Ички ишлар органларига ишга киритишни ваъда қилган «уддабуронлар» қўлга тушди

09:34 26 Май 2025 Жамият
156 0

Фуқароларни ички ишлар органларига ишга киритишни ваъда қилиб, катта миқдорда пул талаб қилган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда UzA хабар берди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар Адлия бошқармасида оддий алоқа оператори лавозимида ишлаб келган, 1992 йилда Урганч шаҳрида туғилган шахс Хонқа туманида яшовчи фуқарони ўзининг гўёки мансабдор танишлари орқали ички ишлар органларига ишга жойлаштиришни ваъда қилган. У лавозимнинг даражасига қараб нарх белгилаб, оддий аскар лавозимларига кириш учун 1500 АҚШ доллари, офицер лавозимларига эса 2000 АҚШ доллари талаб қилган.

Мазкур шахс Давлат хавфсизлик хизмати Хоразм вилояти бошқармаси томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида воситачи орқали 1900 АҚШ доллари ва 1 млн 295 минг сўм олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Қашқадарё вилоятида ўтказилган яна бир тезкор тадбир чоғида эса Миллий гвардиянинг Қўриқлаш бошқармаси Қарши шаҳар бўлимида фаолият юритувчи ходим Косон туманида яшовчи фуқарони вилоят Ички ишлар бошқармасига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 2000 АҚШ доллари олган. Бу ҳолат ҳам Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар ходимлари томонидан фош этилди.

Ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мутасадди органлар бу каби ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича ишларни қатъий давом эттирмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?