Гўшт импортини камайтириш имкони борми?

10:45 12 Март 2026 Жамият
287 0

Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонга жорий йилнинг дастлабки икки ойида 156,9 миллион долларлик гўшт импорт қилинган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб икки карра кўп демакдир. Импорт салмоғида мол гўшти 25 минг 870 тоннани, қўй гўшти 330 тоннани, товуқ гўшти 11 минг 230 тоннани ташкил этмоқда. Демак ички бозорнинг бу маҳсулотга бўлган талаби юқори, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эҳтиёжни тўлиқ қондира олмаяпти. Сабаб?.. Бу ҳақда чорвачилик масалалари бўйича халқаро эксперт Дилшод Юлдашев шундай деди:

-Сир эмас, бугун чорванинг асосий қисми аҳолининг қўлида. Шу боис етиштираётган маҳсулотнинг асосий қисми ҳам томорқачилар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бозорда ем қиммат, озуқа етиштириш учун ажратилган ерлар ҳам асосан фермерлар ихтиёрида. Одамлар ўз ихтиёридаги жониворларни қаерда боқади, қандай озиқлантиради, ана шу масала қишлоқдаги энг катта масаласига айланган. Шу боис кўпчилик қишлоқларда чорва бош сони ўтган йилларга нисбатан камайиб кетган. Бундан 15 йилча аввал жойларда ташкил этилган омухта ем шохобчалари аҳолига арзон нархда кучли озуқаларни етказиб берарди. Бу тизим йўқолгач, чорвадорлар мол бош сонини кескин камайтиришга мажбур бўлишди. Кўпчилик туманларда фермерларнинг ажратилган ерга нисбатан чорваси йўқ ё кам. Аксинча баъзи кишиларда чорва бош сони кўпу озуқа экинлари етиштириш учун учун ери йўқ. Бу адолатсизлик ҳам чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатмоқда. Кейинги йилларда давлатнинг кўмаги билан четдан наслли қўйлар, қорамоллар олиб келиняпти. Зотдор қорамолчиликни ривожлантиришга ҳаракат қилинмоқда, аммо бу бозорни тўкин бўлишига шароит яратадиган, гўшт таъминоти бўйича импортни камайтирадиган даражадаги чора эмас. Менимча, энг аввало озуқа етиштириш тизимини такомиллаштириш, аҳоли ихтиёридаги чорвани кучли озуқалар билан имтиёзли тарзда таъминлашни йўлга қўйиш керак. Акс ҳолда аччиқ бўлса-да айтай, дунёда турли можаролар авж олаётган бир пайтда шундоғам қимматлашиб бораётган чет эл озиқ -овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж, тўғрироғи қарамлик янада кучаяди.

Сотувчи ва истеъмолчиларнинг фикрига ҳам қулоқ тутинг:

-Кейинги бир йил ичида гўшт нархи бир ярим бараварга ошди, аммо пойтахтнинг марказий бозори ҳисобланган Чорсуда савдо ҳажми камайгани йўқ. Аксинча ортаяпти. Бу ерда бир кило мол гўштини 70 минг сўмга ҳам икки карра қимматига ҳам топса бўлади. Лекин маҳаллий гўштга талаб кучли, — дейди Чорсу деҳқон бозоридаги ВСЭЛ мудири Жаҳонгир Ялғашев.

- Катта бозорларга қаердан гўшт келади, албатта қишлоқдан. Шундай экан бутун эътиборни қишлоқда чорвани кўпайтиришни қаратиш лозим. Бизга ўхшаб шаҳар ичидаги кичик ҳовлисида уч-тўртта қўйни боқиб аҳён-аҳёнда бозорга гўшт чиқарадиган одамларнинг кучи билан тўкинликка эришиб бўлмайди-да, — дейди Қумариқ маҳалласида яшовчи томорқачи Баҳодир Усмонов.

- Арзоннинг оши татимас, деган гап бор. Бозорда чет элники, деб сотилаётган гўштларни ҳам олиб кўрдим. Таъми унчалик яхшимас, қозонга ташлагач, похолга ўхшаб қоляпти. Шу боис бироз қиммат бўлса-да, ўзимизникидан қўймасин. Менимча импорт учун сарфланаётган валютани тўғридан тўғри маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлашга йўналтирилса, жуда кўп муаммолар барҳам топади. Аввало бу истеъмолчи учун фойдали, — дейди Чилонзор туманида яшовчи ошпаз аёл Гулнора Ортиқова.

Расмий маълумотларга кўра, консерваланган гўшт маҳсулотлари импорти ҳам ўтган йилнинг январь -февралига нисбатан жорий йил икки ойида сезиларли даражада, яъни 1,72 миллион доллардан 4,57 миллион долларгача ошган. Дудланган ва тузланган гўшт, шунингдек, ғоз гўшти импорти биринчи марта қайд этилди. Шу икки ой ичида четдан Ўзбекистон бозорига 68 тоннадан ортиқ от гўшти олиб келинган. Буларнинг барчаси республикамиз аграр тармоғида, хусусан чорвачиликни тизимида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш зарурлигини яққол кўрсатмоқда.

Абдунаби АЛИҚУЛОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер