Каттақўрғондаги Ингичка конида бойитиш фабрикаси иш бошлади
Фото: Халқ сўзи
Кейинги йилларда Каттақўрғон шаҳридаги Ингичка шаҳарчасида янги иш ўринлари яратиш ва ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида ижобий ишлар амалга оширилди. Бу борадаги ишларнинг давоми сифатида ушбу ҳудудда Ингичка вольфрам конининг техноген чиқиндиларини қайта ишлашга мўлжалланган фабрика иш бошлади.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 августдаги «2022-2026 йилларда «Олмалиқ КМК» АЖнинг «Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, унинг ижросига кўра Самарқандда Ингичка вольфрам конининг техноген чиқиндиларини қайта ишлаш учун ОКМКга ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи рухсатнома тақдим этилган эди.

Ингичка бойитиш фабрикасининг очилиш маросимида таъкидланишича, Олмалиқ кон-металлургия комбинати мутахассислари томонидан мазкур объектда республикада илк маротаба вольфрам таркибли техноген чиқиндиларни қайта ишлаш технологияси саноат миқёсида йўлга қўйилди. Мазкур технологиянинг саноатга татбиқ этилиши натижасида жорий йилнинг август ойида ушбу конда илк маҳсулот олинишига эришилди ҳамда ушбу маҳсулотга халқаро сертификат берилди.
«Олмалиқ КМК» АЖ таркибидаги Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг ривожланиш дастурига кўра, Ингичка конининг қолдиқларидан йилига 150 тонна қувватга эга вольфрам концентратини 35 фоиз вольфрам оксиди билан бойитиш режалаштирилган. Кейинчалик, Ингичка кони қолдиқлари ишлаб чиқаришга тўлиқ жалб қилинганда йилига 100 тонна вольфрам металли олинади.

Шу тариқа 2023 йили биринчи босқичда 5,7 миллиард сўмлик 100 тонна ва 2024 йилда 13,7 миллиард сўмлик 285 тонна вольфрам концентрати олинади. Қолаверса, келаси йили қўшимча экспортбоп умумий қиймати 1,8 миллион долларлик 27,0 тонна вольфрам штабиклари ва Маҳаллийлаштириш дастури доирасида вольфрам таркибли 27,9 миллиард сўмлик 36,0 тонна қаттиқ қотишмалар, асбоблар (кескич, парма) ишлаб чиқарилади.
— Ингичка вольфрам кони Зирабулоқ тоғларининг жануби-шарқий этакларида жойлашган бўлиб, ҳудудда ўртача 0,082 фоизлик 19 771 минг тонна ҳажмдаги вольфрам таркибли чиқиндилар мавжуд, — дейди «Олмалиқ КМК» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Абдулла Хурсандов. — Уларнинг таркибидан ойига 9-10 тоннагача вольфрам концентратини олиш мумкин. Чиқиндиларни қайта ишлаш, вольфрам концентратини ажратиб олиш ҳисобига янги турдаги юқори қўшилган қийматли экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилади. Бу йилига комбинатга 2,0 миллион доллар фойда келтиради.
Ушбу объектнинг ишга туширилиши ўз навбатида ҳудудни ривожлантириш ва биринчи босқичда 82 та ва иккинчи босқичда 200 та янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ва фаровонликка хизмат қилади.
Объектнинг очилиш тадбирида Самарқанд вилоят ҳокими Э. Турдимов иштирок этди.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг