Ички бозор эҳтиёжи қондирилмаса, экспортга йўл йўқ!

17:51 16 Июнь 2025 Жамият
182 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». — Яқинда набирамнинг самокатида подшипниги тўкилиб бозорга тушдим, — дейди меҳнат фахрийси Толиббой Содиқов. — Тополмасам керак деб ўйлагандим. Дастлабки дўкондаёқ савдолашиб ҳам ўтирмай, сотувчи йигит айтган нархда олдим. Икки бармоғим орасида ғилдиратиб айлантирарканман, хаёлимдан бу савил Навоийда беш минг сўмга сотилаётган бўлса, Хитойнинг ўзида қанча тураркан, деган фикр ўтди. Рўзғоримиздаги чангютгичнинг фильтрини алмаштириш фурсати ҳам етганлиги эсимга тушиб, бошқа бир сотувчидан тўғри келмаса алмаштириш шарти билан ўн икки минг сўмга фильтрни ҳам харид қилдим. «Тозаси» йигирма беш минг сўм деди, униям 22 мингга берса керак. Савдо бароридан келиб йўл-йўлакай косиблар бозорини айландим. Бир дона супурги 25 мингдан 40 минг сўмгачалиги ҳайратга солди. Бу супурги Хитойга бориб қолса, қанчага сотиларкан?

Толиббой ака нафақагача Навоийдаги йирик саноат корхонасида пайвандчи бўлиб ишлаган. Бозор механизми, конюктураси ва муносабатлари каби замонавий ибораларни кўп ишлатмасада, подшипник ишлаб чиқариш супурги боғлашдан мураккаблигини яхши билади. Бизда супурги чангютгич фильтридан қимматлигини билса, улар бозорларимизни супургига кўмиб ташлашарди, дея суҳбатимизга якун ясади.

Ҳамсуҳбатимизнинг жайдари таҳлили иқтисодиётимизнинг бугунги аҳволини тўлақонли ифода этмаслиги мумкин, бироқ ҳақиқатдан йироқ эмас. Синчков назар солсангиз бугун истеъмол эҳтиёжларимизнинг ярмидан кўпи — соч тароғимиздан тортиб, пашшахонамизгача четдан келтирилаётганлиги юртдошларимиз кундалик ҳаётида гувоҳи бўлмоқда. Жорий йилда биргина Навоий вилояти 54 та давлатдан товар ва хизматлар импортини амалга оширганлигини тасдиқлайди. Бунда йирик ҳамкор давлатлар улуши ХХР 28,4 %, Россия 15,1 %, Қозоғистон 10,1 %, АҚШ 7,5 %, Буюк Британия 7,3 %, Туркия 6,4 % ва Япония 5,4 % жами импортнинг 80,5 % ни ташкил этади. Тўғри, улардан импорт қилинаётган барча маҳсулотларни маҳаллийлаштириш мушкул, бироқ уларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, бозорларда соғлом рақобатни юзага келтириш билан бирга янги иш ўринлари манбаи эканини унутмаслик лозим.

Мамлакатимиз Президенти жорий йилнинг 26 май куни маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда бугунги таҳликали ва ноаниқликларга тўла шароитда ҳар бир мамлакат аввало, энг кўп иш ўрини яратадиган соҳаларни ҳимоялаш чораларини кўраётганини таъкидлади. Миллий брендларни кўпайтириш, мавжудларини халқаро даражага олиб чиқиш бўйича янги тизим жорий қилинишининг устувор йўналишларини белгилаб берди. Чунончи, Савдо-саноат палатаси ҳар бир корхонага бориб, сертификат олишга кўмаклашса, қўшилган қийматни ҳам, экспортни ҳам ошириш мумкинлигини таъкидлаб бир қатор ҳудудлар, жумладан Навоий вилоятида халқаро сертификатга эга корхоналарни 20 тага етказиш вазифасини қўйди.

— Халқаро сертификатлар саноат ишлаб чиқаришида муҳим аҳамиятга эга, — дейди Навоий вилоят Савдо саноат палатаси раҳбари Дилшод Шакаров. — Чунки улар маҳсулотларнинг юқори сифати, ишлаб чиқаришнинг хавфсизлиги ва рақобатбардошлигини таъминлайди. Бозорда мижоз ишончини қозонишнинг энг устувор омили булар. Навоий вилояти корхоналари томонидан жорий йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 111,3 фоиз ўсиш суръатини ташкил этган. Бунда учта ҳудуд етакчилик қилиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 90 фоизга яқини Навоий шаҳри, Кармана, Қизилтепа туманлари ҳиссасига тўғри келади.

Навоий шаҳридаги «НАВПРОМЛИТМАШ» масъулияти чекланган шулардан бири бўлиб, корхонада ички бозор учун металл конструкциялар ишлаб чиқарилиши билан бирга ҳудуддаги йирик саноат корхоналар эҳтиёжи учун эҳтиёт ва бутловчи қисмлар тайёрлашни ҳам ўзлаштирилган.

— Вилоятимизда кончилик, металлургия, кимё, энергетика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш барқарор ривожланган, — дейди «НАВПРОМЛИТМАШ» МЧЖ раҳбари Иброҳим Файзиев. — Мазкур тармоқларда фаолият юритувчи йирик корхоналар яқин-яқингача ҳаво ва мой фильтрларини четдан импорт қилишарди. Эндиликда улар учун корхонамиз асосий етказиб берувчи ҳисобланади.

Корхонага хориждан келтирилган замонавий технологиялар «яшил» иқтисодиёт мезонларига тўла мос келади. Заводда маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини текширувчи синов лабораторияси фаолияти йўлга қўйилган. «НАВПРОМЛИТМАШ» МЧЖ фаолиятига бежиз тўхталмадик. Эсласангиз, мақоламиз аввалида чангютгич фильтрлари ҳақида ҳикоя қилгандик. Кимнингдир касаначилик ёки кооперация асосида маиший жиҳозлар учун фильтрлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши, арзимаган шу маҳсулотнинг бугун четдан кириб келиши ва валюта чиқиб кетиши барҳам бериб, жамиятда янги иш ўринлари яратилишини таъминларди. Мамлакатимиз ЖСТ расман аъзо бўлгач, рақобат янада жиддийлашиши инобатга олсак, бугун айни отни қамчилайдиган фурсат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер