Изланиш, имконият, қатъий тартиб – таълим жараёнининг сифатига кафолат беради

14:20 20 Июнь 2024 Илм-фан
298 0

Европа қитъаси ҳақида кўплар орзу қилишади, у ердаги мамлакатлар ҳаёти, иқтисодий ўсиш, таълим учун яратилган имкониятлар барчани ўзига жалб этиши табиий. Чунки ҳар қандай ривожланиш босқичида бўлган давлатлар аҳолиси, хусусан, олий маълумотли қатлами учун узоқ ва машаққатли иқтисодий ўсиш поғоналаридан ўтган ва ижтимоий соҳалари ҳам бирдек ривожланган Европа давлатларида тажриба алмашиниш жуда муҳим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонаси, Финляндиянинг Ўзбекистондаги фахрий консуллиги кўмагида Ҳелсинки, Юваскула педагогика университетлари ва Швециянинг Содерторн университети билан ҳамкорликда халқаро малака ошириш курсида иштирок этиш учун бир гуруҳ ҳамкасбларимиз билан 14-29 январь кунлари мазкур давлатларда хизмат сафарида бўлдик. Ушбу ўқув курслари давомида делегациямиз аъзолари таълим соҳасидаги мутахассислар кўмагида мактаблар ва олий таълим тизими фаолияти билан яқиндан танишди.

Таълим сифати бўйича дунёнинг етакчи мамлакати саналган Финляндияда мактаб болани мустақил ҳаётга ўргатиши керак, дея қабул қилинган тамойилга асосланади. Шу боис ҳам финлар орасида “Ё ҳаётга тайёрлаймиз, ёки имтиҳонларга. Биз биринчисини танлаймиз”, деган ибора машҳур. “Ўз ҳаётига ўзи масъул!” шиори фин ёшларини келажак сари етаклайди. Ўқувчини оддийликдан мураккаблик сари юришга ўргатиш, амалий жиҳатдан фойдали бўлган касбга йўналтириш айнан мактаб давридан бошланади.

Делегациямиз тўхталган биринчи манзил яъни таълим муассасалари бу мактаблар бўлди. Қизиқарли жиҳати, бу ерда мактаб фаолияти 3 та йўналишда олиб борилади: ўқувчилар билан боғлиқ барча масалалар билан Villages деб номланувчи бўлимлар ва моддий таъминот бўлимлари шуғулланади. Икки оғиз Villagesлар ҳақида. Villages – бу алоҳида бўлимлар (бинолар) бўлиб, уларда 1-2-синфлар алоҳида, 3-5-синфлар алоҳида, 6-синфлар алоҳида ва 0-9-синфгача махсус синфлар алоҳида таълим оладиган ҳудудлардир. Villagesларда 90 нафардан 140 нафаргача ўқувчига 10 нафар ўқитувчи ва ассистент сабоқ беришади.

Финляндия таълимида ўқишни истаган одам ўқийди, деган омил мавжуд. Қолаверса, педагоглар ўқувчининг эътиборини дарсга қаратишга ҳаракат қилишади. Ҳар бир ўқитувчи ўзи тўғри деб билган услубни қўллайди. Турли замонавий технологиялар асосига қурилган дарс сифатига ўқитувчи жавобгар бўлади. Энг яхши тизимда ҳам камчиликлар бўлиши табиий ҳол, албатта. Шунинг учун ҳам финлар эришилган ютуқлар билан чегараланиб қолишмайди. Изланиш, имконият, қатъий тартиб, ишонч ва тадқиқ ҳар қандай муаммонинг ечимига қаратилади. Мактаб таълимида имтиҳонлар йўқ. Назорат ишлари ва оралиқ тест синовлари – ўқитувчининг танловига қараб белгиланади. Умумтаълим мактабини тугаллашда фақат биргина мажбурий стандарт тест ўтказилади. Фақат шу билан баҳоланади ўқувчилар! Шу ва бошқа маълумотлар асносида ташкил этилган маҳорат дарсларида ҳамкасбларимиз Кати ва Мария, Ари Покканинг таълим ва дарс сифати ҳақидаги тажрибалари қизиқарли бўлди. Эътиборлиси, маданият ва қадрият, тарбия тушунчалари ҳар бир педагог дарс мазмунининг асоси эканлигига гувоҳ бўлдик.

Ташрифимизнинг яна бир мақсади нуфузли олий ўқув юртлари фаолиятини ўрганиш ҳамда келгусида мазкур таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат эди. Мен илмий ва педагогик фаолиятим давомида дунёнинг турли давлатларида бўлдим ва малака оширдим. Финляндия ва Швециядаги олий таълим тизимининг ўзига хос жиҳати талабаларга яратилган шароит ҳамда уларга билим беришнинг янгича ёндашуви ва янгича усуллари бизни ҳайратга солди. Талабаларда асосийси бир одат шаклланган: дарс жараёнларида оддий ҳолатдан мураккабликни кўра олиш ва яратувчанлик қобилиятингизни кўрсата олишингиз лозим.

Хизмат сафаримиз мобайнида жаҳонга машҳур педагогик таълимга ихтисослашган Хельсинки ва Юваскула педагогика университетларида ҳам бўлдик. Олийгоҳларда ўқитувчилар тайёрлаш, бакалаврият ва магистратура ўқув дастурлари билан ҳам яқиндан танишдик. Бу таълим муассасаларида ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган талабалар деярли йўқ. Дарс ҳар қандай тоифа учун бир хил тарзда, бир хил услубда ташкил этилган. Мустақил таълимга эътибор катта, ўзлаштира олмаётган талабанинг ўзи бўлмайди. Уларга турли хилдаги стипендиялар тақдим қилинади ва битирувчилар тараққий этган нуфузли компаниялардан иш таклифларини қўлга киритадилар.

Ювяскула педагогика университетда икки марта машғулотлар ташкил этилди. Университет қошидаги Финляндия институти илмий изланиш маркази профессори, (PhD) Жуҳани Раутопуро томонидан халқаро баҳолаш мезони, хусусан, “PISA”, “IAAC”, “TALIC”, “KAPPAS”, “TIMMS”, “PIRLS”, “ICCS”, “ICILLS” ва бошқа тизимларнинг ўзига хослиги, аҳамияти хусусида мазмунли маърузалар тингладик. Яна бир муҳим жиҳат: баҳолаш дастурлари орқали Финляндия таълим тизими далиллар асосида ўрганилиб борилади ва ушбу таҳлилий маълумотлар тингловчиларга тақдим этилади. Маъруза машғулоти давомида тингловчилар Финляндия ва бошқа бир қатор давлатлар таълим тизимининг сўнгги 20 йилликдаги натижалари ва уларнинг таҳлиллари билан танишишди. Маъруза якунида таълим тизими жумладан, ушбу тизим сифатини баҳолаб боришнинг ютуқлари ва камчиликлари, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган масалалар юзасидан қизғин савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Яна бир малакали мутахассис Арто Икконен томонидан илмий тадқиқот ҳамда ахборот-ресурс марказларининг онлайн платформалари ва уларнинг ташкилий тузилишига оид маъруза машғулотида университетнинг кутубхонаси ҳамда ўқув, илмий адабиётларни сақлаш музейлари, илмий нашрлар, монографиялар, нашриёт ва тадқиқот марказлари, шунингдек, талаба-ёшлар ва ушбу базадан фойдаланишни истаган фуқаролар учун бериладиган бепул онлайн маълумотлар платформаси ҳақида тушунчалар берди. Жумладан, биргина 2022 йилда университет олимлари томонидан 3500 дан ортиқ илмий ресурс яратилган бўлиб, ушбу маълумотларнинг 80 фоизи ҳам юқоридаги платформага жойлаштирилганлиги ва бу маълумотлардан барча фойдаланиши мумкинлигини эътироф этилди.

Шунингдек, малака ошириш режасига мувофиқ кафедра мудири Эижа Аалто ҳам сифатли контент билан бизни ҳайратга солди. Эижа хоним Финляндия таълим тизими, унинг босқичлари бўйича тақдимот ўтказди. Педагог-ходимлар тайёрлаш доирасида дастурлар, талаб этиладиган салоҳият ва малака ҳақида тўхталиб ўтди. Айниқса, бошланғич таълим ўқитувчиларини тайёрлашда Юваскула университети ёндашадиган инновацион ва самарадор ўқув дастурлари иштирокчилар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Шунингдек, Эижа Аалто хоним ўз тақдимотида педагоглар тайёрлаш ва уларнинг салоҳиятларини ошириш бўйича Финляндияда кенг фойдаланадиган 5 босқичли таълим дастури ҳақида ҳам маълумот берди. Бу дастур ҳар бир педагогик йўналишда йўлга қуйилган ва талабага 25 кредит тақдим этади. 5 босқичли таълим дастурида мулоқот ва ҳамкорлик, ўрганиш ва йўналиш, таълим, жамият ва ўзгариш, билиш ва тажриба, илмий фикрлаш ва билимдан ташкил топган.

Швециянинг Стокгольм шаҳрида Содертон университети ҳамда Болтиқбўйи мамлакатлари тадқиқот марказига ташриф буюрдик. Университет ректори Густав Амберг ва элчихона вакиллари томонидан делегациямиз аъзолари илиқ кутиб олинди. Университет бўйлаб танишув, дарс жараёнлари иштирокимиз мобайнида кўплаб янгиликлар билан танишдик. Олиб борилган музокаралар давомида Ўзбекистон олий таълим муассасалари ва Содертон университети ўртасида педагог ва ўқитувчиларни тайёрлаш соҳасида қўшма дастурларни ишлаб чиқиш, ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, Швецияда қисқа малака ошириш курсларини ташкил қилиш, Тошкент ва Стокгольмда шаҳарларида қўшма конференциялар ва семинарлар ўтказиш ҳамда бошқа бир қатор йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.Ташриф якунида Содертон университети билан қатор соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Шунингдек, Болтиқбўйи мамлакатлари тадқиқот марказидаги шарт-шароитлар, олиб борилаётган илмий ишлар ва изланувчиларнинг фаолияти билан танишишдик. Энг асосийси, таълим сифати бўйича марказ тадқиқотчилари билан тажриба алмашдик.

Хуллас, таассуротлар бир олам. Ўрганган тажрибаларимизни амалда ўзимизнинг таълим тизимимизга тадбиқ этсак, кўзланган марраларга эришамиз.

Зокир Меҳриқулович Базаров,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети

таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?