“Галатасарой”дан сенсацион ғалаба, “Бавария” рақибини аяб ўтирмади

10:46 11 Март 2026 Спорт
336 0

Кеча, 10 март куни Европа чемпионлар лигаси мусобақасининг ним чорак финал босқичи ўйинлари старт олди. Кун доирасидан ўрин олган дастлабки баҳсда Туркия чемпиони “Галатасарой” жамоаси ўз майдонида “Ливерпуль”ни қабул қилди.

Қизиғи, ушбу жамоалар 2025 йилнинг 1 октябрь санасида мусобақанинг гуруҳ босқичида ҳам тўқнаш келишган ва ушбу ўйинда “турклар” Виктор Осимхен томонидан киритилган гол эвазига ғалаба қозонишган эди. Бу сафар ҳам шундай бўлди.

Яъни баҳс “Галатасарой”нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйинда киритилган ягона голга Марио Лемина муаллифлик қилди. Қўшимча маълумот ўрнида ушбу футболчи 27–30 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган “FIFA Series” турнирида иштирок этиши кутилмоқда.

Ушбу босқич доирасида “Бавария” жамоаси “Аталанта” билан бирга тушганида кўпчилик бу жуфтликда фаворит аниқ экани ҳақида ёзганди. “Бавария“ меҳмондаги ўйиннинг ўзидаёқ бу гаплар 100 фоизга тўғри эканини исботлади.

Ўйинда ҳисоб 12-дақиқада Йосип Станишич томонидан очилди. Биринчи бўлим якунига қадар Майкл Олисе ва Серж Гнабри ҳам ўз ҳисобига биттадан гол ёздириб қўйди.

Иккинчи бўлимнинг 52-дақиқасида Николас Жексон жамоасининг тўртинчи голини киритди. 64-дақиқада Майкл Олисе дублга эришди. Орадан 4 дақиқа ўтиб Жамал Мусиала жамоасининг ўйиндаги сўнгги голини киритди.

Иккинчи бўлимга ҳакам томонидан қўшиб берилган учинчи дақиқада Марио Пашалич “Аталанта”нинг ягона жавоб голини киритди. Шу тариқа ўйин “мюнхенликлар“нинг 1:6 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Мадриднинг “Атлетико“ клуби ушбу босқичда “Тоттенҳэм” билан жуфтлик ҳосил қилди. Кўпчилик томонидан ушбу жамоалар дуэлида “матрасчилар“ кичик устунликка эга бўлиши айтилганди. Аммо “Атлетико“ бир йўла 3 та тўп фарқи билан ғалаба қозонди.

Учрашувда ҳисоб олтинчи дақиқада Маркос Льоренте томонидан очилди. 14-дақиқада Антуан Гризман жамоасининг иккинчи голини киритди. 15-дақиқада Хулиан Альварес ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди. 22-дақиқада эса Робин Ле Норманд “Тоттенҳэм” дарвозасини тўртинчи бор ишғол этди.

Орадан 4 дақиқа ўтиб “Тоттенҳэм” футболчиси Педро Порро жамоасининг биринчи жавоб голини киритди. Биринчи бўлим 4:1 ҳисобида якунланди.

55-дақиқада Хулиан Альварес дублга эришди. 76-дақиқада Доминик Соланке ўйиндаги сўнгги голни киритди. Шу тариқа ўйин 5:2 ҳисобида мезбонларнинг ғалабаси билан якунланди.

“Барселона” жамоаси ушбу босқичда “Ньюкасл” билан жуфтлик ҳосил қилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу жамоалар мусобақанинг гуруҳ босқичида ҳам ўзаро тўқнаш келишган ва Маркус Рэшфорднинг феноменал ўйини эвазига “каталонияликлар” ушбу баҳсда ғалаба қозонишган эди. Бу гал эса Ханс Флик шогирдлари сўнгги дақиқада мағлубиятдан қутулиб қолишди.

Ўйинда ҳисоб 86-дақиқада Харви Барнс томонидан очилди. 90+6 дақиқада бош ҳакам “қарғалар” дарвозаси томон пенальти белгилади. 11 метрлик жарима тўпидан Ламин Ямал унумли фойдаланди ва жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

Маълумот учун, Европа чемпионлар лигаси ним чорак финал босқичи ўйинлари бугун ҳам давом эттирилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер