Келажак иқтисодиётининг пойдевори
Ёхуд стратегик металлар ва минераллар бозорида Ўзбекистоннинг позицияси қандай?
Маъданлар инсоният тарихида доимо воз кечиб бўлмайдиган даражада аҳамиятга эга бўлган. Тараққиёт ва тамаддунларга, инсонларнинг ҳаёт стандартларига бевосита таъсир кўрсатган. Ана шундай хомашё манбаларидан бири стратегик металлар ва минераллардир. Бугун жаҳон иқтисодиёти ва технологиялари шиддат билан ривожланар экан, уларнинг барқарорлиги ва рақобатбардошлиги тобора стратегик металлар ва минералларга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бу атама таркибига камёб ер элементлари, турли нодир металлар, шунингдек, давлат ва жамият тараққиётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган саноат учун муҳим минераллар киради.
Замонавий телефонимиздаги кучли магнитлардан тортиб, электромобиль батареялари, сунъий йўлдошлар, ҳатто ҳарбий саноат тизимигача — буларнинг барчасини ушбу ресурсларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Масалан, неодим ва диспрозий каби элементлар қувватли магнитлар ишлаб чиқаришда зарур бўлса, литий ва кобальт электр энергиясини самарали захиралаш учун асосий хомашё саналади. Шу боисдан ҳам стратегик металлар ва минераллар нафақат иқтисодий тараққиёт, балки хавфсизлик, энергия мустақиллиги ва янги авлод технологиялари учун ҳам ҳал қилувчи омилга айланмоқда.
XXI асрда дунё тараққиётининг асосий драйвери — бу ахборот технологиялари, энергетика ва юқори технологиялар экани бугун ҳаммага аён. Ушбу соҳаларнинг ҳар бири учун стратегик металлар ва минераллар, таъбир жоиз бўлса, сув ва ҳаводай зарур. Шунинг учун ҳам мазкур ресурслар “янги нефть” деб ҳам аталмоқда.
Халқаро экспертлар фикрича, келгуси ўн йилликларда мамлакатларнинг иқтисодий ва сиёсий салоҳияти нафақат нефть ва газ захиралари, балки айнан шу стратегик ресурсларга ҳам эгалик қилиш билан боғлиқ бўлади.
“Энергетик тилла”
Камёб ер элементлари (лантан, неодим, диспрозий, иттрий ва бошқалар, жами 17 металл) илғор технологияларнинг асосий “блоклари” ва кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми саналади. Уларсиз смартфонлар ва ноутбуклар ишламайди, шамол турбиналари ва электромобиллар тўхтаб қолади. Оптик толали интернет ва лазер технологиялари мавжуд бўлмайди. Масалан, неодим ва диспрозийдан тайёрланадиган кучли магнитлар электромобиль моторлари ва шамол энергетикаси учун зарур. Иттрий эса тиббий томографлар ва лазер ускуналарининг муҳим қисми ҳисобланди. Шу маънода, камёб ер элементларисиз “яшил иқтисодиёт” ёки “рақамли ҳаёт” деган тушунчани тасаввур қилиш имконсиз.
Нодир металлар тушунчасига кам учрайдиган ёки қазиб олиш жуда қийин бўлган бир қатор элементлар киради. Булар қаторига вольфрам, тантал, индий, олтин, кумуш, платина, палладий, осмий ва бошқаларни санаш мумкин. Булар ҳам замонавий электротехника, илғор тиббиёт соҳаси ҳамда мамлакат иқтисодиёти ривожи учун сув ва ҳаводек зарур.
Саноат учун муҳим минераллар деганда, иқтисодиётда жуда муҳим ва таъминотида узилиш хавфи катта бўлган хомашё тушунилади. Масалан, литий, кобальт, никель, графит, вольфрам, тантал, ниобий, индий шулар жумласидан. Вольфрам юқори ҳароратга чидамли қотишмалар учун зарур. Тантал микросхемалар ва қувватли батареялар тайёрлашда асосий материал сифатида ишлатилади. Индий эса сенсорли экранлар учун муҳим элементдир. Айтмоқчи бўлганимиз шуки, кундалик ҳаётимизда фойдаланадиган ҳар бир замонавий қурилмада — телефон, телевизор, машина ва ҳатто самолётларда ҳам ушбу металлар мавжуд. Улар нафақат иқтисодий тараққиёт, балки ҳарбий саноат учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки ҳарбий техника, сунъий йўлдошлар ва замонавий қурол-аслаҳалар ҳам айнан шу элементларга таянади ва бу мудофаа учун жуда зарур. Кўплаб давлатлар ушбу ресурсларни қўлга киритиш учун глобал рақобатга киришганининг сабабини аллақачон англагандирсиз.
АҚШ Геология хизмати (USGS) маълумотларига кўра, ўтган 2025 йилда дунё бўйича камёб ер элементлари ишлаб чиқариш ҳажми 390 минг тоннадан ошган. Бу рақам 2023 йилда қайд этилган 350 минг тоннага нисбатан салмоқли ўсишни кўрсатади.
Халқаро энергетика агентлиги (IEA) эса “Global Critical Minerals Outlook 2025” ҳисоботида ушбу жараённи энергетика хавфсизлиги билан чамбарчас боғлаб, яшил технологиялар ривожланиши учун камёб ер элементларининг аҳамияти тобора ортиб бораётганини таъкидламоқда.
Шу билан бирга, халқаро бозор тадқиқотлари (Mordor Intelligence)
ўтган йил учун камёб ер элементлари умумий бозор ҳажмини 196,6 минг тонна деб баҳолаган. Бу эса нафақат ишлаб чиқариш, балки талаб ва истеъмолнинг ҳам кескин ошишига ишора қилади. Унинг салмоқли қисми — қарийб 70 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади. Бразилия, Ҳиндистон, Австралия ва Россия ҳам катта захираларга эга. Шу боис глобал иқтисодиётда муҳим ўрин тутаётган ушбу ресурслар атрофидаги геосиёсий рақобат йил сайин кучаймоқда. Агар кеча нефть ва газ энг муҳим бойлик саналган бўлса, бугун литий, кобальт, неодим, диспрозий каби элементлар янги “энергетик тилла”га айланди. Хитойнинг 70 фоизлик улуши бу бозордаги устунликни таъминлаётгани, АҚШ ва Европа давлатларининг эса муқобил манбалар излаётгани бежиз эмас. Мазкур рақобат ортида энг замонавий технологиялар ва хавфсизлик масалалари турибди.
Мазкур глобал рақобат шароитида Ўзбекистон ҳам ўз салоҳиятини юзага чиқариш учун қатъий қадамлар қўймоқда ва ўз стратегик позициясини мустаҳкамлашга уринмоқда.
Имконият ва истиқбол
Юртимиз ер усти ва ости бойликларига жуда бой. Геологик тадқиқотларга кўра, мамлакатимизда қатор стратегик металлар ва минераллар захиралари мавжуд. Бу эса келгусида давлатимизнинг технологик салоҳиятини ошириш ва халқаро бозорда муносиб ўрин эгаллаш учун катта имконият яратади. АҚШнинг нуфузли тадқиқот марказларидан бири — Жемстаун жамғармаси (The Jamestown Foundation), Ўрта Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам дунёнинг камёб ер элементларига бой мамлакатлар қаторига киради, деб таъкидламоқда.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бугунги кунда геологик қидирув ишлари борган сари жадаллашиб, янги босқичга чиқмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов. — Агар биз ушбу имкониятлардан самарали фойдалансак, давлатимиз нафақат қишлоқ хўжалиги ва нефть-газ соҳасида, балки стратегик ресурслар экспортида ҳам муҳим ўрин эгаллаши турган гап. Мамлакатимизда 2500 дан ортиқ кон қайд этилган бўлиб, улар орасида олтин, кумуш, мис, молибден, уран каби муҳим металлар билан бирга, стратегик аҳамиятга эга камёб металлар ва минераллар ҳам мавжуд. Юртимиз ҳудудида вольфрам, молибден, магний, литий, германий, графит, ванадий ва титан каби 30 дан ортиқ минераллар учрайди. Бундан ташқари, селен, теллур, рений каби ресурслар ҳам топилган ва ҳозирда қўшимча геология қидирув ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистоннинг минерал ресурслари умумий қиймати тахминан 3 триллион долларга тенг. Бу эса мамлакатимизни жаҳон бозорида стратегик ресурсларга эга етакчи давлатлар қаторига қўшиш имкониятини яратади.
Камёб ер элементлари, номига қарамасдан, аслида ер қобиғида кенг тарқалган. Камёб деб аталишининг сабаби эса уларни ажратиб олиш мушкуллиги билан боғлиқ. Ушбу металлар бир жойда зич жойлашмасдан, турли минераллар гуруҳлари ичида тарқоқ ҳолда учрайди.
Жорий йилда Президентимиз қарорига мувофиқ “хомашё – қайта ишлаш – илм ва технология – тайёр маҳсулот” занжирини кенгайтириш йўналишида икки йиллик дастур қабул қилинди. Унга кўра, 1,6 миллиард долларлик 71 та лойиҳа бўйича иш бошланди. Бу нафақат иқтисодий самара, балки энергетика мустақиллиги ва янги технологияларнинг калити, демакдир.
Янги тараққиёт ўчоғи
Ўзбекистонда инновация ва замонавий саноат соҳаларида амалга оширилган улкан лойиҳалардан бири сифатида “Ўзбекистон технологик метaллар комбинати” акциядорлик жамияти (ЎзTMK АЖ) ташкил қилингани соҳа ривожида жуда катта ўрин тутмоқда. Комбинат минтақада ягона бўлиб, дунёда ноёб металлар тадқиқоти бўйича энг яхши жиҳозланган марказ эканини хорижий экспертлар ҳам тан олишган. Мамлакатимиздаги олтин
ва кумуш ишлаб чиқарувчи Навоий кон-металлургия комбинати, шунингдек, мис ишлаб чиқариш бўйича Олмалиқ кон-металлургия комбинати миллий иқтисодиётимизнинг гултожларидан бўлса, эндиликда ЎзTMK ҳам иқтисодимизга катта улуш қўшади.
— Комбинатнинг асосий мақсади – юртимизнинг саноат учун муҳим минерал ресурсларини чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш, шу орқали ички бозорни таъминлаш ва ташқи бозорга рақобатбардош маҳсулот чиқаришдир, — дейди ЎзТМК Инновация ва технологик ривожланиш бўйича бошқарув раисининг ўринбосари Амир Абидов. — Юртимизда ноёб металлар соҳаси бўйича ягона давлат сиёсатини юритувчи ЎзТМК қазиб олишдан тортиб қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот олишгача бўлган занжирни қамраб олади. Олдимизга қўйилган мақсадлардан келиб чиқиб ва тузилган режаларга мувофиқ, айтишимиз мумкинки,
2028 йилга бориб маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллиард долларга етади. Ноёб металлар, камёб ер элементларини қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши юртимизда янги иш ўринлари яратишга ва давлатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишга, энергетика
ва технология мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Комбинатда молибден ва вольфрамни ишлаб чиқариб, улардан қўшимча қиймат яратиляпти. Яъни уларнинг қотишмаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шу билан бирга, юқори софликдаги селен, теллур ва ренийни тайёр маҳсулотга айлантириш лойиҳалари бўйича амалий жараёнлар кетмоқда. Бунинг учун эса юқори технологияли ускуналар ва ишончли ҳамкорлар керак бўлади, албатта.
Халқаро интеграция
Ўзбекистоннинг имкониятлари халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Канадада бўлиб ўтган Камёб ер элементлари уюшмасининг халқаро анжуманида ЎзТМК ҳам иштирок этиб, расмий аъзоликка қабул қилинди ва мамлакатимиз дунёнинг энг йирик камёб ер металлари саноати тармоғига қўшилди. Бу, айни пайтда, Ўзбекистон нодир минераллар глобал бозорига чиқаётганини англатади.
Ҳар бир давлат ўз ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали халқаро бозордаги ўрнини мустаҳкамлашга интилаётган бир пайтда Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда қолмаяпти. Ўз миллий бойликларининг стратегик аҳамиятини инобатга олган ҳолда, сўнгги йилларда хорижий ҳамкорликка кенг йўл очмоқда.
— Европа Иттифоқи ҳамда Япония, Жанубий Корея, Туркия, Германия, Хитой каби давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган, — дейди Урал Юсупов. — Мисол учун, Европа Иттифоқи мамлакатлари учун литий
ва кобальт каби элементлар устувор аҳамиятга эга. Чунки улар электромобиль саноатида етакчи ҳисобланади. Шу боис Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича қатор қўшма лойиҳаларни йўлга қўйдик. Бунда асосий мақсад — ресурсларни фақат хомашё сифатида экспорт қилиш эмас, балки уларни юртимизда ҳамкорликда қайта ишлаб, қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқаришдир.
Осиёнинг икки технологик гиганти — Япония ва Жанубий Корея билан ҳам ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқдамиз. Улар юртимизда юқори технологияли қайта ишлаш заводларини қуришга қизиқиш билдирмоқда. Тошкент вилоятида кукун металлургиясини ривожлантириш учун Корея Республикасидан 15,5 миллион долларлик грант ажратилган.
Туркия, Германия, Финляндия ва Хитой давлатлари компаниялари билан геология қидирув, минералларни бойитиш, гидрометаллургия, пирометаллургия лойиҳаларини техник иқтисодий асослаш ҳамда замонавий технологияларни етказиб бериш бўйича ҳамкорлик алоқаларини олиб боряпмиз. Масалан, Туркиянинг Остем компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Чирчиқ ва Оҳангарон, Самарқанднинг Нуробод ҳамда Жиззахнинг Зомин туманларида технопарклар барпо этяпмиз. Қисқаси, етмишдан ортиқ мана шундай лойиҳалар устида ишлар қизғин давом этмоқда.
Миллий манфаат — бирламчи
Хорижий ҳамкорлик, аввало, иқтисодий самараси билан аҳамиятли. Ҳамкорлик натижасида янги қўшма корхоналар ташкил этилади, экспорт ҳажми ортиб, миллий валютанинг барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади, янги иш ўринлари яратилади. Минтақада Ўзбекистоннинг геоиқтисодий нуфузи юксалади. Мутахассислар тайёрланиб, илм-фан билан ишлаб чиқариш интеграциясига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Албатта, ҳамкорлик жараёнида эҳтиёткорлик ва масъулият талаб этилади. Чунки ҳар қайси давлат учун миллий манфаатни ҳимоя қилиш биринчи ўринда туради. Айрим мамлакатлар тажрибаси шундан далолат бермоқдаки, ортиқча хорижий инвесторларга боғланиб қолиш миллий манфаатларни чеклаши мумкин. Шунинг учун, мутахассислар фикрича, Ўзбекистон шартномаларда ўз улуши ва назоратини қатъий сақлаб қолмоқда. Стратегик хомашё базаси устидан қатъий давлат назорати ўрнатилиши кераклиги, инвесторлар билан тузиладиган келишувларда экологик хавфсизлик, аҳоли саломатлиги ва табиат муҳофазаси биринчи ўринга қўйилган. Зеро, ўз бойликларимиздан оқилона ва адолатли фойдаланишимиз ҳамда келажак авлодлар учун экологик соғлом муҳит қолдиришга хизмат қилишимиз шарт.
Мутахассис тайёрлаш тизими тубдан ўзгарди
Юртимизда ноёб ва технологик металлар соҳасини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат ишлаб чиқариш тармоқларини, балки таълим тизимини ҳам қамраб олмоқда. Тоғ-кон саноатида ҳозирда бир юз йигирма мингдан зиёд мутахассислар фаолият юритмоқда. Шу пайтгача асосий урғу олтин, кумуш, мис, кўмир конларига қаратилиб, соҳа учун мутахассислар вазирлик тизимидаги Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Геология фанлари университетида тайёрланарди. 2024 йилдан бошлаб бу соҳани қайта кўриб чиқишга зарурат пайдо бўлди. Стратегик металлар ва минераллар соҳасини бугунги замон талабида юритиш бўйича янги талабдаги кадрларни тайёрлаш эҳтиёжи ортди. Чунки қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш учун мутахассисларга эҳтиёж тубдан ортмоқда. Эндиликда маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда кадрлар етказиб беришга жиддий киришилди. Бу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири — Технологик металлар олий мактабининг ташкил этилиши бўлди.
— Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) томонидан ташкил этилган олий мактабимиз металлургия, геология, кимё ва нанотехнология соҳаларида илмий салоҳиятли мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган, — дейди Технологик металлар олий мактаби мутахассиси Баҳодир Абдураҳмонов. — Бу ерда нафақат назарий билим, балки дуал таълимга асосланган амалий кўникмаларга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Яъни талабалар геология-қидирув ишлари, минерал хомашёни қайта ишлаш, ноёб металларни ажратиб олиш, улардан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар яратиш бўйича замонавий технологияларни пухта ўзлаштириш имкониятига эга бўлишмоқда.
Олий мактабда таълим жараёнлари халқаро андозалар асосида йўлга қўйилган бўлиб, замонавий лабораториялар, илмий-амалий марказлар ташкил этилган. Иқтидорли талабалар Канада, Япония, Германия ва Жанубий Корея каби мамлакатларда амалиёт ўтаб, тажриба орттириб келишмоқда. Энг муҳими, бу таълим муассасаси талабалари тўлиқ грант асосида ўқийдилар ва битирувчилар иш билан таъминланади.
Атроф-муҳитга зарар етмасин
Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ноёб металларни қазиб олишдаги муаммолардан бири — табиий муҳитнинг ифлосланиши ва аҳоли саломатлигига хавф масаласи. Бу ресурсларни қазиб олиш жараёнида тупроқ, сув, ҳаво ифлосланиши каби экология муаммолари юзага келиши мумкин. Масалан, Хитойда чиқиндилар нотўғри йўл билан йўқотилиши оқибатида сув ва тупроқ ифлосланган. Конгода ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилган.
Ўзбекистон эса ўз ресурсларидан самарали фойдаланиш билан бирга, халқаро стандартларга мос равишда экологик хавфсизликка жиддий эътибор қаратаётгани билан ҳам ажралиб турибди.
— Юртимизда қатор экологик талаблар жорий қилинмоқда, — дейди Амир Абидов. — Чиқиндисиз ва фильтрация технологияларидан фойдаланмаяпмиз. Ишлаб чиқаришда сарфланадиган сув ресурсларини иккинчи марта ишлатиш, конлар яқинидаги аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш учун ижтимоий дастурлар амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Яшил” технология деганда, атроф-муҳитга салбий таъсири деярли йўқ бўлган технологияларни тушунамиз. Бизнинг хомашёларимиздан ҳам “яшил” технологиялар ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, собиқ совет иттифоқи давридаги қазиб олиш ва қайта ишлаш натижасида йиғилиб қолган ва атроф-муҳитга зиён келтираётган кўп миқдордаги техноген чиқиндиларни ҳам қайта ишлаб, уларнинг экологияга таъсирини камайтиришга муваффақ бўляпмиз. Фаолиятимиз давомида бирламчи эътибор янги конларни ўзлаштириш, мавжудларини кенгайтириш ва энг муҳими, атроф-муҳитга зиён келтираётган техноген чиқиндиларни қайта ишлаш тамойилларига мувофиқ иш юритилмоқда.
Стратегик металлар ва минераллар — бугунги тамаддун ва келажак тараққиётининг асосий калитидир. Бу хомашёларсиз замонавий иқтисодиётни тасаввур этиш қийинлигини бот-бот таъкидлаяпмиз. Уларнинг тўғри бошқарилиши мамлакатнинг иқтисодий мустақиллиги, хавфсизлиги ва янги технологиялардаги рақобатбардошлигини таъминлайди. Шунинг учун ҳам бу мавзулар нафақат мутахассислар, балки Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган кенг жамоатчилик учун ҳам долзарбдир.
Ғолиб БАҲРОМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- “Барселона” қийин ғалабани қўлга киритди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг