Фуқаролик жамияти ривожи Ўзбекистон тажрибаси халқаро даражада эътироф топмоқда

12:34 04 Декабрь 2025 Сиёсат
128 0

2025 йилнинг 1 декабрь куни пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида «Фуқаролик жамияти ҳафталиги»га старт берилган эди.

Бугун, 3 декабрь куни ҳафталик доирасида «Фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари» мавзусидаги Миллий маъруза тақдимотига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ташаббуси билан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, «Юксалиш» ҳаракати, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Маҳаллалар уюшмаси ва Миллий медиа бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Янги Ўзбекистон ривожланиши босқичида илк бор тайёрланган ушбу маъруза мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг чуқур таҳлили сифатида эътироф этилди.

Миллий маърузанинг асосий мақсади – Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар натижасида шаклланган фуқаролик жамиятининг бугунги қиёфасини холис баҳолаш, эришилган ютуқлар, замонавий чақириқлар ва истиқболдаги стратегик йўналишларни белгилашдан иборат.

Миллий маърузада фуқаролик жамияти институтлари (ФЖИ)нинг ривожланиш динамикаси ва тенденциялари, уларнинг самарали фаолияти учун яратилган ҳуқуқий ва институционал шароитлар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардаги иштироки каби муҳим масалалар таҳлил қилинган.

Тадбирда ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган мазкур ҳафталик ФЖИ фаолиятини ривожлантириш соҳасида амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш ва ушбу йўналишдаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун мулоқот майдони вазифасини ўтаётгани эътироф этилди.

Тадбирда таъкидланишича, сўнгги йилларда қабул қилинган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш соҳасида бутунлай янги босқич бошланишига асос бўлди.

Хусусан, янги таҳрирдаги Конституция ФЖИ мақомини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиб, унда илк бор «Фуқаролик жамияти институтлари» деб номланган махсус XIII боб киритилиши тарихий воқелик бўлди.

Конституцияда фуқаролик жамияти институтлари тизими аниқ таснифланиб, уларга жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳалла) ҳамда оммавий ахборот воситалари киритилди.

Бугунги кунда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини тартибга солишга йўналтирилган 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амал қилмоқда. Жумладан, 2021 йил «2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» тасдиқланиб, Концепция соҳадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди, мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг яқин ва ўрта муддатли истиқболларини белгилади.

Шунингдек, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида фуқаролик жамияти институтларини ислоҳотларга кенг жалб қилиш, Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантириш мақсади белгиланди.

Яна бир муҳим ўзгариш. 2024 йил 26 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан соҳада муҳим институционал ўзгаришлар амалга оширилди.

Хусусан, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.

Фуқаролик жамияти институтларига давлат гранти, субсидия

ва ижтимоий буюртмаларни ажратиш шаффофлигини таъминлаш мақсадида барча босқичларни қамраб олувчи ва инсон омилини кескин камайтирувчи ягона электрон платформа ишга туширилди.

2025 йилда фуқаролик жамияти институтлари муҳим ташаббус ва лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 триллион 200 миллиард сўм маблағ жалб қилинди.

Шунингдек, ЎзННТМА раисига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари мажлисларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакили сифатида иштирок этиш ҳуқуқи берилди.

Кўрсатилаётган юксак эътибор ва қўллаб-қувватлаш натижасида бугун Ўзбекистонда 9 627 та ННТ, 9 008 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, 2 490 та оммавий ахборот воситалари ҳамда 3 000 га яқин турли жамоат тузилмалари фаолият юритмоқда. Уларда 150 мингдан ортиқ шахслар меҳнат қилмоқда.

Бундан ташқари, мамлакатимизнинг фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасидаги тажрибаси ва қадриятлари халқаро эътирофларга сазовор бўлмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг «маҳалла тизими»ни ислоҳ қилиш бўйича ноёб тажрибаси халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.

БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида «Маҳалла — ижтимоий бошқарувнинг самарали модели» сифатида эътироф этилиб, Марказий Осиё ва бошқа ривожланаётган давлатлар томонидан намуна сифатида ўрганилмоқда.

Таъкидлаш зарурки, мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган изланиш ва ҳаракатлар давом этмоқда. Эришилган натижалар кейинги мақсадларнинг муқаддимасига айланмоқда.

Буни бугун бўлиб ўтган давра суҳбати мисолида ҳам кўриш мумкин. Унда иштирокчилар фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ННТлар фаолиятига оид ахборот таъминотини кенгайтириш, кадрлар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш каби масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

Шунингдек, ННТларнинг ижтимоий инновациялар ва грант менежментидаги рақобатбардошлигини, жамоатчилик кенгашлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ижтимоий шерикликни ривожлантириш масалаларига оид қатор таклифлар илгари сурилди.

Давра суҳбатида иштирок этган Бельгиялик мутахассис, «Diplomatic World» институтининг лойиҳалар директори Алберто Туркстра қисқа вақт ичида Ўзбекистонда фуқаролик жамияти соҳасидаги илдам одимлар, ислоҳотлар амалда ўз самарасини яққол намоён этаётганини таъкидлади.

– Ўзбекистон бу йўлда ЕИ ва бошқа мамлакатларнинг илғор тажрибаларини ўрганди, аммо уни кўр-кўрона кўчириб олмади. Ислоҳотлар миллий давлатчилик анъаналари, менталитет ва маҳаллий эҳтиёжлардан келиб чиқиб мослаштирилгани уларнинг ҳаётийлигини таъминлади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Брюсселда имзолаган ҳужжатларида ҳам фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, жамоатчилик иштироки ва институционал ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган янги вазифаларни ўз ичига олган. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликка очиқлиги ва демократик ислоҳотларга садоқатини тасдиқлайди, – деди Алберто Туркстра.

Қизғин мунозараларга бой бўлган давра суҳбати мисолида, фуқаролик жамияти ҳафталиги – янги ташаббус ва лойиҳалар тақдимотлари учун очиқ майдон вазифасини ўтамоқда деб айтиш мумкин. Ушбу майдон янги ғояларга, ҳамкорлик ришталарига, инновацион лойиҳаларнинг ишга тушишига хизмат қилмоқда.

Давра суҳбати якунида «Фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари» тўғрисидаги Миллий маърузанинг фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича аниқ таклиф ва хулосалари кенг жамоатчиликка етказилиши қайд этилди.

Абдумуталлиб ЎКТАМОВ,

журналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер