Иттифоқчилик янги уфқлар сари йўл очади

Жаҳон сиёсий саҳнасида мураккаб ва таҳликали жараёнлар кечаётган бир пайтда Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари ўртасидаги муносабатлар нафақат қардошлик, балки стратегик иттифоқчилик асосида янги босқичга кўтарилди. Жорий йилнинг 2–4 июль кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иштирок этиши мамлакатимиз учун катта сиёсий, иқтисодий ва илмий-маърифий аҳамиятга эга бўлди.
Ушбу ташриф доирасида имзоланган 16 та икки томонлама ҳужжат орасида таълим, илм-фан, инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган келишувлар алоҳида аҳамият касб этади. Бу эса Президентимиз томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсатда фан, таълим ва инновацияларга устувор аҳамият қаратилаётганидан далолат беради. Айниқса, мактабгача таълимдан тортиб, олий таълим ва илмий-тадқиқот ишларигача бўлган соҳаларни қамраб олган келишувлар Ўзбекистон ва Озарбайжон республикалари ўртасидаги узоқ муддатли илмий-маърифий ҳамкорликнинг пойдеворини янада мустаҳкамлайди.
Бу борада Андижон давлат университети мисолида амалий натижаларни кўриш мумкин. Жорий йилнинг 28–29 май кунлари мазкур университетда бўлиб ўтган “Ўзбекистон – Озарбайжон: олий таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” мавзусидаги ректорлар форуми шундай ютуқлардан биридир. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Озарбайжон Республикаси Фан ва таълим вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу нуфузли форумда 50 дан ортиқ олий таълим муассасаси раҳбарлари иштирок этиб, ҳамкорликнинг янги механизмларини муҳокама қилишди. Форумда қўшма таълим дастурлари, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, технопарклар ташкил этиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, ҳамкорликда халқаро илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича келишувларга эришилди. Бу эса нафақат ҳар икки мамлакат фан-таълим тизимини ривожлантиради, балки минтақавий барқарорликка ҳам ҳисса қўшади.
Келгусида Андижон давлат университети Озарбайжоннинг етакчи олийгоҳлари билан илмий ҳамкорликни кенгайтириш, талабалар учун қўшма маҳорат дарслари ва магистратура дастурларини йўлга қўйиш, шунингдек, илмий инновацион марказларни ташкил этишни мақсад қилган. Бу орқали ҳар икки давлат ёшлари учун янги имкониятлар эшиги очилади. Шу тариқа, икки давлат раҳбарлари томонидан имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари, таълим соҳасида ҳам амалий натижалар билан тўлдирилиб, ёш авлод учун мустаҳкам пойдевор яратилади. Демак, Президентимиз ташрифи нафақат сиёсий, балки маърифий ва илмий соҳалар ривожи йўлида ҳам юртимиз учун манфаатли қадам бўлади.
Талантбек МАДУМАРОВ,
Андижон давлат университети проректори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг