Фуқаролик жамиятининг янги босқичи: 2030 йилгача мўлжалланган Концепция жамоатчилик муҳокамасида
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда. “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида «Ўзбекистон Республикасида фуқаролик жамиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш Концепцияси» лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.
Тадбирда давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Онлайн форматида ҳам иштирок таъминланиб, мамлакатнинг турли ҳудудларидан 180 нафарга яқин ННТ вакиллари мулоқотга қўшилди. Муҳокамани марказ ижрочи директори Элдор Туляков очиб берди ва олиб борди.
Муҳокама давомида Концепция лойиҳаси кенг жамоатчилик фикрини ўрганган ҳолда такомиллаштирилиши таъкидланди.
Тадбир спикери сўзларига кўра, ушбу ҳужжат мамлакатда давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилади.
“Концепция “Очиқ давлат – фаол фуқаро” тамойили асосида амалга оширилади. Бу жараёнда ННТлар жамият манфаатларини ифода этиш, ижтимоий ташаббусларни илгари суриш ва аҳоли фикрининг давлат қарорларида акс этишини таъминлашда муҳим ўрин тутади”, — дейди Элдор Туляков.
Тадбирда жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ривожлантириш, ННТларнинг давлат бошқарувида фаол иштирокини таъминлаш, молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш, давлат грантлари тизимини такомиллаштириш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Фуқаролик жамияти институтларининг роли кучайиб бораётган айни пайтда, муҳокама жараёни ННТлар фаолиятидаги муаммо ва эҳтиёжларни аниқлашга ҳам хизмат қилди.
Амалий таклиф ва механизмлар ишлаб чиқиш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, давлат ва жамият мулоқотини кучайтириш – муҳокаманинг асосий йўналишларидан бўлди.
“Ватандошлар” жамоат фонди бўлим бошлиғи Акмал Шофайзиев ўз таклифида хориждаги ватандош олимлар ва соҳавий мутахассисларни, экспертларни жараёнга кенг жалб этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.
“Муҳим ислоҳотларни амалга оширишда хориждаги ватандошларимиз, айниқса, малакали экспертларни жалб этиш катта натижа беради. Улар соҳалар бўйича халқаро тажрибани олиб киришда муҳим кучга эга,” – дейди Акмал Шофайзиев.
Тадбирда “Шарқ аёли” халқаро аёллар жамоат фонди раиси Саодат Турсунбаева томонидан 12 йўналишдан иборат таклифлар тақдим этилди. У айниқса олис ҳудудларда фаолият юритаётган аёллар ННТларини қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.
“Аёллар фаолиятини кучайтириш учун грант ва субсидия дастурларини жорий этиш, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, авлодлар мулоқотини мустаҳкамлаш муҳим. Шу билан бирга, лойиҳаларни бошқаришда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш долзарб масала”, – дейди Саодат Турсунбаева.
Унинг фикрлари муҳокамага инновацион ёндашув киритиб, ННТлар фаолиятини замонавий технологиялар билан уйғун ривожлантириш имконини очиб берди.
Йиғилиш давомида ННТлар билдирган таклифлар тизимли тарзда ўрганилиб, Концепция лойиҳасини янада такомиллаштириш учун асос сифатида хизмат қилади. Шунингдек, муҳокама давлат органлари ва фуқаролик институтлари ўртасида самарали мулоқот платформасини яратиш, ННТларнинг роли, вазифалари ва масъулиятини аниқ белгилаш, амалга ошириш жараёнида шаффофлик ва ҳисобдорлик таомилларини жорий этиш, Концепциянинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини баҳолашга қаратилган амалий механизмлар ишлаб чиқиш каби муҳим вазифаларни қамраб олди.
Ўтказилган жамоатчилик муҳокамаси нафақат Концепция лойиҳасининг мазмун-моҳиятини бойитди, балки фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлади.
Шубҳасиз, мазкур тадбир мамлакатимизда демократия, жамоатчилик иштирокини кучайтириш ва давлат-жамият ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Улуғбек Рўзиматов, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг