Ҳозирдан хотиржамликка берилиш ярамайди...

11:14 30 Май 2020 Сиёсат
1062 0

Дунё миқёсида коронавирус пандемиясига қарши жиддий кураш олиб борилаётганига қарамай, айрим жойларда касаллик ҳамон тарқалишда давом этмоқда. Жумладан, юртимизда ҳам COVID-19ни жиловлаш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилаётган бўлса-да, сўнгги кунларда инфекцияни юқтириш ҳолатлари сезиларли даражада ошгани, албатта, ҳаммамизни ташвишга солади.

Президентимиз куни кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, аксарият ҳудуд ва корхона раҳбарлари, фуқаролар карантин чораларининг юмшатилганини “касаллик тугади” деб, нотўғри қабул қилиши туфайли кейинги кунларда коронавирус билан касалланганлар сони республикамизда кўпайганлигини қайд этди. Бу ҳар биримизни ҳушёр торттириши керак.

Дарҳақиқат, ҳозир хотиржамликка берилиб бўлмайди. Аммо бозорлар, савдо комплекслари, банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик, бемалол ва хотиржам бўлиб, уйларда турли тадбирлар ўтказиш ҳолатлари кўпаётгани натижасида хавф яна бўй кўрсата бошлади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш қилаётган барча ҳаракатлар, бюджетдан олинаётган триллионлаб харажатлар натижадорлигини йўққа чиқариши мумкин.

Йиғилишда Юртбошимиз Олий Мажлис палаталари жойларда халқ депутатлари Кенгашлари билан бирга, пандемияга оид Президент қарорлари ва топшириқлари ижроси юзасидан парламент ва Кенгашларнинг таъсирчан назоратини йўлга қўйиш кутилган натижа бериши мумкинлигини қайд этди.

Шу ўринда айтиш керакки, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан жойларда пандемияга оид қарор ва топшириқлар ижроси юзасидан назорат ўрнатилган бўлиб, ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, буни янада кучайтиришимиз талаб этилади. Айни чоғда биз, сенаторлар олий вакиллик органи аъзолари сифатида, жойларда корхона ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан мазкур топшириқлар ижроси қандай бажарилаётганлигини доимий назоратга олишимиз, аҳоли ўртасида карантин қоидаларига риоя этиш бўйича тушунтириш ишларини изчил давом эттиришимиз лозим. Ҳозирдан хотиржамликка берилиш ярамайди.

Биргаликда ҳаракат қилсак, “кўринмас ёв”ни, албатта, жиловлаймиз.

Робахон МАҲМУДОВА,

Олий Мажлиси Сенатининг

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш

масалалари қўмитаси раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?