Икки йиллик саргардонликдан сўнг тадбиркор елкасига шамол тегди

13:59 07 Ноябрь 2023 Жамият
169 0

Foto: Arxiv surat

Йўқотилган вақт ва асаббузарлик учун унга ким товон тўлайди?

Тадбиркор Ғайрат Жўраев раҳбарлигидаги “Навоий FSK” масъулияти чекланган жамияти 2021 йили солиқ идоралари томонидан каттагина миқдорда солиққа тортилди. Тадбиркор масъулияти чекланган жамияти ҳисоб-рақамидан ечиб олинган бу пулларни ғайриқонуний тарзда солиққа тортилган деб ҳисоблаб, вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилди.

Сабаби солиқ манбаи бўлган ўша “TEHNOTAK” тош майдалаш (шебен) заводининг бино-иншоотларини тадбиркор қўшни Самарқанд вилоятининг Нарпай туманидаги “Давлатбек Диёрбек Сервис” оилавий корхонасидан сотиб олган. Кейинчалик, Нарпай туман ҳокимлиги ҳузуридаги фойдаланилмаётган объектларни аниқлаш бўйича ишчи гуруҳ хулосасига кўра мазкур бино-иншоотларга нисбатан таъсирчан солиқ механизми қўлланилган. Яъни, ишчи гуруҳ бу иншоотни ноль қийматда кўрсатиб, гўёки фойдаланилмаётган объект деган хулосани тегишли идораларга тақдим этган. Аслида эса бу иншоот 2021йил 4 январь куни тузилган 3-ижара шартномасига асосан “NARPAY SHOXISLOMBEK” хусусий корхонасига ижарага берилган.

Хуллас, Нарпай туман ҳокимлиги ҳузуридаги ишчи гуруҳнинг биргина хулосаси туфайли Ғайрат Жўраев 872 миллион 835 000 сўм миқдоридаги ноқонуний солиқни қайтариш ниятида 2021 йилдан буён кирмаган идора, тақиллатмаган эшиги қолмаган, ҳисоб. Ҳаммасидан бир хил – судга мурожаат қилиши ёки жавобдан қониқмаса юқори идораларга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги хусусида жавоб келарди.

Тадбиркор судга ҳам мурожаат қилди. Хусусан, 2022 йилнинг июль август ойларида Ўзбекистон савдо саноат палатаси вилоят бошқармасининг унинг манфаатини кўзлаб қилган Самарқанд туманлараро маъмурий суди ва кейинчалик Самарқанд вилоят маъмурий судига қилган мурожаатларига рад жавобини олди.

— Нарпай туман ҳокимлиги ҳузуридаги ишчи гуруҳнинг берган хулосаси асоссиз эканлигига қўлимда ҳужжатлар бор эди, – дейди Ғ. Жўраев. — Шунинг учун охиригача бораман деб, Навоий вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилдим.

Мурожаат асосида адлия бошқармаси тадбиркор Ғайрат Жўраев манфаатига кўра судга даъво аризаси киритди. 2023 йилнинг 10 март кунида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати Нарпай туман ҳокимлиги ҳузуридаги ишчи гуруҳининг биз юқорида қайд этган хулосасини асоссиз, деб топди. Шундан сўнг адлия бошқармаси Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судига тадбиркордан ноқонуний ундирилган маблағни қайтариш учун даъво аризаси киритди.

Суд ишни видеоконференсалоқа режимида кўриб чиқиб, Каттақўрғон туманлараро иқтисодий суди адлия ҳимоясидаги тадбиркорнинг 872 миллион 835 000 сўм миқдоридаги солиққа тортилишини ноқонуний деб топди.

Адолат қарор топди, бироқ қонун барчага баробар бўлгани ҳолда икки йил мобайнида қуйи поғонадаги мутасаддилар уни нега юзага чиқариша олишмади, деган ҳақли савол туғилади. Буни шу муаммони ҳал этмасдан пайсалга солиб юрган идоралар раҳбарлари чуқурроқ ўйлаб кўришса, нур устига нур бўларди.

Шу ўринда яна бир гап: тадбиркорда 2 йиллик саргардонлиги учун товон ундириш ҳуқуқи ҳам бор. Аксарият тадбиркорлар ўзининг тинчини ўйлаб бу ишни қилмайди. Аслида ҳамма муаммо шу ишни қилмаслик туфайли келиб чиқаётганини ҳам унутмаслик керак.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?