Ишнинг кўзини билганга – томорқа хазина
Азалдан ота-боболаримиз куз фаслида ерга уруғ қадаб, турли экинларни етиштирган. Шу орқали аҳолининг сабзавотга бўлган талабини қондирган. Бошқа ҳосилдан бўшаган майдонларга совуққа чидамли сабзи, пиёз, саримсоқ, ош лавлаги, карам ҳамда кўкатлар экиб, ердан самарали фойдаланган. Тойлоқ туманида томорқалардан унумли фойдаланиб, оила фаровонлиги ва бозорларнинг тўкинлигига ҳисса қўшаётган миришкорлар кўп. Хусусан, Таллиота маҳалласи томорқачилик ва кўчатчиликда катта тажрибага эга. Бу ерда аҳолининг 85 фоизи томорқасидан йилига камида уч марта ҳосил олиб, миллионлаб даромад қилади. Олтмиш уч ёшли Саидамир Оқилов ҳам йигирма йилдан бери кўчатчилик билан шуғулланади. Ўн сотих томорқасида 5 та иссиқхона ташкил қилган. Йилига 200 миллион сўмдан ортиқ даромад олади.
– Иссиқхонамизда бир йилда тўрт марта экин экaмиз. Бир мавсумда 500 минг туп кўчат етиштириб, 200 миллион сўмдан ортиқ даромад оламиз, — дейди Саидамир Оқилов. — Жорий йилда брокколи карами кўчатларининг 30 минг тупини етиштириб, аҳоли томорқаларига етказдик. Беш нафар хотин-қизни иш билан таъминладик.

Саидамир ака жорий йилда далада 8 тоннадан ортиқ помидор маҳсулоти етиштирди. Кузги мавсумда эса 7,5 тонна турли рангли карам, гулкарам ва брокколи ҳамда 6 тоннадан зиёд узум экспорт қилди. Ҳозирда иссиқхонада янги кўчат экинлари бошланган. Унинг тажрибаси нафақат маҳаллада, балки бутун мамлакатда эътирофга сазовор. Жорий йилда Тошкент вилояти Бекобод туманида ўтказилган семинарда С. Оқилов рангли карам ва брокколининг энг самарали навлари кўргазмаси билан фаол иштирок этди.
Мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг томорқадан самарали фойдаланишини қўллаб-қувватлаш алоҳида эътиборга сазовор. Томорқа ҳар бир оиланинг даромад манбаи ҳамда фарзандларнинг меҳнатга, ҳалолликка ўрганиши учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Самарқандда аҳоли томорқаларидан ташқари 31 минг гектар боғ-ток ораси ва бўш турган майдонларга пиёз, саримсоқпиёз ва бошқа тўқсонбости экинларини экиб, маҳсулот етиштириш имконияти мавжуд. Дала четлари, каналлар ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофи ҳам қишлоқ хўжалигига йўналтирилиб, маҳсулот ҳажмини янада ошириш мумкин. Интенсив экин майдонлари ташкил этиш ва тўқсонбости экинлардан самарали фойдаланиш йил давомида бир неча бор ҳосил олиш имконини беради. Бу нафақат ички бозорни барқарор маҳсулот билан таъминлайди, балки мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширади. Бозорларимизда ушбу маҳсулотлар нархи асоссиз ошиб кетишининг олдини олади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг