Исроилнинг «кенг ва қабиҳ мақсадлари» бор — Туркия президенти

11:55 17 Июнь 2025 Дунё
275 0

Фото: Anadolu Agency

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Тел-Авивнинг ҳаракатларини қоралаб, Исроил — Эрон можаросини дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирди.

«Жума кунидан бери шахсан мен ҳам, ташқи ишлар вазиримиз ҳам Исроил ва Эрон ўртасидаги можарога барҳам бериш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларни фаол давом эттирмоқдамиз», — дейди Эрдоған.

Унинг қўшимча қилишича, Исроилнинг Эрон ядровий иншоотларига ҳужум қилиш баҳонасида амалга оширган тажовузи янада кенгроқ ва қабиҳ мақсадларни кўзлагани кундан-кунга ойдинлашиб бормоқда.

«Биз бошиданоқ Эрон ядровий дастури бўйича келишмовчиликлар музокаралар столида ҳал қилиниши кераклиги ҳақидаги позициямизни сақлаб келганмиз ва бугунги кунда ҳам бизнинг позициямиз ўзгаришсиз қолмоқда», дейди Туркия етакчиси Анқара муаммони тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини таъкидлаб. Шу ўринда Эрдоған Исроилни Ғазо ва Эрондаги тажовузи учун танқид қилди.

«Минтақамизда ҳақиқатни ҳисобга олмасдан қилинган ҳар бир қадам янги офатларга олиб келади. Бундай офатлар одатда золимларнинг қулаши билан тугайди», — дейди Эрдоған.

Унинг қўшимча қилишича, Ғазони харобага айлантирган ва минтақадаги барча мамлакатларга нисбатан тажовузкорлик кўрсатаётган Исроил ўз хатолари кўламини англаб етиши мумкин, аммо ўша пайтга келиб ҳаммаси қайтариб бўлмайдиган даражада йўқолади.

«Ҳар бир зўравонлик ҳаракати, тўкилган ҳар бир томчи қон, инсониятга қарши ҳар бир жиноят билан Исроил ўз ҳаётини ва халқининг келажагини хавф остига қўяди», — дея огоҳлантирди Туркия президенти.

Минтақадаги урушлар, жумладан, Россия — Украина можароси фонида Эрдоған Туркиянинг мудофаа саноатидаги муваффақиятларини қайд этди ва миллий маҳсулот KAAN қирувчи самолётларини Индонезияга 15 миллиард долларга экспорт қилиш бўйича келишувни эълон қилди.

«Ғурур билан айтишим мумкинки, энг қийин босқич ортда қолди. Арсеналимизга кирган бу маҳсулотлар энди серийали ишлаб чиқаришга тайёр… Бугун биз кечагидан ҳам кучлимиз, эртага ҳам, Аллоҳнинг иродаси билан бугундан ҳам кучлироқ бўламиз», — деди президент Туркия 23 йил ичида учувчисиз самолётлар соҳасида етакчига айланганини таъкидлаб.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?