Истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқингизни биласизми?

Истеъмол инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқларини билиш эса уни ҳамма нарсага онгли равишда ёндашаётганлигини билдиради. Бу борада бизга қандай ҳуқуқлар берилганлиги ва уларни қандай самарали ҳимоя қилиш ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Кейинги пайтда кўп истеъмолчилар ўз ҳуқуқларидан бохабарлиги қувонарли, албатта.
Жорий йилнинг саккиз ойида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг Фарғона вилоятидаги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 582 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларни ўрганиш ва ҳал қилиш якунларига кўра, истеъмолчилар фойдасига 1 миллиард 450 миллион сўмдан ортиқ маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинди. Шу маблағнинг 409 миллион сўми судларга киритилган даъво аризалари кўриб чиқилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига ундирилган моддий ва маънавий зарар миқдорини ташкил этади.
— Ҳар қандай шароитда ҳам истеъмолчи ҳақ, — дейди Федерациянинг Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси раҳбари Аҳрор Раҳмоналиев. — Бундан икки йил аввал Қувасой шаҳрида истиқомат қилувчи М.Ю.дан номида ҳеч қандай кредит бўлмаса-да АТ "Халқ банки" томонидан банк пластик картасидан асоссиз равишда маблағ ечиб олинганлиги бўйича ариза келиб тушганди. Истеъмолчи манфаати устуворлигини таъминлаш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси киритилиб, суд қарори билан унинг фойдасига 2 миллион 839 минг сўм моддий ва маънавий зарарлар ундириб берилди.
Низолар юзага келганда истеъмолчи истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими, суд ёки бошқа назорат органлари бўлсин, турли органларга мурожаат қилиш имкониятига эга.
— Яқинда шу истеъмолчидан яна бир мурожаат келиб тушди, — дейди Федерациянинг Фарғона вилоятидаги ҳудудий бирлашмаси шўъба бошлиғи Фахриддин Бойназаров. — Мазкур банк томонидан унинг пластик картасидан такроран 3 миллион 789 минг сўм маблағ ечиб олинган. Истеъмолчи мурожаати асосида банк муассасасига сўров хати киритилиб, ўрганишлар олиб бориш жараёнида мурожаатда келтирилган важлар ўз исботини топди. Натижада бу маблағ тўлиқ истеъмолчининг банк пластик картасига қайтарилди. Келгусида ушбу ҳолат такрорланмаслиги учун унинг исм-шарифи электрон базадан узилиши таъминланди.
Айниқса, коммунал хизматлардан фойдаланишда истеъмолчилар тегишли ташкилотнинг расмий сайтидаги шахсий кабинетини бошқаришни ўрганиши муҳим. Айнан коммунал хизматлар соҳасида бундай муаммолар кўп. Афсуски, ўрганишлар мобайнида аксарият ҳолларда истеъмолчилар коммунал хизмат идоралари расмий сайтида ўз шахсий кабинети ташкил қилинганлигини билмаслиги ёки ушбу қулайликка эътиборсизлик билан қарамоқда.
Олтиариқ туманида яшовчи И.М.нинг мурожаатини ўрганиш давомида шундай ҳолатга дуч келинди. Хонадонда ичимлик сув истеъмоли сув ҳисоблагич воситасида олиб борилади. Лекин истеъмолчи томонидан сув ҳисоблагич кўрсаткичлари биллинг базага ўз вақтида киритиб борилмаган. Шу сабабли 508 минг сўм асоссиз қарздорлик юзага келган. Ўрганишлар давомида мазкур қарздорликни бартараф қилиш чораси кўрилди. Аммо бу ҳолат истеъмолчининг турли идораларга мурожаат қилиши, вақт йўқотиши ва турли асаббузарликларга сабаб бўлгани ачинарли.
Бугун хусусий секторда истеъмолчиларга ўз эътирозларини ўрнида билдириши учун имкониятлар яратиб бериш масаласи ҳаётий заруратга айланмоқда. Албатта, давлат идораларига ўз ариза, шикоят ва таклифлари билан ёзма ёки электрон тарзда мурожаат қилиб келаётганларга тегишли шароит яратилган. Бугунги кунда хизматларнинг аксарият қисми хусусий сектор томонидан кўрсатиладиган истеъмолчи сотилган маҳсулот, кўрсатилган хизмат, бажарилган иш юзасидан ўз эътирозини хусусий сектор масъулига юқоридаги шаклларда билдириш имкониятига эгами?
Амалиётда харид қилган маҳсулотида нуқсон аниқланган истеъмолчи кўпинча ўз эътирозини савдо дўкони ходимига фақат оғзаки билдиради. Бундай тадбиркорлик субъектларида аксарият ҳолларда истеъмолчи ўз эътирозини билдиришига шикоят ва таклифлар дафтари, электрон мурожаат қилиш учун алоқа маълумотлари шакллантирилмаган. Оқибатда истеъмолчининг сотувчига қилган оғзаки равишдаги эътирози ҳеч қаерда расмийлаштирилмайди. Шу боис сотувчи уни ҳафталаб, ойлаб сарсон қилади. Белгиланган тартибда эътирознома ёзиб, уни сотувчига тақдим қилиш, у олишдан бош тортган тақдирда почта орқали юбориб, низони ҳал қилишда асқатадиган таянч нуқта – ўзининг илк мурожаат қилган кунини қонуний қайд қилишдир. Талаблари ўз муддатида кўриб чиқилмаган, тегишли тартибда ҳал қилинмаган тақдирда эса қонун талаблари бўйича пеняларни ундириб олиши имкониятига эга.
Яқинда Фарғона вилояти Рақобат бошқармаси сўрови ва танлама асосда истеъмолчиларга савдо ва умумий овқатланиш, дори воситалари ва тиббий буюмларни сотаётган қарийб 100 субъектда бу борада яратилган имкониятлар ўрганилди. Бор-йўғи 25 фоизида истеъмолчи ўз эътирозини оғзаки равишда билдиришидан ташқари шикоят ва таклифлар дафтарига ҳам қайд қилиши учун имкониятлар яратилган, холос. Уларнинг бир-иккитасида шикоятни электрон шаклда ҳам қабул қилиш имконияти мавжудлиги даъво қилинган бўлса-да, электрон манзил истеъмолчилар танишиши учун қулай жойга қўйилмаганлигини кўрсатади. Аксинча кузатувдан ўтказилган тадбиркорлик субъектларининг деярли тенг ярмида кириш қисмига ҳатто субъектнинг номи, юридик манзили ва иш тартибини кўрсатувчи пешлавҳалар ҳам ўрнатилмаган. Бу истеъмолчи учун эътирозни ёзма равишда беришда қийинчилик туғдиради.
Бир қарашда оддий ҳолатдек туюладиган бундай шароитлар тўлиқ яратиб берилиши истеъмолчига қулай бўлиши билан бирга, тадбиркорга ҳам ўз бизнесини самарали назорат қилиш, мурожаатлар турли давлат идораларигача етиб бориб, текширилишигача бўлган ортиқча “бош оғриқ”лардан холи бўлиш имконини беради. Истеъмолчи манфаати устуворлигини таъминлашда бу оддий, лекин муҳим ҳаётий қоидага айланиши керак.
Ботир МАДИЁРОВ
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг