Гидроэнергетика: Ахборот тизимларини ягона мажмуа орқали назорат қилиш механизми яратилди

Бугунги кунда гидроэлектростанциялар (ГЭС) ҳамда сув омборлари ва улардаги гидротехника иншоотларининг хавфсиз ва барқарор ишлашини таъминлашда замонавий рақамли технологияларни жорий этиш, назорат-ўлчов қурилмаларидан олинаётган маълумотларни инсон омилисиз автоматик диагностика ва онлайн мониторинг қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу боис юртимизда биринчи марта гидротехника иншоотларининг хавфсиз ишлашини таъминлашга қаратилган ахборот тизимларининг ягона мажмуаси — Вазиятлар маркази ишга туширилди.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан ҳаётга татбиқ этилган ушбу марказ фаолиятини ташкил этиш, гидротехника иншоотларини рақамлаштириш жараёнларида соҳадаги илғор АҚШ, Канада, Буюк Британия, Швейцария, Италия, Словакия, Хитой каби давлатларнинг нуфузли компаниялари ижобий тажрибаси ўрганилди.
Эътиборлиси, марказ жойлардаги тизимларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаб, АЖ тасарруфидаги жами 6 та сув омбори ҳамда 80 тадан зиёд катта ва кичик ГЭСларни реал вақт режимида мукаммал кузатиш ҳамда таҳлил қилиш имкониятини яратди. Шунингдек, сув омборларининг фаолиятини хавфсиз йўлга қўйиш мақсадида барча турдаги назорат-ўлчов қурилмаларига замонавий датчиклар ўрнатилиб, маълумотларни онлайн тарзда юқори аниқликда узатиш, сув омборлари ҳолатини доимий мониторинг қилиш ҳамда ҳодисаларни автоматик қайд этишга эришилди. Бунда Италиянинг нуфузли “SISGEO” компаниясининг жами 1,5 мингга яқин илғор қурилма ва жиҳозлар (датчиклар) объектларга ўрнатилди.
— Яна бир муҳим жиҳат, амалга оширилган барча рақамлаштириш ва автоматлаштириш чора-тадбирлари асносида юртимизда биринчи маротаба маҳаллий мутахассисларни жалб этган ҳолда, сув омборлари учун “Хавфсизлик мезонлари” ишлаб чиқилди, — дейди “Гидротехника иншоотлари хавфсизлигини баҳолаш ва мониторингини юритиш” МЧЖ директори Шуҳрат Толипов. — Бунда сув омборини хавфсиз ишлатиш бўйича кўрсаткичлар белгиланди. Айни пайтда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқарувидаги сув омборларида тўлиқ автоматлаштирилган тизим яратилди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Германия Ер тадқиқотлари марказининг “Марказий Осиёда сув” лойиҳаси томонидан ҳудудда сув захираларини аниқлаш, узлуксиз космик кузатувларга асосланган сув захирасини мониторинг қилиш — “MODSNOW” дастури жорий этилди. Бу билан дастурий таъминотда сунъий йўлдошдан олинган фото ҳамда видеосуратлар ёрдамида математик ҳисобларни амалга ошириш орқали қор захирасини катта аниқлик билан ҳисоблаш имкони яратилди.
Тизимдаги барча ГЭС ва сув омборларида марказлашган IP-телефония тизими фойдаланишга топширилди. Замон талабидан келиб чиқиб, корхоналарда интеллектуал видеокузатув тизимлари барпо этилди. Барча тизим корхоналари мингдан ортиқ янги авлод камералари билан жиҳозланиб, Вазиятлар марказига маълумотлар тўғридан-тўғри онлайн узатиб борилиши таъминланди. Қолаверса, бирон-бир ахборот тизимида носозлик, техник узилиш юзага келса, уни Вазиятлар маркази орқали тезкорлик билан аниқлаб, бартараф этиш мумкин.
Раҳим ШЕРҚУЛОВ
(«Халқ сўзи»).
Давронбек ЭРНАЗАРОВ олган суратлар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг