Ичимлик суви бормаган жойларга сув борди

Сув – энг улуғ неъмат, тириклигимиз манбаи. Тоза ичимлик сув бор жойда касалликлар камаяди, ободлик, фаровонлик, тараққиёт бўлади. Узоқ йиллардан бери Самарқанд шаҳрининг Микрораён, Сўғдиёна ва Саттепо каби масканларидаги кўп қаватли уй-жойларда яшовчиларнинг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи юқори эди. Фақат эрталаб ва кечқурун соатбай режимда сув бериладиган ҳудудларда, ижтимоий соҳа объектларида сув муаммоси доим ҳақли эътирозларга сабаб бўларди.
Жорий йилда шаҳардаги шу ҳудудларни узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида эътирофга арзигулик ишлар амалга оширилди. Қирқ беш йилдан буён юқори қаватларга сув чиқмаслик ҳолатлари бартараф этилиб, мавжуд 20 та маҳалладаги 42 мингдан ортиқ аҳолининг ичимлик сув таъминоти соатбай режимидан 24 соатлик узлуксиз графикка ўтказилди.
– Буюк ипак йўли, Файзулла Хўжаев кўчалари кесишмасида Д-500 мм бўлган сув тармоғини “Микрораён А ва Б” насос станциясига борадиган Д-500 мм сув тармоғига улаш ҳамда Суғдиёна насос станциясидан чиққан Д-200 мм бўлган сув тармоғини Д-500 мм магистраль сув тармоғига улаш ишлари якунланди. Суғдиёна насос станциясида таъмирлаш, жиҳозларни янгилаш ишлари амалга оширилди, – дейди “Самарқанд сув таъминоти” АЖ раҳбари Толибжон Бобоев. – Эндиги режа Фарҳод шаҳарчасидаги 2 та маҳаллада жойлашган кўп қаватли уй-жойларда истиқомат қилувчи 1021 нафар аҳолининг ичимлик сув таъминотини узлуксиз режимга ўтказишдан иборат.
Бугунги кунда Самарқанддаги мавжуд жами 1126 та МФЙларнинг 1021 таси тўлиқ ва қисман ичимлик суви билан таъминланди. Аммо 105 тасига ичимлик суви муқобил тарзда етказиб берилмоқда. Вилоят аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида куз-қиш мавсумида тайёргарлик ишларида жами 28,3 километр ичимлик сув тармоқларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Бугунги кунда бу ишларнинг 90 фоиздан ортиғи бажарилганидан аҳоли ҳам миннатдор. Вилоятда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш шунингдек, ичимлик сув таъминотида юзага келадиган носозликларни бартараф этиш мақсадида жами 24 та авария бригадалар ташкил этилди. 109 та ишчи ходимлар ҳамда аварияни бартараф этиш учун 35 та махсус техникалар жалб қилинди.
– Узоқ йиллардан буён Суғдиёна масканида яшаймиз. Ҳудуддаги кўп қаватли уйларда соатбай режимида сув бериларди. Юқори қаватларга босим пастлиги сабаб сув чиқмасди, – дейди маҳалла фаоли Комила Омонова. – Аксарият хонадон эгалари сувни пастдан тортиб оладиган насослар, уйида захира сув сақлайдиган мосламалар ўрнатишга мажбур бўлишди. Эндиликда сув узлуксиз берилмоқда. Бу кунларни қанчалар кутгандик, қарийб ярим асрлик муаммоларимиз барҳам топганидан хурсандмиз.
Яширишдан на ҳожат, бугун мамлакатимизда сезиларли даражада сув танқислиги юзага келмоқда. Бу эса оқова сувлардан қайта ишлаган ҳолда қишлоқ хўжалигида фойдаланишни тақозо этади. Самарқанд шаҳридаги 2 та оқова сув тозалаш иншооти, 3 та оқова сув насос станцияси, 61 километр тармоқларда 2 босқичда 50 миллион АҚШ доллари маблағи эвазига қуриш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилди.
– Самарқанд шаҳар оқова сув тозалаш иншооти олтмиш йил олдин қурилган. Бир суткада ўртача 60-70 минг метр куб оқова сув қайта тозаланган. Янги лойиҳанинг ишга тушиши натижасида кунлик 140-145 минг метр куб оқовани қайта ишлашга эришилмоқда, – дея давом этади Т.Бобоев. – Бу лойиҳа Самарқанд шаҳрида канализация тизимида учраётган муаммоларни бартараф қилишга сабаб бўлди. Қайта тозалаш иншоотининг афзалликлари шундаки, барча қурилма ва линиялар компютерлашган, пулт орқали амалга оширилади. Иншоотдаги ҳавзалар марказлашган бошқарув хонасида компютерлар орқали назорат қилиб борилади. Агар ушбу тармоқларда носозликлар пайдо бўлса, тармоқ автоматик тартибда янги қўшимча линияларга ўзгартирилади.
Оқова сувларни тозалаш жараёнлари қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан мунтазам равишда мониторинг қилиб борилади. Иншоотга келиб тушадиган оқовалар биринчи галда механик тозалашдан ўтгандан кейин лаборатория ходимлари томонидан намуналар олинади. Кимёвий зарарсизлантирилиб қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун йўналтириладиган сувлар ҳам лабораторияда махсус текширувлардан ўтказилиб дарё ва каналларга қуйилади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг