Исроил кучлари Ғазо болаларини атайлаб нишонга олмоқда — кўнгилли шифокорлар гуруҳи

Ғазода кўнгилли сифатида фаолият юритаётган хорижлик шифокорлар Исроил аскарларини болаларни атайлаб нишонга олаётганликда айблади. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри маълум қилди.
Хабарда айтилишича, ҳудудда фаолият юритаётган кўнгилли шифокорлар гуруҳи касалхонага келтирилган ярадор болаларнинг аксарида бош ҳамда кўкрак қисмидан ўқ ейиш ҳолатларини қайд этган. 15 нафар шифокор 114 нафар вояга етмаган болаларни айнан шундай жароҳатлар билан қабул қилганини билдирган.
Америкалик тез тиббий ёрдам шифокори Мими Сайеднинг таъкидлашича, у ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида 18 нафар боланинг бош ҳамда кўкрак қисмидан ўқ еганига гувоҳ бўлган.
Яна бир калифорниялик жарроҳ Фероз Сидхва ҳам болалар билан боғлиқ шундай ҳолатга дуч келгани ҳақида гапирган.
«Аввалига бу ҳолатга эътибор бермадим. Сўнгра бошқа шифокорлар билан шу масалада маълумот алмашдим. Маълум бўлдики, Исроил аскарлари болаларни атайлаб нишонга олмоқда. Ҳудуддаги ҳамкасбларимнинг аксарида шу ҳолат кузатилган. Болалар бош ва кўкрак қисмидан олган жароҳатлари сабаб шифохоналарга олиб келинган. Исроил аскарлари болаларни атайлаб нишонга олмоқда», — дейди жарроҳ.
Суд-тиббиёт мутахассислари болалар билан боғлиқ ушбу ҳолатни таҳлил қилиб, рентген натижаларини ўрганган.
Маълум бўлишича, болалардаги жароҳатлар портлаш натижасида сочилиб кетадиган металл парчалар эмас, балки снайпер ёки дрон ёрдамида нишонга олиниш ортидан қоладиган жароҳатлардир. Шунингдек, Голландия армиясининг собиқ қўмондони Март де Круифнинг таъкидлашича, болаларнинг боши ёки кўкрак қисмидан ўқ ейишини асло бахтсиз ҳодиса сифатида изоҳлаб бўлмайди.
Маълумот учун, аввал ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилган. 2024 йил август ойида 160 дан ортиқ бола отиб ўлдирилганини, улардан 95 нафари бош ёки кўкрак қисмидан нишонга олингани ҳақида хабарлар тарқалган. Мазкур ҳолат 2023 йил октябридан 2024 йилнинг июлигача бўлган даврда қайд этилган.
Фаластин Инсон ҳуқуқлари маркази эса 2024 йил декабридаги «Авлод йўқ қилинди: Ғазо болалари геноцид тўсиқларида» номли ҳисоботида Исроил аскарлари болаларни атайлаб йўқ қилаётгани ҳақида баён қилган.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йил 7 октябридан буён Исроилнинг ҳарбий ҳаракатлари туфайли қарийб 20 минг нафар бола ҳалок бўлган. БМТ ҳисоботларида Ғазода ҳар куни ўртача 28 бола ҳаётдан кўз юмиши айтилган. Бундан ташқари, уруш даврида камида 21 минг нафар бола ногирон бўлиб қолган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг