Истанбул мэрини ҳибсга олиниши Туркияда норозилик намойишлари бошланишига сабаб бўлди
Туркиянинг қатор шаҳарларида минглаб турклар Истанбул мэри Акром Имомўғли ҳибсга олингани сабабли норозилик билдирмоқда.
Имомўғли Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг энг кучли рақиби ва мухолифат Республика халқ партиясининг машҳур сиёсатчиси ҳисобланади. У Туркия давлати томонидан террористик ташкилот сифатида тан олинган Курдистон ишчи партиясини қўллашда ва коррупцияда айбланмоқда.
Эрдоған танқидчилари бу айбловларни уйдирма, деб баҳоламоқда. Имомўғлининг ҳибсга олиниши эса мухолифатга сиёсий зарба сифатида қабул қилинган. Истанбул мэрининг қўлга олиниши Туркиядаги репрессиялар тўлқинининг бир қисми бўлиб, сўнгги ҳафталарда ўнлаб мухолифатчилар, журналистлар, санъат арбоблари ҳибсга олинган. Уларга шубҳали айбловлар қўйилган.
Келаётган якшанба куни партия Имомўғлини Эрдоғанга қарши президентликка номзод сифатида расман кўрсатишни режалаштирган эди. Бу 2003 йилдан бош вазир 2014 йилдан буён президентлик курсисида ўтирган амалдаги Туркия раҳбарини ҳокимиятдан четлатишнинг дастлабки қадами сифатида қаралаётганди.
Имомўғли тарафдорларини қаршилик кўрсатишга чақирди. «Одамларнинг иродасини қўрқитиш ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар билан бостириш мумкин эмас», — деган сиёсатчи.
Республика халқ партияси раҳбари Ўзғур Ўзел Имомўғли ҳибсга олинганига қарамай президентликка номзод бўлишини эълон қилди. Сиёсатчининг ўзи ҳуқуқ ва эркинлик учун курашни давом эттиришга ваъда берган. Бир неча кун олдин Истанбул университети сиёсатчининг дипломини бекор қилган эди. Бу унинг сайловларда иштирок этишини чеклайди.
Шаҳар ҳокимлиги ташқарисида юзлаб одамлар тўпланишиб, мэрнинг озод бўлишини талаб қилмоқдалар. Эрдоған ҳукумати вазиятни юмшатиш учун намойишлар ўтказишни тақиқлаб қўйди. Ижтимоий тармоқларга чекловлар киритди. Истанбулда иккита метро линияси ёпилди, блокпостлар ўрнатилди. Журналист Эрен Гуверчин «Bild» нашрига Эрдоған мухолифат билан ҳар қачонгидан ҳам қаттиқроқ курашаётганини айтди.
2019 йилда у Истанбул мери сифатида сайловда ғалаба қозонганида ҳам Эрдоған партияси уни сайловларни сохталаштиришда айблади. Такрорий овоз беришда Имомўғли 800 мингдан кўпроқ овоз олган.
Шунингдек, мэр ҳибсга олингандан сўнг, Истанбул биржасидаги савдо вақтинча тўхтатилди. Биржанинг асосий индекси деярли 7 фоизга тушиб кетди. Лира рекорд даражада пастлаган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- “Инсоният цивилизациясига асос бўлган ютуқлар шу заминдан келиб чиққан” — Парагвай Президенти
- Дуал таълим — етук мутахассис тайёрлаш кафолати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг