Ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан парламент сўрови юборилади

Фото: Акмал Муҳаммадов, Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»
Ялпи мажлисда ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.
Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда ҳудудларда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ўтган 7 йил давомида соҳани тартибга солишга оид 150 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги ПҚ–454-сонли қарори билан тасдиқланган Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида жорий йил якунига қадар 1,6 трлн сўмлик 145 та ичимлик ва оқова сув объектида 803,4 км ичимлик ва 242,8 км оқова сув тармоқларини, 71 та ичимлик ва 26 та оқова сув иншоотларида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш белгиланган.
Шу билан бирга, сенаторлар ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, бош режа ва шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ ўз ечимини кутаётган айрим масалаларга ҳам эътибор қаратди.
Мажлисда Сенат аъзолари томонидан айрим ҳудудлардаги инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солишда соҳага оид қонун ҳужжатларига тўла риоя қилинмаслиги, ноқонуний, айниқса, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларда ўзбошимчалик билан амалга оширилаётган қурилишлар ва умумий фойдаланиш жойларини тўсиб олиш каби ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар талаб даражасида эмаслиги таъкидланди.
Бундан ташқари, техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилмаган, аниқ ҳисоб-китоби йўқ лойиҳаларга ташқи манбалардан маблағ жалб қилиш оқибатида халқаро молия институтлари маблағларидан бир йил ва ундан ортиқ муддатдан бери фойдаланилмасдан келинаётгани ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Муҳокама якунида ушбу ва бошқа бир қатор масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Сенатнинг Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Фото: Акмал Муҳаммадов, Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг