Ҳаётбахш ислоҳотларда жамоатчилик фаоллиги муҳим

19:51 28 Апрель 2023 Жамият
1174 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

2021 йилдан ҳаётга татбиқ этилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида халқимизнинг фаол иштирок этишини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Айни жараёнда кўп йиллик муҳим ҳаётий муаммолар бартараф этилиб, ҳудудлар ободлиги, турмуш фаровонлигини яхшилашда бевосита аҳолининг ўзи фаоллик кўрсатишига эришиляпти.

    Иқтисодиёт ва молия вазирлигида бўлиб ўтган “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали эълон қилинган “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2023 йил биринчи мавсуми ғолибларини тақдирлаш маросмида ушбу лойиҳа йилдан-йилга барчани муштарак мақсад йўлида бирлаштириш учун қулай тизим сифатида шаклланиб бораётгани эътироф этилди.

     2021-2022 йиллар давомида “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари учун давлат бюджетидан қарийб 3 трлн. сўм маблағ йўналтирилди. 5 минг 730 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, тўрт мингга яқин маҳалланинг ижтимоий муаммолари ҳал қилинди. Натижада 2,5 мингдан ортиқ мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари таъмирланди ва жиҳозланди. Қарийб 300 та маҳалланинг ичимлик суви таъминоти яхшиланган бўлса, 1500 га яқин кўчалар асфальтланди, йўллар тартибга келтирилди.

     “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг жорий йилги биринчи мавсумида деярли 56 мингта лойиҳадан 33 минг 700 таси овоз бериш жараёнига ўтказилиб, унда 16 млн. дан зиёд ҳамюртларимиз фаол қатнашди. Овоз бериш якунларига кўра, “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га йўналтирилган маблағлар доирасида умумий қиймати 1,5 трлн. сўм бўлган 1 минг 666 та (1 минг 419 та МФЙ) лойиҳа ғолиб бўлди.

      -Президентимизнинг 2023 йил 10 апрель кунги “Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, биринчи мавсумда икки мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 1 минг 309 та лойиҳа учун қўшимча равишда 1,3 трлн. сўм маблағ ажратилиши белгиланди,-дейди Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Анвар Каримов. – Шу тариқа якуний натижаларга кўра, умумий қиймати 2,8 трлн. сўмни ташкил этган 2 минг 997 та лойиҳа ғолиб сифатида эътироф этилди.

       Тадбирда лойиҳа ташаббускори бўлган фаол ҳамюртларимиз, маҳалла раислари, маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган ҳоким ёрдамчилари, ОАВ вакиллари қатнашиб, лойиҳани янада такомиллаштириш, жараёнда учраётган баъзи камчилик ва эътирозларга барҳам бериш бўйича ўз фикрлари ҳамда таклифларини билдиришди.

        Ғолибларга Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг эсдалик совғалари топширилди. 

  Зоҳиджон ҲАМИДУЛЛАЕВ, Фарғона вилояти:

         -Ўзбекистон туманида жойлашган “Ўқчи-туман” МФЙда истиқомат қиламан. “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг бу йилги биринчи мавсумида 12 минг 500 та овоз тўплаб, туман миқёсидаги 117 та ташаббус ичида учинчи ўринни эгалладик. Шу тариқа маҳалламизнинг 4 та кўчасидаги 3 км ички йўлларни асфальтлаштиришга киришилди.

           Маҳалла аҳлининг кўп йиллик орзулари ижобат бўлганидан беҳад мамнунмиз. Бунга ўзимизнинг фаол ҳаракатимиз орқали эришганимиз эса янада қувонарлидир.

 Алимардон ТУРДИЕВ, Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани, “Катта боғ” МФЙ бўйича ҳоким ёрдамчиси:

 -Муштарак мақсад йўлида маҳалладошларимиз жуда ҳам фаол. 2022 йили “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиб бўлиб, 2 км ички йўлларни асфальт қилиш, электр таъминотини яхшилаш учун 400 та эски симёғочларни таянч бетон устунларга алмаштиришга эришилди. 2023 йилги биринчи мавсумда пиёдалар йўлакчаси барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш учун 13 мингдан кўпроқ овоз йиғиб, ғолиб бўлишга муваффақ бўлдик.

 Бу борада ўринли ташаббусларни илгари суриш ва ҳимоя қилиш бўйича амалий тажрибага эга бўлиб бормоқдамиз.

                                             Ботир МАДИЁРОВ, (“Халқ сўзи”).

                                             Фото: Юнус Буриев, (“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер