«Ғазо ёнмоқда» — Исроил қуруқликдаги ҳужумини бошлади

15:08 17 Сентябр 2025 Дунё
205 0

Исроил халқаро танқид ва қоралашларга қарамай, сешанба куни Ғазо шаҳрига қуруқликдаги кенгайтирилган ҳужумини бошлаганини маълум қилди. Шу пайтда анклавдаги аҳоли оммавий равишда шаҳарни тарк эта бошлади.

Расмий маълумотларга кўра, узоқ кутилган босқин шаҳар четидан бошланган. Тел-Авив ҳарбийлари ўтган ҳафта ҳаво ҳужумларини кучайтириб, баланд минораларни вайрон қилган эди.

Исроил мудофаа вазири Исроил Кац сешанба куни «Ғазо ёнмоқда», деб ёзди. Унинг таъкидлашича, Исроил мудофаа кучлари террорчи инфратузилмаларга зарба бермоқда, гаровдагиларни озод қилиш ва ҲАМАСни мағлуб этиш учун ҳаракат қилмоқда. Бош вазир Биньямин Нетаньяҳу эса ҳужум билан урушнинг энг юқори босқичига қадам қўйилганини билдирди.

Босқин Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва қатор давлатлар томонидан кескин танқид қилинмоқда. Чунки у аллақачон даҳшатли гуманитар инқирозни кучайтираётган пайтга тўғри келди. БМТ маълумотича, Ғазонинг айрим ҳудудлари расман очарчилик остида. Исроил маълумотига кўра, шаҳарда яшовчи 1 миллионга яқин аҳолининг 40 фоизи эвакуация қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳужумлар натижасида фақатгина сешанба куни Ғазо шимолида камида 93 фаластинлик, анклав бўйлаб эса 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

CNN кадрларида Шайх Радван маҳалласидаги вайроналар орасида одамлар ўзи билан ётоқ-кароватини олиб, жанубга йўл олгани кўрсатилган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу охирги уч ой ичидаги энг кучли зарбалардир.

БМТнинг мустақил суриштирув комиссияси Исроил Ғазода геноцид содир этаётгани ҳақида хулоса берди. Исроил бу ҳисоботни ёлғон деб атаб, комиссияни бекор қилишни талаб қилди.

Айни пайтда, гуманитар ёрдам масаласи кескин бўлиб қолмоқда. АҚШ қўллаб-қувватлаётган Ғазо Гуманитар Жамғармаси 16 та муассасани бошқариши керак эди, аммо ҳозирда уларнинг ярмига яқини очиқ. Бу эса аҳолини озиқ-овқат ва ёрдам излаб соатлаб йўл юришга мажбур қилмоқда.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича котиби Волкер Турк халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг Ғазога киришини тўхтатишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, бу қирғин дарҳол тўхташи шарт.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ғазо шаҳрида 45 минг бола очарчилик ва жароҳатлар гирдобида қолган.

АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Қуддусга ташрифи ҳам айнан Исроил янги ҳужум бошлаган пайтга тўғри келди. У ҲАМАСдан гаровда қолган 48 нафар шахсни озод қилишни талаб қилди, аммо бундай натижага ишончи йўқлигини ҳам тан олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер