Истиқбол қадамларига мустаҳкам замин

20:43 16 Март 2022 Жамият
926 0

Бугунги ислоҳотлар мазмуни «Инсон қадри учун» тамойилининг моҳиятига қаратилган. Бунда, аввало, маҳаллада аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш, уларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш ва розилигига эришиш бош мақсад қилиб олингани саъй-ҳаракатларга қанот бўлаётир.

Халқона қадриятларимиз маҳаллада шаклланиб, тобора сайқал топиб боряпти, десак, тўғри бўлади. Шу мақсадда Жиззах вилоятида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг ташаббуси билан тизимли тадбирлар ташкил этилмоқда.

Фориш туманидаги Илонли қишлоғида истиқомат қилувчи Қобил бобо Олқоров бу йил 85 ёшни қарши олади. Ўтган асрнинг айни қаҳатчилик йилларида туғилиб, умри таёқ ушлаб, туёқ орқасида ўтган Қобил бобо йигитлик чоғидаёқ чорвадор бўлиб ном чиқарган. Элда азизлик мартабасига эришган. 10 фарзандни оқ ювиб, оқ тараган, саксон нафардан зиёд невара-эвараларнинг бобоси бўлган Қобил бобонинг ҳаёт ҳақиқати бугунги авлод учун ўрнак, истиқбол қадамларига мустаҳкам замин.

Қобил бобо сингари инсонлар оилаларнинг бебаҳо нуронийлари, юртимизнинг файзи шукуҳи. Нуронийлар тажрибасини ёшлар тарбияси учун боғча ёшиданоқ қўллаш, уларга тўғри йўл кўрсатиш керак. Айни мана шу мантиққа асосланган маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизими ёшлар ҳаётининг барча босқичини қамраб олган.

Ватанни севиш, уни асраб авайлаш, бу — ўзбекона тарбиянинг асоси. Нуроний отахон-онахонлар ва ёшлар суҳбати Жиззах чўлларини ўзлаштириш жараёнлари, бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимизда инсон манфаатларини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида бўлди.

Қайд этиш керак, халқ билан мулоқот қилиш, аҳоли муаммоларини чуқур ўрганиш ва уларга ечим топиш муҳим масалалардан бири.

Фикримизни Жиззах вилоятидаги айрим туманлар ва Сирдарё вилоятларида амалга оширилаётган ишлар билан давом эттирсак.

Таҳлилларга кўра, жойларда амалга оширилган ишлар баробарида фуқароларни ташвишга солаётган ва ечимини кутиб турган масалалар етарли. Мисол учун, Дўстлик туманидаги 63 та кўпқаватли уйларда 888 та, 23 та эски барак уйларда 140 хонадон истиқомат қиладиган Чинобод маҳалласи аҳолиси билан мулоқотларда кўпқаватли уйлар атрофидаги инфратузилма объектлари қурилиши ниҳоясига етказилмаганлиги аён бўлди. Комплекс тадбирлар доирасида масалалар ижобий ҳал этилмоқда.

Шу билан бирга, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошчилигидаги тегишли идоралар раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ Арнасой туманидаги Чинобод ва Бобур номли, Зарбдордаги Андижон номли қишлоқлар каби марказдан олис ва энг чекка, шароити нисбатан оғир 16 та аҳоли яшаш манзилида ўтказган ўрганишлари давомида фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилиниб, аниқланган 200 дан зиёд ижтимоий муаммоларга ечим белгиланди.

Ҳаёт ва турмуш муаммолари ечимига қаратилган ана шундай ишлар Сирдарё вилоятида ҳам татбиқ этилмоқда. Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятида аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида йигирмадан зиёд олис ҳудудларида бўлиб, аҳоли билан мулоқотлар ўтказди.

Одамлар кўз ўнгида турмуш учун салбий таъсирга эга ҳолатларни тезда бартараф этишнинг аниқ муддатлари белгиланди. Мисол учун, Сардоба туманининг марказдан узоқ Файзлиобод маҳалласига элтувчи тузукроқ йўлнинг ўзи йўқ, электр таъминоти эса таъмирталаб. Бу ишлар маҳалла масъуллари ва Халқ қабулхоналари мутасаддилари назорати остида август ойигача тўлиқ якунланадиган бўлди.

Соатлар ўтмасдан ишлаб бошланди, қурилиш материаллари келтирилиб, таъмирлаш ишлари кенг кўламда бошлаб юборилди. Аввал 15 километрга яқин ички йўллар ва яна шунча тротуарлар қуриладиган бўлди. Бир вақтнинг ўзида электр ҳамда ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича ҳам ишлар бошланди.

Яна бир жиҳат шундаки, муаммолар ечимида, аҳоли билан мулоқотларда нуронийларнинг ўрни алоҳида. Шарқона тарбия шундайки, катта авлод вакиллари кичикларга доимо ўрнак бўлиб келади. Бу эса юртимиз ривожи ва ёшлар тарбиясида муҳим ўринга эга.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?