Гарвард университетига хорижий талабаларни қабул қилиш тақиқланди — «The Economic Times»

АҚШ ҳукумати федерал талабларга риоя қилмаётгани учун Гарвард университетига хорижий талабаларни қабул қилиш имкониятини бекор қилди. Бу ҳақида «The Economic Times» нашри хабар берди.
Унда айтилишича, мазкур қарор Гарвард университетида таҳсил олаётган 6 минг 800 нафар талабанинг кейинги фаолиятига таъсир қилади. Сабаби энди улар ўз ўқишини кўчиришга мажбур бўлиши мумкин.
АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм Трамп маъмуриятининг Гарвард университетига хорижлик талабаларни қабул қилишни тақиқлаш тўғрисидаги қарорини университетнинг яҳудий талабалар учун хавфсиз муҳитни таъминлай олмаётгани ва тенглик сиёсати тўғри йўлга қўйилмагани билан изоҳлаган.
Маълумки, АҚШ миллий хавфсизлик департаменти мамлакатга келадиган чет эллик талабаларга бериладиган визалар ҳамда зарур бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш имконини берувчи «Талабалар алмашинуви» дастурини бошқаради. Бир неча кун олдин ушбу департамент Гарвард университетини мазкур дастурдан чиқариб ташлаганини маълум қилган.
Эндиликда Гарвард университети хорижлик талабалар учун зарур бўладиган ҳужжатларни тақдим эта олмайди. Бу эса университетнинг чет эллик талабаларни рўйхатга олиш қобилиятига тўғридан-тўғри таъсир ўтказади.
Гарвард университети вакилининг таъкидлашича, Трамп маъмуриятининг ушбу ҳаракати қонунга зид бўлиб, таълим муассасаси билан бўлган зиддиятлар учун қасос олишга ўхшаб туйиляпти. Ҳозирда университет расмийлари ўз талабаларига йўл-йўриқ кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш учун барча ҳаракатларни бошлаб юборган, деб қўшимча қилади у.
Кўплаб нуфузли нашрлар, Гарвард университетига қўлланилган ушбу тақиқ биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмаслигини таъкидламоқда. Сабаби АҚШ ҳукумати яна 60 га яқин олий таълим муассасаларини «сўл-либерал мафкурани тарғиб қилиш»да айбламоқда ва эндиликда уларга ҳам Гарвард университетига қўлланилган чекловлар татбиқ қилиниши эҳтимоли бор.
Эслатиб ўтамиз, Трамп маъмурияти жорий йилнинг апрель ойида Гарвард университетига ажратилган федерал грантларни бекор қилган эди. Ушбу грантларни қайта тиклаш учун университетдан АҚШ қадриятлари ва жамиятига душманона муносабатда бўлган хорижликларни ўқишга қабул қилмаслик тизимини ишлаб чиқиш талаб қилинган.
Маълумот учун, ҳозирда Гарвард университетида 140 та давлатдан ташриф буюрган 7 минг нафарга яқин хорижлик талаба таҳсил олмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг