«Каркидон» атрофида «яшил белбоғ» барпо этишга киришилди

12:04 17 Февраль 2025 Жамият
268 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Қува туманида жойлашган «Каркидон» сув омбори ҳудудида замонавий туризм маскани бунёд этиш режалаштирилган. Шу мақсадда ушбу маскан вилоятнинг туризм маршрутлари рўйхатига киритилиб, кенг қамровли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Айни кунларда сув омбори ҳудудидаги 270 гектар майдонда «яшил белбоғ» ташкил этишга киришилди. Шу муносабат билан ўтказилган дарахт экиш тадбирида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари, бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тадбир доирасида ҳудуднинг табиий иқлим шароитидан келиб чиқиб, манзарали дарахтлар экилди. Ландшафт архитектураси асосида яшил хиёбонлар барпо этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

— Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 11-12 июль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида вилоят фаоллари билан юзма-юз мулоқот ўтказилиб, яқин истиқболга мўлжалланган аниқ вазифалар белгилаб олинган эди, — дейди Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров.—Учрашувда вилоятда туризмни ривожлантириш, хусусан, «Каркидон» сув омбори ҳудудида сайёҳларни кенг жалб этиш мақсадида ҳордиқ масканлари барпо этиш таклифи илгари сурилди.

Ҳозирда сув омбори ҳудудида ёзги мавсумда мароқли дам олиш учун қулай шароитлар яратилган. Бундан буён йилнинг тўрт фаслида ҳам бу ерга маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни жалб этиш галдаги муҳим вазифалар сирасига киритилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?