Германия Гитлернинг қилмишлари учун полякларга товон тўлаб бермоқчи

13:56 02 Июль 2024 Дунё
328 0

POLITICO

Германия канцлери Олаф Шольц Варшавага ташрифи чоғида фашистлар жиноятидан омон қолган польшаликларга товон пули тўланишини эълон қилмоқчи.

Таъкидланишича, Германия тегишли тиббий суғуртага эга бўлмаган ва кексаликда қашшоқликни бошдан кечирган тирик қолган польшаликларга молиявий ёрдам кўрсатиш орқали Польша билан муносабатларни яхшиламоқчи.

Германия Христиан демократик иттифоқи бош котиби Пол Земяк бу маълумотни «Politico» нашрининг «Berlin Playbook» подкастида ўртоқлашди.

Шольцнинг Польшага ташрифи икки давлат ўртасидаги алоқаларни тиклаш йўлидаги муҳим қадамдир. Берлин ва Варшава ўртасидаги муносабатлар Қонун ва адолат (PiS) партияси бошчилигидаги собиқ Польша ҳукумати даврида ёмонлашганди.

PiS ҳукумати Германиядан уруш товонлари учун 1 триллион евродан ортиқ талаб қилган, бироқ Берлин урушдан кейинги келишувлар туфайли буни рад этганди. Бош вазир Дональд Туск бошчилигидаги Польшанинг амалдаги ҳукумати товон тўлаш талабларидан воз кечганини билдирган. Шунга қарамасдан, ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Польша халқининг азоб-уқубатларини қоплаш учун «ижобий ечим» топишга чақирганди.

Маълумотларга қараганда, Германия томонидан немис нацистлари берган зарар учун молиявий компенсация, Польшанинг шарқий мудофаасини қўллаб-қувватлаш ва ушбу давлатдаги фашистларнинг жиноятлари учун Берлинда ёдгорлик ўрнатилиши кутилмоқда.

Ушбу ташриф, шунингдек, 2018 йилдан бери Германия – Польша ҳукумати ўртасидаги биринчи йирик учрашув бўлиб, Шольц идорасидан 10 нафардан ортиқ вазирлар ҳам Варшавага боради.

Маълумот учун айтиш мумкинки, Иккинчи Жаҳон уруши айнан 1939 йил 1 сентябрда айнан Гитлернинг Польшага ҳужуми билан бошланган ва беш миллионга яқин полякларнинг қурбон бўлишига олиб келган эди.

Аввалроқ, «Гитлернинг энг буюк хатоси – «Барбаросса операцияси»: СССР ва Германия урушидан 20 та факт + 20 та эксклюзив расм» мақола орқали Германия ва иттифоқчиларининг СССРга бостириб кириши ҳақида мақола бергандик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?