Ишончномаларнинг амал қилиш муддати борми? — долзарб саволларга аниқ жавоблар берилди
АОКАда Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева иштирокида брифинг ўтказилди. Унда аҳолидан тушган муҳим саволларга жавоб қайтарилди.
Савол: Мен ҳам ҳимоя ордери олсам бўладими? Ҳимоя ордерини бериш учун қандай асослар бўлиши керак? Ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун қандай жавобгарлик чоралари мавжуд?
Жавоб: Ҳимоя ордери бу - тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат.
Ҳимоя ордерини бериш учун қуйидагилар acoc ҳисобланади:
— тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати;
— жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар;
— тазйиқ ёки зўравонлик содир этиши ёҳуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;
— давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар
— Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва унга нисбатан 223 минг сўмдан 669 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилади. Агарда сизга нисбатан росдан ҳам тазйиқ ёки зўравонлик ҳолатлари юз бераётган бўлса ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори мурожаат қилиш орқали ҳимоя ордери олишингиз мумкин.
Савол: Олий таълим муассасасида тўлов контракт шартномаси асосида ўқишга кирдим. Турмуш ўртоғим иш ҳақидан контракт тўловини амалга оширмоқчимиз. Иш ҳақидан контракт тўловини амалга оширилса, қандай имтиёз берилади?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 378-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртларида таълим олиш (ўзининг, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўловдан даромад солиғи (12%) ушланмайди.
Шунга кўра, турмуш ўртоғингизнинг ойлик иш ҳақидан даромад солиғи ундирилмайди.
Савол: Ишончномаларнинг амал қилиш муддати борми?
Жавоб: Амалдаги қонунчиликка кўра, ишончнома кўпи билан 3 йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб 1 йил мобайнида ўз кучини сақлайди.
Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий ҳисобланмайди.
Савол: Ҳам ишлаб, ҳам ўқияпман. Қандай имтиёз бор?
Жавоб: Меҳнат кодексининг 249-моддасига кўра, таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиб, ўқув режасини бажараётган ходимлар меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда иш жойидан ҳақ тўланадиган қўшимча таътилга чиқиш, қисқартирилган иш ҳафтаси шароитида ишлаш ва бошқа имтиёзлар олиш ҳуқуқига эгадирлар деб белгилаб қўйилган.
Савол: Ўғлим келиним билан ажрашган. Фарзандлар келиним билан. Набираларимни кўриш учун борганимда келиним набирамизни кўришга қаршилик килмокда. Ушбу ҳолат қонунийми?
Жавоб: Оила кодексининг 77-моддасига кўра бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар бола билан кўришиб туриш ҳуқуқига эга.
Ота-она (улардан бири) яқин қариндошларнинг бола билан кўришишига имконият бермасалар, васийлик ва ҳомийлик органи уларга имконият бериши мумкин. Мазкур ҳолатда, Сиз набираларнинг бувиси сифатида улар билан кўришиб туриш вақолатингиз мавжуд.
Сиз бола билан кўришиб туриш вақтини белгилаш ва тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклаш юзасидан судга даъво ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.
Савол: Яқинда умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаш жорий этилиши ҳақида ўтигандим. Шу ҳақида маълумот берсангиз.
Жавоб: Жорий йил 12 октябрь куни “Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра:
— 2020 йил 1 декабрдан босқичма-босқич бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар мажмуасидаги умумтаълим фанларидан билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими;
— 2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб тегишли умумтаълим фанини (чет тили бундан мустасно) билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган абитуриентга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда ОТМ бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл бериш тартиб жорий қилинади.
Умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаш қуйидаги муддатларда жорий этилади:
— 2020 йил 1 декабрда она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) ҳамда математика фанлари бўйича;
— 2021 йил 1 февралда кимё ва биология фанлари бўйича;
— 2022-2024 йилларда физика, география ва тарих фанлари бўйича.
Савол: Менинг 3 нафар вояга етган фарзандим бор. Ўзимга тегишли бўлган барча мол-мулкни фақат бир нафар фарзандимга васият қилиб қолдирмоқчиман. Мазкур ҳолат бўйича тушунтириш берсангиз.
Жавоб: Фуқаролик кодексининг 1120-моддасига асосан фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.
✔️ Мазкур модданинг 4-қисмида белгиланича васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Демак, Сиз ўз номингиздаги барча мол-мулкни хохлаган фарзандингизга васият қилиб қолдиришингиз мумкин.
Савол: Тошкент шаҳрида жойлашган кичик саноат зонаси ҳудудида жойлашган бинони ўз маблағларим ҳисобидан таъмирлаб фойдаланиб келмоқдаман. Эндиликда мазкур биноларни хусусийлаштиришим мумкинми?
Жавоб: “Кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига асосан реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлашни ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширган тақдирда, бироқ кичик саноат зонаси иштирокчиси мақомини олган кундан бошлаб камида 3 йил муддат ўтгандан кейин, бинолар ва иншоотлар (ёки уларнинг қисмлари)ни хусусийлаштириш мумкин.
Сиз ўз маблағингиз ҳисобига бинони таъмирлаб келаётган бўлсангиз, кичик саноат зонаси иштирокчиси мақомини олган вақтдан бошлаб 3 йил ўтгач мазкур бинони хусусийлаштиришингиз мумкин бўлади.
Савол: Мен ҳозир яшаб турган уй онамнинг номида. Ёлғиз онаман. Онам шу уйни менга ҳадя қилмоқчи. Бунинг учун қаерга мурожаат қилсам бўлади?
Жавоб: Уй-жой олди-сотди шартномасини тасдиқлаш учун ўзингизга қулай жойда бўлган исталган нотариал идорага мурожаат қилишингиз мумкин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг