“Электрон рецепт”: янги тизим соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни ҳал эта оладими?
Айни кунларда дорихоналар олдида тумонат одам йиғилиб, бақир-чақир қилаётганига ёки шифохоналар ва поликлиникалардаги шифокорлар қабули учун навбатлар сезиларли даражада ошганига кўпчилик гувоҳ бўлмоқда. Бу, бир томондан, кунлар совиб, аҳоли орасида шамоллаш ва мавсумий вирусли касалликлар кўпайгани билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, юртимизда жорий қилинган дори сотишнинг янги қоидалари сабаблидир.
Бугун одамлар орасида ҳамда ижтимоий тармоқларда “Электрон рецепт” тизимини жорий этиш масаласи фаол муҳокама қилинмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, янги тартибга кўра энди дориларни тегишли врач рецептисиз ололмайсиз. Рецепт билан олиш учун эса, аввало, шифокорга учрашимиз, DMED ягона электрон ахборот платформасида рўйхатдан ўтган бўлишимиз керак, бунга эса маълум вақт талаб қилинади. Муаммо шундаки, мазкур жараёнларни ҳали кўпчилик билмайди...
Ушбу масала бўйича аҳолининг хабардорлигини ошириш ва туғилаётган саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди. “Zoom” платформаси орқали ташкил қилинган анжуманда оммавий ахборот воситалари ходимларига “Электрон рецепт” тизими ва уни жорий этишдан кўзланган асосий мақсад ҳақида муҳим маълумотлар берилди.
“Электрон рецепт” қандай тизим?
— “Электрон рецепт” жаҳоннинг илғор мамлакатларида ўзини “оқлаган” самарали тизим бўлиб, кенг фойдаланиб келинмоқда, — дейди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбари Абдулла Азизов. — Бугунги кунда мазкур тизим мамлакатимизда ҳам босқичма-босқич жорий этиляпти. Бундан кўзланган асосий мақсад — даволаш хавфсизлигини ошириш ва беморлар саломатлигини ҳимоя қилиш, шифокорларнинг масъулиятини кучайтириш, дори воситаларини тайинлаш жараёнини тартибга солиш, соғлиқни сақлаш тизимида рақамли ҳисобга ўтиш, шунингдек, контрафакт ёки нотўғри қўлланилаётган дори воситалари айланмаси билан боғлиқ хавфларни камайтиришдан иборат.
Бугунги кунда юртимизда 11825 турдаги дори турлари рецепт асосида сотилмоқда. Уларнинг 7599 таси хорижда ишлаб чиқарилган.
Афсуски, ҳозирги пайтда юртимизга четдан дори воситаларини олиб кириш ва уларни сотиш бизнесга айланиб кетди. Бу фаолият билан шуғулланадиган компаниялар шифокорлар билан келишган ҳолда ишлаши ҳам сир эмас. Бунинг механизми оддий: сиз врач қабулига кирасиз, у эса фақат маълум дорихоналардагина топиладиган дорилар рўйхатини ёзиб беради. Бу “ноёб” дориларни нархи баланд бўлишига қарамай сотиб олмаслигингизнинг иложи йўқ. Бундай “тадбиркорлик” аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбарининг фикрича, ҳозирги кунда таркиби бир хил, аммо турли номлар билан юртимизга импорт қилинаётган дорилар кўп. Уларнинг аксарияти айнан Ўзбекистон бозори учун ишлаб чиқарилаётган бўлиб, бошқа мамлакатларда учрамайди. Хусусан, ҳозирда қарийб 7,6 мингта импорт дори воситасидан 4,9 мингтаси референт мамлакатларнинг нарх реестрида мавжуд эмас.
Янги тизим мамлакатимизга импорт қилинаётган дориларнинг референт нархларини шакллантиришда турли манипуляцияларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.
“Электрон рецепт” тизими ҳозирда Тошкент шаҳри ва норматив ҳужжатлар билан белгиланган 15 та туманда жорий этилмоқда. Тизимни бутун мамлакатимиз бўйлаб кенгайтириш 2026 йил охиригача босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган. Бу — натижаларни таҳлил қилиш, аниқланган ташкилий ва техник муаммоларни инобатга олган ҳолда амалга оширилади. Унинг механизмлари мунтазам такомиллаштириб борилади.
