Иштихон туманида янги кластер корхонаси иш бошлади

21:37 29 Октябр 2021 Жамият
716 0

Фото: Халқ сўзи

Давлатимиз раҳбарининг «Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги Болқи қишлоғида бир неча йиллардан буён фермерлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Ўктам Хонназаров томонидан янги «Болқи томорқа хизматлари» МЧЖ кластер корхонаси фаолиятини бошлади.

Ушбу корхона қиймати 6 миллиард 744 миллион сўмлик «йўл харитаси» ни ишлаб чиқди. Унга кўра, 2021 йилнинг ўзида асосан аҳолига сабзавот кўчатларини етиштириб беришга мўлжалланган 5 гектар майдонга қиймати 400 миллион сўмлик иссиқхона, қиймати 2 миллиард сўмлик 560 квадрат метрлик юк сақлаш омборхонаси, 175 миллион сўмга тенг 20 тонналик совутгичли омборхона, 120 миллион сўмлик 2 та уруғ, кўчат, минерал ўғит ва кимёвий воситалар сотиш дўкони, шунингдек, аҳолига ихчам иссиқхоналар қуриб бериш цехи, инкубатор, сунъий уруғлантириш маскани ҳамда сутни қабул қилиш пунктлари қуриб битказилди. Қолаверса, соатига 10 тонна омухта ем ишлаб чиқариш ускунаси, мини трактор, мотокультиватор ва дори пуркагичлар харид қилинди.

Корхонанинг ўз ҳисобидан 2 миллиард 800 миллион сўм ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Жамғарма томонидан 600 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи ажратилиб, Корея давлатида ишлаб чиқарилган йилига 10 минг тонна мева ва сабзавотларни қуритиш қувватига эга ускуна олиб келиб ўрнатилди.

Айни пайтда кластер корхонаси томонидан аҳолига томорқа деҳқончилиги ва чорвачилик йўналишларида ўндан ошиқ турда хизматлар кўрсатилмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?