Ижодий мулоқот: “Охунжон Ҳакимов ва Йўлдош Сулаймон публицистикаси”

Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов, атоқли ижодкор Йўлдош Сулаймон таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан адабий кеча ташкил этилди.
Юзма-юз мулоқотда пойтахтдан келган шоир-ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, республика марказий ОАВ бош муҳаррирлари, фарғоналик ижодкорлар, талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маълумки, ҳар икки адиб ҳам узоқ йиллар мобайнида вилоят, республика газеталарида самарали фаолият кўрсатган. Шу боис тадбир доирасида “Охунжон Ҳакимов ва Йўлдош Сулаймон публицистикаси” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда таниқли шоир ва ёзувчилар Абдусаид Кўчимов, Аҳмаджон Мелибоев, Фарида Афрўз, Мунаввара Усмонова, Фармон Тошев, Ҳусан Эрматов ва бошқалар икки адибнинг ўзига хос ижодий фазилатлари хусусида сўз юритишди. Икки устоз ёзувчининг замондош ва шогирдлари, оила аъзолари улар билан боғлиқ илиқ хотираларни эсга олдилар.
— Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ташаббуси билан Фарғона туманидаги “Аввал” МФЙда жойлашган кўчага Охунжон Ҳакимов номи берилгани бизни беҳад мамнун этган эди, — дейди шоирнинг қизи Дилдор Ҳакимова. — Оиламиз истиқомат қилган хонадон пештоқига “Бу уйда Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов яшаган” деган ёзув туширилган лавҳ ўрнатилган.
Икки қадрдон дўст – Охунжон Ҳакимов ва Йўлдош Сулаймон хотирасига бағишланган бу каби тадбирларнинг Фарғона вилояти шаҳар-туманлари бўйлаб ўтказилиши режалаштирилгани халқимиз севимли ижодкорларини асло унутмаслигидан далолат беради.
Айтиш жоиз, 29 сентябрь кунидан Фарғона вилоятида адабиёт кунлари бошланди. Бу борада Фарғона вилояти ҳокимининг тегишли фармойиши қабул қилинган бўлиб, миллий адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган улуғ ижодкорларнинг юбилейларини кенг нишонлаш ҳамда жойларда турли адабий-маърифий учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Хусусан, Муқимий таваллудига 175 йил, Мирзо Ҳўқандий таваллудига 145 йил, Ашурали Зоҳирий таваллудига 140 йил, Чархий таваллудига 125 йил, Собир Абдулла таваллудига 120 йил, Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов ва шоир Йўлдош Сулаймон таваллудига 90 йил, таниқли ижодкор Мақсуда Эгамбердиева ҳамда Ғулом Фатхиддин таваллудига 70 йил, Аъзам Ўктам таваллудига 65 йил ҳамда Минҳожиддин Мирзо таваллудига 60 йил тўлганлигини муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтади.
Бугун тадбир қатнашчилари Қўқон шаҳрида тантанали равишда кутиб олинди. Айни пайтда вилоят бўйлаб таниқли ижодкорларнинг таваллуд айёмига бағишланган адабий кечалар, маънавий-маърифий учрашувлар давом этмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Доллар курси тушишда давом этмоқда
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг