«Ҳатто осмон ҳам чегара эмас»: Тошкентда «UniSat 3.0» лойиҳасининг натижаларини эълон қилиш ҳамда ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди
Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фармони билан ташкил этилган «Ўзбеккосмос» агентлигининг энг муҳим вазифаларидан бири ёшлар ўртасида муҳандислик ҳамда технологияларга бўлган қизиқишни уйғотиш, мамлакатда космик таълимни янада ривожлантириш ва бу борада халқаро ҳамкорликни кучайтириш ҳисобланади.
Шу йилнинг 4 октябрь куни «Ўзбеккосмос» агентлиги ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикасида «UniSat 3.0» лойиҳасини амалга оширди. Мазкур тадбирда 14 ёшдан 25 ёшгача бўлган 845 нафар қизлар ўзлари ясаган наносунъий йўлдошларни стратосферагача учиришди.
Бугун, 3 ноябрь куни UNICEF, Tech4Impact нодавлат ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги Ўзбекистонда биргаликда амалга оширилган UniSat дастурининг натижаларини эълон қилиш ва ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Жаҳон Иқтисодий Форумининг 2025 йилги «Иш ўринлари келажаги ҳисоботи»га кўра, рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятларини ошириш глобал меҳнат бозорини шакллантирувчи энг муҳим омиллардан биридир. Сунъий интеллект, катта ҳажмдаги маълумотлар ва умуман технология саводхонлиги каби технологик кўникмаларга, шунингдек қайта тикланадиган энергия манбалари ва эколог-муҳандисларига талаб ортиб бормоқда.
«Дунё миқёсида аёллар СТEМ соҳасидаги ишчи кучининг атиги 28 фоизини ва СТEМ битирувчиларининг 35 фоизини ташкил қилади. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 27 фоиздир. Шунинг учун UniSat дастури шунчаки сунъий йўлдош учиришдан кўра кўпроқ маънони англатади. Бу орзулар, келажакдаги карьералар ва Ўзбекистонда илм-фан ривожига қўшилган муҳим ҳиссалар учун старт майдонидир. UniSat дастури қизиқишни уйғотади, ўзига ишончни мустаҳкамлайди ва илгари эришиб бўлмайдиган имкониятларга эшикларни очади», — дейди UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижио.
Маълумот учун, UniSat дастури 2021 йилда бошланган бўлиб, мазкур лойиҳа орқали мамлакатимиз бўйлаб мингдан ортиқ қизлар фан, технология, муҳандислик ва математика (СТEМ) соҳаларида билим ва кўникмаларга эга бўлиш билан бир қаторда жамоавий иш, нотиқлик ва вақтни бошқариш кўникмаларини ҳам ривожлантиришга муваффақ бўлган. Ушбу дастурнинг 2025 йилдаги иштирокчиларининг 58,3 фоизини 15-17 ёшдаги қизлар ташкил қилган.
«Учинчи йилдирки, UniSat дастури нафақат қизларни нафақат космос, робототехника ва дастурлашни ўрганишга илҳомлантиради, балки уларга стратосферада ҳақиқий илмий тажрибалар ўтказиш имкониятини ҳам беради. Иштирокчиларимиз яратаётган лойиҳалар — биологик тадқиқотлардан тортиб атмосфера ифлосланишини ўрганишгача — юқори даражадаги билим ва ижодкорликни намойиш этади. Биз Ўзбекистондаги қизларнинг фан ва технологиялар соҳасида катта салоҳиятга эга эканлигини кўрмоқдамиз», — деди Tech4Impact нодавлат ташкилоти директори Саида Юсупова.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, UniSat дастури тарихида биринчи марта наносунъий йўлдошлар стратосферада 27 километр баландликка кўтарилди. Дастур иштирокчиси бўлган қизлар жорий йилда иккита «3U CubeSat» наносунъий йўлдошларини учиришди. Биологик хилма-хиллик бўйича мутахассислар билан биргаликда биологик тажрибалар ўтказиб, ҳарорат, босим ва нурланиш биологиc ўзгаришларга қандай таъсир қилишини кузатиб борди.
«UniSat лойиҳаси мамлакатимизда нафақат технологиялардан фойдалана оладиган, балки уларни ярата оладиган авлод ўсиб келаётганини кўрсатди. UniSat — бу нафақат сунъий йўлдошларни йиғиш ва учириш, балки биринчи навбатда Ўзбекистон қизлари учун космик соҳада ўз ўрнини ишонч билан эгаллайдиган янги воқеликни яратишдир», — дейди Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги директори ўринбосари Муҳиддин Ибрагимов.
Бугунги тақдирлаш маросимда UniSat дастурининг биринчи мавсум битирувчилари ўзларининг муваффақиятлари тўғрисида маъруза қилди. Шунингдек, хусусий сектор вакиллари Ўзбекистондаги қизлар учун СТEМ соҳасидаги карьерани ривожлантириш салоҳияти ҳақида тақдимот қилди. Мазкур тадбир барча «UniSat 3.0» дастури иштирокчилари ва финалчиларига сертификатлар топшириш билан якунланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Россия НАТОга ҳужум қилиш учун шай ҳолатда — Бундесвер генерали
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг