Инсофингиз борми, боғча опа!
Халқимизда “Алдагани бола яхши” деган нақл бор. Бу боланинг беғубор, очиқ қалбига нисбатан қўлланилади, лекин у шу билан бирга ҳимоясиз ва заифлигини ҳам англатади. Кичкинтойлар ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишда энг заифдир. Шу ҳақиқат шу кунларда Фарғона шаҳридаги боғчаларда содир бўлган воқеада яна бир бор яққол кўринади.
Маълумки, ижтимоий тармоқларда Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши юз берганлиги юзасидан хабарлар тарқалмоқда.
Унда қайд этилишича, Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасига жорий йилнинг 21 февраль куни соат 19:00 дан бошлаб Фарғона шаҳар ҳудудида жойлашган 2-, 58- ва 61-сонли мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари тана ҳароратининг кўтарилиши, қоринда оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши, ич ўтиши белгилари орқали мурожаат билан келишган.
Беморларда қорин соҳасида оғриқ, ич кетиши, ҳароратнинг кўтарилиши, кўнгил айниши каби соғлиғида салбий ҳолатлар кузатилган. Шифохонада даволовчи шифокорлар томонидан беморлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, “Ўткир диарея касаллиги, алиментар этиологияли” ташхиси билан диарея бўлимига ётқизилган. Ҳозирда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 52 нафар ҳамда Фарғона шаҳар болалар кўп тармоқли шифохонасида 22 нафар беморлар стационар даволанмоқда.
– Бу ҳолат аниқлангач, зудлик билан вазият тўлиқ назоратга олинди,—дейди Фарғона шаҳар ҳокими Восилжон Назаров. — Шаҳар ҳокимлиги ва барча тегишли корхона-ташкилотлар масъуллари ўша кундан буён шифохонадамиз. Айни пайтда беморларга барча керакли ёрдам кўрсатилмоқда.
Фарғона шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими масъулларининг хабар беришича, ўтган вақт мобайнида бўлим мутахассислари томонидан ушбу боғчаларнинг ошхоналари ва Қувасой шаҳрида жойлашган овқат етказиб берувчи корхонада текширувлар ўтказилди. Ўз навбатида, болалар истеъмол қилган таомлардан лаборатория намуналари олиб ўрганилди. Белгиланган тартибга кўра, таҳлил натижалари эртага иш вақти якунига қадар аниқланади. Шунга қараб аниқ ташхис бўйича якуний хулосага келиш мумкин.
— Янги ва замонавий бинода жойлашган муассасамизда тозалик-санитария масаласида муаммо йўқ, — дейди Фарғона шаҳридаги “Машъал” МФЙда жойлашган 58-мактабгача таълим ташкилоти мудираси Нодира Артиқова. — Боғчамизда кетринг хизмати йўлга қўйилган. Шифокор ва ҳамширамиз ҳар куни Қувасой шаҳридаги корхонадан олиб келинадиган овқат, салат, ширинлик ва мева шарбатларини таҳлилдан ўтказгач, кейин болажонларга берилади. Аввал бу каби салбий ҳолат кузатилмаган. Ҳозирги кунда 150 нафар болажонларимизнинг 26 нафари шифохонага ётқизилган.
Шифохоналарда масъуллар билан бирга, ота-оналар, ҳатто нуроний ёшли бувилар ҳам хавотирда. Маълум бўлишича, бугун ҳам 2 нафар боғча тарбияланувчисининг ота-онаси ана шундай муаммо билан шифокорларга мурожаат қилган.
— Бу заҳарланиш эмас, ич кетиши билан боғлиқ касаллик деб ташхис қўйилмоқда, — дейди исм-шарифини сир тутган онахон. — Аммо биргина ана шу ҳолатнинг ўзи ҳам хавотирланиш, ташвишланишга арзийди. Биз боғчаларга кетринг тизими асосида овқат етказиб беришдан кўра, ҳар бир муассасанинг ўзида тайёрланиши тарафдоримиз. Замонавий ёндашув қулай ва самарали бўлиши мумкин, лекин сифат ва хавфсизлик масаласини масъуллар жиддий ўйлаб кўришлари зарур.
Халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгаши депутатлари мавжуд ҳолат юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга ҳаракат қилишмоқда.
—Бундай пайтда жамоатчилик назорати муҳим, — дейди халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгаши депутати Маннонхон Тиллахўжаев.—Бир гуруҳ депутатлар мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб бориб, масъуллар билан суҳбатлашяпмиз. Ишонамизки, ҳолат тўлиқ назоратга олинган.
Болаларнинг бегонаси бўлмайди. Шу сабабли бугун дарддан азоб кечиб, шифохонада мўлтираб ётган болажонларимиз тезроқ соғайиб кетиши учун барча салоҳият ва имкониятлар сафарбар этилган. Қолаверса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан мазкур ҳолат батафсил ўрганилиб, айбдорлар тегишли тартибда жазоланади, деган умиддамиз.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рамазон ва тиббий ёндашув: кимлар эҳтиёт бўлиши керак?
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг