Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли хил маълумотларга “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi”АЖ изоҳ берди

15:29 05 Сентябр 2024 Жамият
527 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Жорий йил 5 сентябрь куни “Тошкент марказий” темир йўл вокзалининг мажлислар залида “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” акциядорлик жамияти бош директори Ш.Қодиров бошчилигида, Оммавий ахборот воситалари ходимлари учун, тизимда амалга оширилаётган ишлар, йўловчиларга яратилаётган қулайликлар, кўрсатилаётган сервис хизматлар ҳамда электрон чипталар  сотувининг бугунги ҳолати, келгуси режаларга бағишлаб матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда таъкидланганидек,“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ йўловчи ташишни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш муҳимлигига катта аҳамият беради. Шу мақсадда босқичма-босқич ишлар амалга оширилмоқда.  Матбуот анжумани аввалида “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” акциядорлик жамияти бош директори Ш.Қодиров томонидан сўнгги бир йил давомида амалга оширилган ишлар қўлга киритилган ютуқлар ҳамда галдаги режалар хусусида кенг маълумотлар бериб ўтилди.

Эътироб қилинишича, 2023-2024 йиллар давомида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi”АЖ даромадларнинг таъсирчан ўсиши ва харажатларнинг пасайишини намойиш этди. Даромадлар 130 фоизга ошди ва харажатлар 125 фоизга камайди, бу жамиятнинг муваффақиятли фаолияти ва самарали молиявий бошқарувидан далолат беради.

Хусусан, ажратилган имтиёзли кредитлар ва режадан ташқари капитал таъмирлаш туфайли 28 та янги замонавий вагонларни сотиб олиш ва 58 та мавжуд вагонларни таъмирлаш мумкин бўлди.

Йўловчи вагонлари паркини тўлдириш натижасида Тошкент, Нукус, Қўнғирот, Урганч ва Хива шаҳарлараро йўловчи поездлари таркибидаги вагонлар сони 14 тадан 22 тагача кўпайтирилди.

Шунингдек, “Тошкент – Сариосиё – Тошкент” йўналиши бўйича 15 вагондан иборат алоҳида йўловчи поезди ишга туширилди. Бундан ташқари, “Қўнғирот – Андижон – Қўнғирот”, "Андижон – Термиз – Андижон" йўналишларида йўловчи поездлари сони биттага кўпайтирилди. Шу билан бирга, "Андижон – Хонобод – Андижон", "Наманган – Чодак – Наманган" йўналишларида янги шаҳар атрофи йўловчи поездлари ҳаракати ташкил этилди.

Янги йўловчи поездларининг ишга туширилиши ва турли йўналишларда вагонлар сонининг кўпайиши туфайли жамият ташиладиган йўловчиларнинг ўртача сонини кунига 27 541 кишига етказишга муваффақ бўлди. Бу темир йўл хизматларига талабнинг ошиши ва транспортнинг рақобатбардошлигини кўрсатади.

Электрон сотувларнинг 40 фоиздан 60 фоизгача ўсиши йўловчилар янги технологияларни қадрлашини ва улардан қулайлик учун фойдаланишга тайёрлигини кўрсатади.

Яна бир муҳим ўзгариш – бу йўловчиларга йўлда қўшимча хизматларни, шу жумладан вагон таснифини бошқасига ўзгартириш имкониятини берадиган электрон тўлов тизими.

Матбуот анжумани очиқ мулоқот ҳамда савол жавобларга бой тарз давом этди. Журналистлар, йўловчилар томонидан қилинган мурожаатлар, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли хил маълумотлар, йўловчи вагонларнинг ҳолати ва вагон кузатувчиларнинг фаолияти, электрон чипта харид қилиш каби ўзларини қизиқтирган  кўплаб саволларига мутахассислардан жавоблар олишди.

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?