Хавотирлар қанчалик асосли?
Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасига қарашли жами 152 та давлат тиббиёт ташкилоти ва 1 496 та дорихонанинг барчаси тўлиқ “Электрон рецепт” тизимига уланган. Ҳозирча пойтахтдаги мавжуд 1 945 та хусусий тиббиёт ташкилотидан 796 таси (41 фоиз) ушбу тизимга интеграция қилинган.
Тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та ҳудудда (Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Чортоқ, Китоб, Хатирчи, Денов, Булунғур, Иштихон, Шовот, Чимбой, Қува, Сирдарё туманлари ҳамда Янгийўл, Самарқанд шаҳарлари) жами 383 та давлат тиббиёт ташкилоти ва 1 319 та дорихонанинг барчаси, мавжуд 858 та хусусий тиббиёт ташкилотидан 547 таси (64 фоиз) ушбу тизимга уланган.
Мазкур ҳудудлардаги қолган хусусий клиникалар эса рецепт ёзилмаслиги, фаолияти тўхтатилганлиги каби сабаблар билан тизимга уланмаган.
Хўш, янги тизим жорий қилинган ҳудудлардаги ҳамма шифокорлар рецепт ёзиш учун зарур ускуналар билан таъминланганми? Тизимни ишга туширишдан аввал уларнинг таклиф ва тавсиялари инобатга олинганми?
Вазирлик мутасаддиларига кўра, бунда хавотирларга ўрин йўқ. Тошкент шаҳар ва тажриба-синов лойиҳаси жорий қилинаётган 15 та туман (шаҳар)даги давлат тиббиёт муассасалари рецепт ёзиш учун зарур бўлган 9 турдаги ускуналар — ахборот-коммуникация технологиялари (моноблок, планшет, чек-принтер ва тармоқ қурилмалари) билан таъминланган.
Фавқулодда ҳолатларда, шунингдек, болаларга, кекса ёшдаги шахсларга ва сурункали касалликка чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатишда ҳеч ким зарур дори воситаларисиз қолмайди. Ушбу тоифадаги беморлар алоҳида назоратда бўлади.
Янги тизимни жорий қилиш даври мобайнида Соғлиқни сақлаш вазирлигида вазир раҳбарлигида доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳ ташкил этилган. Ушбу гуруҳ таркибига шифокорлар, дорихона ташкилотлари ва АКТ мутахассислари киради. Ишчи гуруҳ тизимнинг амалда қўлланилишини мунтазам мониторинг қилади, фуқаролар ва тиббиёт ходимларининг мурожаатларини кўриб чиқади, поликлиникаларга тушаётган юкламани, рақамли сервислар барқарорлигини ва дори воситаларини бериш тартибини таҳлил қилади. Зарур ҳолларда тезкор тарзда тегишли тузатишлар киритилади.
Шифокор рецептисиз бериладиган асосий ҳаётий муҳим дори воситаларининг базавий рўйхати шакллантирилган. Бундан мақсад — кундалик ва фавқулодда маиший ҳолатларда аҳолига тезкор тиббий ёрдам олиш имкониятини таъминлаш. Рўйхат халқаро амалиёт, шифокорлар тавсиялари ва ҳаётий ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ҳамда вазирликнинг расмий ахборот ресурсларида эълон қилинган. Бу жараёнда у амалий қўлланиш натижалари ва келиб тушаётган таклифлар асосида аниқлаштирилиши ва тўлдирилиши мумкин.
“Электрон рецепт” тизими доирасида вужудга келаётган мурожаатларни қабул қилиш учун “Телеграм”да @ssv_pilotbot ташкил этилди. Ушбу бот орқали ушбу тизим ва дори воситаларини бериш билан боғлиқ барча мурожаат устувор тартибда кўриб чиқилмоқда.
Дорилар рўйхати қайси мезонлар асосида шакллантирилган?
Дори воситаларини рецепт билан ёки рецептсиз берилиш тартибини белгилаш уларни давлат рўйхатидан ўтказиш даврида аниқланиб, тегишли йўналишдаги шифокор мутахассислар томонидан хулосалар расмийлаштириб тасдиқланади.
Бунда оригинал дори воситасининг қандай тартибда берилиши тасдиқланганлигига, ушбу дори воситаси ишлаб чиқарувчи давлатнинг тегишли органи томонидан қандай тартибда тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат берилганлигига, унинг фаол моддасининг дозаси, дори шакли ва қўлланиш усули ҳамда қадоқдаги сонига ҳам боғлиқ.
Шуни таъкидлаш жоизки, фаол моддалар, хусусан, парацетамол, ибупрофен сақловчи комбинирланган дорилар рецепт билан тиббиёт амалиётида қўлланилиши мумкин. Чунки ушбу дори моддаларининг бошқа фаол моддалар билан комбинациялари фармакологик хоссаларини кучайтириши, ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин.
Масалан, аскорбин кислотаси таблетка ва дражеси (думалоқ) рецептсиз, унинг инъекцион дори шакли эса рецепт билан берилади. “Парацетамол” ёки “Ибупрофен” таблеткалари, ёш болалар учун уларни сақлаган суспензиялар, сироплар, бел ва бўғимлардаги оғриқларда ишлатиладиган суртмалар ва геллар рецептсиз бериладиган дорилар қаторига киради. Бироқ 500 мг. дан ортиқ парацетамол, ибупрофен сақловчи мажмуавий дорилар рецепт билан сотилади.
Рецептсиз бериладиган дори воситалари ҳақида қаердан маълумот олса бўлади?
“Тошкент шаҳридаги айрим дорихоналарда рецептсиз сотиладиган дориларни харид қилишнинг имкони бўлмаяпти”, деган важлар ноўрин. Чунки “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, рецептсиз бериладиган дори воситалари ҳақидаги ахборот дори воситаларининг тиббиётда қўлланилишига доир йўриқномаларида ҳамда Тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника давлат реестрида жойлаштириб борилади.
Шунингдек, бундай ахборот ОАВ ва ихтисослаштирилган босма нашрларда ҳам берилиши мумкин.
Ҳозирга кунда 1846 турдаги рецептсиз бериладиган дори воситалари давлат рўйхатидан ўтказилган. Уларга, юқорида ҳам урғу берилганидек, шамоллашга қарши, иситмани тушириш, назал спрейлар, шамоллаш туфайли танадаги оғриқларни бартараф этиш учун ичиладиган бир компонентли дорилар, ёш болалар учун парацетамол ёки ибупрофен сақлаган суспензиялар, сироплар, бел ва бўғимлардаги оғриқларда ишлатиладиган суртмалар ва геллар киради. Бундан ташқари, аллергияга қарши, ич кетишида ва қабзиятда қўлланиладиган дорилар ҳам рецептсиз сотилади.
Рецептли ва рецептсиз сотиладиган дорилар, уларнинг референт нархлари ҳақида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг расмий веб-сайти — “uzpharmagency.uz”, шунингдек, махсус илова орқали маълумот олиш мумкин.
Яна бир жиҳат. Қувонарлиси, янги тизим асосида эндиликда беморларнинг дори воситаларидан пала-партиш фойдаланилиши ҳам тартибга солинади. Одамлар ўзига-ўзи ташхис қўйиб, дори харид қилолмайди ёки дорихона сотувчилари ўз билганича ёхуд муайян мақсадларни кўзлаб харидорларга ўзи хоҳлаган дорини таклиф этолмайди.
Албатта, тизимни такомиллаштириш борасида ҳали қилинадиган ишлар бор. Масалан, шифокор берган рецепт QR кодининг амал қилиш муддати 1 ой экани беморларга молиявий қийинчилик туғдириши мумкин. Чунки улар уч ой ичиши керак бўлган дориларни ҳам шу вақт ичида харид қилишга мажбур бўлади. Акс ҳолда яна шифокордан қайта рецепт ёздириб олиши, унинг қабули учун такрор пул тўлаши керак. Бу беморлардан ортиқча харажат талаб қилади. Анжуманда бу каби ҳолатлар ўрганиб чиқилиб, мақбул ечимлар ишлаб чиқилиши билдирилди.
Энг муҳими, “Электрон рецепт” тизими юртимизда даволаш хавфсизлиги билан зарур дори воситаларининг мавжудлиги ўртасида мувозанатни таъминлаш, шифокорларнинг ўз қарорларини фақат бемор манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилишига эришишда муҳим аҳамият касб этади.
Дилшод КАРИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг