штатдаги 93 та автоном ва партиясиз кенгашлар тармоғини, шу жумладан “World Affairs Councils of Kentucky and Southern Indiana«ни ўз ичига олади. У AҚШнинг халқаро ишлар бўйича энг йирик нотижорат ташкилоти ҳисобланади. WACA халқаро алмашинувлар, мактаб дастурлари, ўқитувчилар семинарлари, ташқи сиёсат муҳокамалари, миллий сўровлар, саёҳат дастурлари, ёш профессионал дастурлар ва конференцияларга ҳомийлик қилади.

1792 йил 1 июнда Қўшма Штатларга қабул қилинган Кентукки ўзининг қулай қишлоқ хўжалиги шароитлари билан тарихан машҳур бўлиб, эчкичилик бўйича мамлакатда 5-ўрин, қорамоллар бўйича 8-ўрин, маккажўхори етиштириш бўйича 14-ўринда туради. Штат ялпи ички маҳсулоти 194 миллиард доллар, аҳолиси эса 4,5 миллион киши. Aвтомобилсозлик, энергетика ёқилғиси ва тиббиёт ҳам иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ҳисобланади. Кентукки йиғилган енгил ва юк машиналари сони бўйича AҚШ штатлари орасида 4-ўринда туради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер